
Тиббиёт ходимларига имтиёзлар, сўконғич солиқчи ва порахўр судяга ҳукм — ҳафта дайжести
Ўтаётган ҳафта ичида Ўзбекистода содир бўлган энг аҳамиятли ва муҳокамаларни келтириб чиқарган воқеа-ҳодисаларни яна бир бор эсга оламиз.
Тиббиёт ходимларига имтиёзлар берилди
Узоқ йиллардан бери паст маош билан юзлашаётган тиббиёт ходимлари учун ҳафта давомида қатор янги имтиёзлар тақдим этилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йилдан бошлаб тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор чораларни белгиловчи қарорни имзолади.
Унга кўра:
Иш ҳафтаси 5 кунлик режимга ўтказилади, навбатчилик тизими сақланади.
Танловлар асосида муассасаларга 500 млн, ходимларга 30 млн сўм бир марталик мукофотлар берилади.
Янги даволаш усулларини жорий қилган шифокорларга 20,6 млн сўм мукофот берилади.
15 йилдан ортиқ иш стажига эга ходимларнинг фарзандларига олийгоҳларда контрактнинг 30 фоизи қоплаб берилади.
Халқаро журналларда мақола чоп этиш харажатлари қопланади.
Ипотека кредити бўйича дастлабки бадалнинг 25 фоизи тўланади.
Йилига бир марта бепул юқори технологик тиббий ёрдам ва санаторий йўлланмалари берилади.
Давлат хизматлари учун тўловлар икки баробар камайтирилади.
Қарор ижроси учун ҳар йили 100 млрд сўм маблағ ажратилади.
Солиқ инспекцияси бошлиғи ходимларини ҳақорат қилди
Ҳафта якунида Сирдарё туман солиқ инспекциясида бошлиқ Тоҳир Элмуродов ходимларни ҳақорат қилгани акс этган видеолар тарқалди. Бу ҳодиса раҳбарлик ва одоб-ахлоқ масалаларида тизимдаги камчиликларни очиқ намоён қилди.
Сирдарё тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Тоҳир Элмуродов йиғилишда қўл остидаги ходимларни қўпол сўзлар билан ҳақорат қилган. Шунингдек, у қарздорлик кўплигини айтиб, ходимларга таҳдид қилган.
Мазкур ҳолат бўйича Сирдарё вилояти солиқ бошқармаси расмий муносабат билдирди. «Дастлабки ўрганишлар давомида мазкур ҳолат 2024 йилда содир бўлганлиги аниқланди», дейилади муносабатда.
Вилоят солиқ бошқармасига кўра, воқеани ўрганиш якуни бўйича қўшимча маълумотлар тақдим этилади.
AKFA Америкада завод қурмоқда
Ҳафта давомида бизнес ва инвестициялар майдонида муҳим янгиликлар рўй берди. Улардан бири — ўзбекистонлик компаниянинг Америка бозорига кириб бориши билан боғлиқ йирик дастур.
Ортиқхўжаевдан 600 миллион долларлик улкан лойиҳа старт олмоқда.
Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими, бизнесмен Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг маълум қилишича, унга тегишли Akfa Group компанияси АҚШнинг Кентукки штатида Туркия компанияси билан ҳамкорликда йирик завод қурилишини бошлаган.
Биринчи босқичда лойиҳага 105 миллион долларлик инвестиция жалб этилмоқда, лойиҳа умумий қиймати эса 600 миллион долларга баҳоланмоқда.
«Бу заводда нафақат маҳсулот ишлаб чиқарилади, балки у бренд сифатида ҳам экспорт қилинади», — дея таъкидлади Ортиқхўжаев.
Маълумот учун, 7 ноябр куни АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган битимга кўра, кейинги 10 йил ичида Ўзбекистон АҚШ иқтисодиётига 100 миллиард доллар инвестиция киритиши келишиб олинган эди.
Кападзе Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлигидан кетди
Якунланаётган ҳафтада Ўзбекистон миллий терма жамоасида мураббийлар штабида муҳим ўзгариш юз берди: собиқ бош мураббий ва кейинги ёрдамчи мураббий Темур Кападзе жамоадан кетди.
Қайд этилишича, Темур Кападзе раҳбариятга лавозимидан озод этиш тўғрисида расмий мурожаат йўллаган ва бу қарорнинг сабаби — бош мураббий сифатида фаолиятни давом эттириш истаги бўлгани айтилган.
Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Кападзега бошқа жамоалардан таклифлар тушган ва келгусида янги лойиҳа доирасида иш бошлаши кутилмоқда. У Индонезия миллий жамоасида иш бошлаши ҳам мумкин.
Темур Кападзе 2025 йилнинг январидан 6-октябргача миллий терма жамоани бошқарган. Бу муддат ичида у 9 та ўйин ўтказиб, 5 ғалаба ва 4 дуранг натижасини қайд этган.
Октябр ойидан эса у италиялик мутахассис Фабио Каннаваро раҳбарлигидаги терма жамоада ёрдамчи мураббий сифатида иш олиб борган.
У Ўзбекистон миллий жамоасини Жаҳон чемпионати ва Олимпиадага олиб чиққан ягона мураббий сифатида тарихга кирган.
Андижонда пора олган судя қамалди
Суд тизимида коррупция ҳолатлари кўп кузатилиб, аҳолининг адолатга ишончини сусайтирмоқда. Хонобод тумани собиқ судясининг 30 минг доллар пора билан қўлга тушиши эса бу тизимдаги камчиликларни яна бир бор очиб берди.
Судянинг аввалроқ бошқа суд томонидан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддатини камайтиришни ваъда қилиб, судланган шахснинг онасидан 30 минг доллар миқдордаги пулни олган вақтда қўлга тушгани маълум қилинган эди.
17 октябрда эълон қилинган ҳукмга кўра, Хонобод тумани собиқ судяси 10,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. У мансаб мавқейидан фойдаланиб фирибгарлик қилиш ва коррупция содир этишга тайёргарлик кўрганликда айбдор деб топилган.
Октябрда нималар қимматлашди?
Ҳафта якунида эълон қилинган маълумотларга кўра, октябр ойида айрим маҳсулотлар нархи сезиларли даражада ошгани кузатилди. Айниқса, метан ва бензин қимматлашди, газета, журнал ва кундалик эҳтиёж маҳсулотларида ҳам ўсиш бўлди. Олтин нархи ошгани туфайли никоҳ узуклари ҳам қарийб 40 фоизга қимматлашган.
Умумий нархлар барқарор бўлса-да, ёқилғи ва энергия харажатлари аҳолининг асосий хавотир манбаи бўлиб қолмоқда.
Таҳлил қилинган 250 турдаги товарларнинг 97 фоизида йиллик ўсиш 10 фоиздан ошмаган. Айрим маҳсулотларда арзонлашиш кузатилган: пропан 18 фоизга, A4 қоғоз 3,9 фоизга, йирик ошхона жиҳозлари 3,5 фоизга арзонлашган.
4 нафар эгизак дунёга келди
Бу ҳафта қувончли воқеа юз берди: Қарши шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Қашқадарё филиалида 4 нафар эгизак чақалоқ дунёга келди.
Хабарга кўра, эгизак қизалоқлар Китоб туманида яшовчи Жасур Мақаев ва Дилфуза Баҳриддинова оиласида туғилган. Улар аввалдан беш нафар қизни вояга етказаётган бўлиб, янги туғилган эгизаклар билан фарзандлар сони тўққиз нафарга етди.
Қайд этилишича, чақалоқлар кесарча кесиш амалиёти орқали муддатидан олдин туғилган. Улар тегишлича 1400 грамм, 1450 грамм, 1600 грамм ва 1400 грамм оғирликда дунёга келган. Ҳозирда қизалоқлар тиббий муассасада халқаро протоколлар асосида парвариш қилинмоқда.
174 туп дарахт қотили ким?
Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида 174 туп дарахт мораторий талабларига зид равишда кесиб ташлангани ва табиатга 1 млрд 460 млн 952 минг сўм зарар етказилгани хабар қилинганди.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаевга кўра, мазкур ҳолат ортидан ободонлаштириш ходимларига жиноят иши очилган.
8 ноябр куни ободонлаштириш бошқармаси мансабдорлари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодекснинг 198-моддаси 2-қисмига (ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қонунга хилоф равишда кесиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлиши) асосан жиноят иши қўзғатилган.
«Қизиғи, дарахт кесиш топшириғини берган шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов яна сувдан қуруқ чиқмоқда. Унинг ўрнига топшириқни бажарган, «танка»си йўқ ободонлаштириш ходимлари жавоб берадиган кўринади. Мана бу ҳақиқий номардлик», дейди Расул Кушербоев.
Айни вақтга ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






