Logo

«TikTok» ортидан 84 млрд доллар: Илова асосчиси Хитойнинг энг бой одами бўлди

Бугун 20:402 дақиқа

«Forbes» журнали 2026 йилги Хитойнинг энг бой кишилари рўйхатини эълон қилди.

«TikTok» ортидан 84 млрд доллар: Илова асосчиси Хитойнинг энг бой одами бўлди

Дунё бўйлаб миллионлаб фойдаланувчиларга эга «TikTok» иловасининг асосчиси Чжан Имин илк бор Хитойнинг энг бой одами мақомини қўлга киритди. Бу ҳақда 5 ноябрь куни эълон қилинган «Forbes» журналининг янги ҳисоботида маълум қилинди.

Маълумотларга кўра, «ByteDance» компанияси ҳаммуассиси Чжан Иминнинг бойлиги 14,7 миллиард долларга ошиб, 84 миллиард долларга етган. Бу ўсиш компаниянинг сунъий интеллект (СИ) соҳасига ва инфратузилмасига жорий йилда 70 миллиард долларгача сармоя киритиш режалари билан изоҳланмоқда.

Шу билан бирга, 2026 йилги Хитойнинг энг бой 100 тадбиркорининг умумий бойлиги ўтган йилги 1,35 триллион доллардан 3,7 фоизга камайиб, 1,3 триллион долларни ташкил этган.

Беш йил давомида рейтингда биринчи ўринни эгаллаб келган «Nongfu Spring» ичимликлар компанияси асосчиси Чжун Шаньшань эса иккинчи ўринга тушди. Унинг бойлиги 16,9 миллиард долларга камайиб, 60,2 миллиард долларни ташкил қилган. Бунга ички бозордаги тўйинганлик ва компания акциялари нархининг қарийб чорак қисмга арзонлашиши сабаб бўлгани айтилмоқда.

Нашрнинг таъкидлашича, Хитойдаги суст истеъмол ва кўчмас мулк секторидаги инқироз туфайли рўйхатдаги тадбиркорларнинг тенг ярмидан кўпи ўз бойлигини йўқотган. Шунингдек, базавий «CSI 300» индекси сўнгги ҳисоб-китоблардан бери 7 фоизга пасайгани қайд этилган.

Сунъий интеллект соҳасидаги ўсиш ва янги миллиардерлар

Гарчи умумий кўрсаткичлар тушган бўлса-да, сунъий интеллект йўналишида фаолият юритувчи тадбиркорлар катта даромад кўрган. Хусусан, маҳаллий «DeepSeek» компанияси асосчиси Лян Вэньфэн доллар ҳисобида энг катта молиявий ўсишга эришиб, рўйхатда 31 поғона юқорилади. Октябрь ойида мазкур хусусий компаниянинг 75 миллиард долларга баҳоланиши ортидан унинг бойлиги 34,5 миллиард долларга кўпайиб, 46 миллиард доллар билан учинчи ўринга чиқди.

Тўртинчи ўринни 45,8 миллиард доллар билан «CATL» вакили Робин Цзэн эгаллаган бўлса, кучли бешликни «Tencent Holdings» раҳбари Ма Хуатэн якунлади. Унинг бойлиги ўтган йилги 62,8 миллиард доллардан 45,3 миллиард долларга тушиб кетган.

Шунингдек, «Hengli Group» нефть-кимё конгломерати раиси Чэнь Цзяньхуа рўйхатда 30 поғона кўтарилиб, 10-ўриндан жой олди. Глобал миқёсда янги кемаларга бўлган талабнинг ортиши ортидан унинг бойлиги икки баробарга ўсиб, 25,2 миллиард долларга етган.

Жорий йилги рўйхатда сунъий интеллект, робототехника ва турдош соҳалардан жами 7 нафар янги миллиардер пайдо бўлди:

Энг бой янги иштирокчи — «CXMT» чип ишлаб чиқарувчи компанияси ҳаммуассиси Чжу Имин (31-ўрин, 13 млрд доллар).

Рўйхатда дебют қилган ягона аёл — «Guangdong Dtech Technology» бошқарувчиси Ван Син (55-ўрин, 7,9 млрд доллар).

Рейтингдаги энг ёш миллиардер — 36 ёшли «Unitree» гуманоид роботлар ишлаб чиқарувчи компанияси асосчиси Ван Синсин (56-ўрин, 7,8 млрд доллар).

Бу йилги юзлик рўйхатга кириш учун минимал бойлик чегараси 4,6 миллиард доллардан 4,75 миллиард долларга кўтарилган. Барча ҳисоб-китоблар 2026 йил 16 октябрь ҳолатидаги акциялар нархлари ва валюта курсларига асосланган ҳолда олиб борилган.

Теглар

Мавзуга оид