
Тартибга солинётган бўлиб тўлаш, кутилаётган қор ва капитал бозоридаги муаммолар — 14 январ дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистон капитал бозори: 284 трлн сўм капитализация, аммо реал савдо атиги 4 трлн сўм
2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон акциялар бозори капитализацияси рекорд даражадаги 284,6 трлн сўмга етган бўлса-да, бозорнинг реал фаоллиги пастлигича қолмоқда. Бозорда эркин айланмадаги акциялар улуши (free float) атиги 1,4 фоизни (4,04 трлн сўм) ташкил этади, ваҳоланки халқаро меъёрлар бўйича бу кўрсаткич камида 15–25 фоиз бўлиши лозим. Бундай структуравий номутаносиблик йирик инвесторларнинг бозорга киришини қийинлаштиради ва акциялар нархининг бозор талаб-таклифи асосида эмас, балки алоҳида кичик битимлар таъсирида шаклланишига сабаб бўлади.
Ҳозирги вақтда фонд бозоридаги асосий фаоллик акциялар эмас, балки корпоратив облигациялар (қарз инструментлари) ҳисобига таъминланмоқда. Давлат ва стратегик акциядорларнинг улуши юқорилиги ҳамда институционал инвесторларнинг камлиги сабабли акциялар бозори ликвидлик танқислигига учрамоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, очиқ савдога чиқариладиган акциялар улуши кескин оширилмас экан, капитал бозори рақамларда ўсишда давом этса-да, реал иқтисодий драйверга айлана олмайди.
Ўзбекистонда «муддатли тўлов» алоҳида қонун билан тартибга солинади — Марказий банк
Марказий банк аҳолининг ортиқча қарздорликка ботиб қолишининг олдини олиш мақсадида "муддатли тўлов" тизимини босқичма-босқич ҳуқуқий тартибга солишни бошлади. Лойиҳага кўра, эндиликда бундай хизмат кўрсатувчи компаниялар мижозлар ҳақидаги маълумотларни Кредит бюроларига мажбурий тақдим этишлари шарт. Биринчи босқичда ягона стандартлар жорий этилган бўлса, кейинги қадамда махсус қонун қабул қилиниши ва соҳа иштирокчилари учун қатъий талаблар белгиланиши кутилмоқда.
Янги тартибга кўра, бўлиб-бўлиб тўлов тақдим этувчи ташкилотлар мижозга хизмат кўрсатишдан олдин унинг умумий қарз юкини ҳисоблаши ва белгиланган лимитларга амал қилиши шарт бўлади. Бу тизим уй хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш ва назоратсиз қарз кўпайишининг олдини олишга хизмат қилади. Марказий банк ушбу жараённи бозор иштирокчиларига зарар етказмаслик учун эҳтиёткорлик билан, босқичма-босқич амалга оширишни режалаштирган.
ТИВ Эрондаги ўзбекистонликларга мурожаат қилди
Эронда икки ҳафтадан буён давом этаётган кенг кўламли аксилҳукумат намойишлари ортидан Ўзбекистоннинг Теҳрондаги элчихонаси ватандошларга зудлик билан мурожаат йўллади. Сўнгги маълумотларга кўра, тўқнашувлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 2000 кишига етган. ТИВ вазиятни диққат билан кузатаётганини ва ҳозирча жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар қайд этилмаганини маълум қилиб, фуқароларни одамлар гавжум жойлардан узоқ бўлишга ва намойишларда қатнашмасликка чақирди.
Геосиёсий вазият кескинлашуви фонида АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан иқтисодий алоқада бўлган давлатларга нисбатан 25 фоизлик бож жорий этилишини эълон қилди. Бунинг ортидан Brent русумли нефть нархи сўнгги икки ойдаги максимал даражага кўтарилди. Эрондаги ватандошлар зарур ҳолларда Теҳрондаги элчихонанинг тезкор алоқа рақамлари (+982122299780, +982122832025) орқали ёрдам олишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.
Эртага айрим ҳудудларда қор ёғиши мумкин
15 январдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудига совуқ ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда. «Ўзгидромет» хабарига кўра, Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳамда тоғли ҳудудларда ёмғир ва қор ёғиши, шамол тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин. Тошкент ва бошқа вилоятларда эса асосан ёмғир ёғиши прогноз қилинмоқда. Антициклон таъсирида ҳаво алмашинуви заифлашиши натижасида атмосферада зарарли PM2.5 ва PM10 заррачалари тўпланиши эҳтимоли бор, бу эса ҳаво сифатининг ёмонлашишига олиб келади.
Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши асосан 16–17 январь кунларига тўғри келиб, республиканинг барча ҳудудларида совуқ кучайиши кутилмоқда. Шимолий ҳудудларда ҳарорат кечаси -5 даражагача тушади. Мутахассислар ҳаво сифати ёмонлашиши муносабати билан нафас йўллари касалликларига мойил шахслар, болалар ва кексаларга эҳтиёт чораларини кўришни тавсия этмоқда. Баъзи ҳудудлардаги ёғингарчилик ва шамол эса ҳавонинг зарарли моддалардан қисман "ювилиши"га хизмат қилиши мумкин.





