Тожикистон ва Хитой душман бўлмасликка аҳдлашди. Бу Марказий Осиё учун қанчалик хавфли?

Бугун 19:205 дақиқа

Марказий Осиёда таъсир доираси учун кураш тобора қизиб бормоқда: минтақа геосиёсатида асосан Хитой, АҚШ ва Россия ўзаро рақобатлашяпти. Бу борадаги сўнгги муҳим воқеалардан бири Тожикистон ва Хитой ўртасида имзоланган «абадий дўстлик» тўғрисидаги шартнома бўлиб, у Пекиннинг Душанбедаги таъсирини янада мустаҳкамлади.

Тожикистон ва Хитой душман бўлмасликка аҳдлашди. Бу Марказий Осиё учун қанчалик хавфли?

 Янги иттифоқ 

Ўтган ҳафта Марказий Осиё учун муҳим геосиёсий воқеа юз берди — Пекинда Тожикистон ва Хитой ўртасида абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома имзоланди. Гарчи икки давлат раҳбарлари аввал ҳам кўп бор учрашиб, қатор ҳужжатларни имзолаган бўлса-да, муносабатлар ҳали бу қадар юқори даражага кўтарилмаган эди. Ҳужжатнинг асосий шиори: «Абадий дўстмиз, ҳеч қачон душман эмасмиз».

Музокаралар якунига кўра, томонлар ҳамкорликка оид 31 та ҳужжатни, жумладан 16 та меморандумни тасдиқлади. Рўйхатдан Сунъий интеллект соҳасидаги Тожикистон-Хитой ҳамкорлик маркази, «яшил» минерал ресурслар бўйича режа, «Кулма» назорат-ўтказиш пунктини модернизация қилиш ва «Конфуций» институтини ривожлантириш каби лойиҳалар ўрин олган.

1

Экспорт ва қишлоқ хўжалиги йўналишига алоҳида эътибор қаратилган. Энди Тожикистон Хитойга товуқ гўшти, ўрик ва олхўри экспорт қилиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, томонлар қўшма қишлоқ хўжалиги илмий-техник инновацион паркини яратишга келишиб олди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги сайтида қайд этилишича, музокаралар ва ишбилармон доиралар учрашувлари якунида умумий қиймати 8 миллиард доллардан ортиқ бўлган 80 дан кўпроқ янги келишув имзоланган. Таққослаш учун: ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми жами 4,3 миллиард долларни ташкил этган эди.

Бундай яқинлашувнинг сиёсий асослари ҳам йўқ эмас. 2019 йилда Душанбе Шинжон-Уйғур мухтор республикаси масаласида Пекинни биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаган ва БМТдаги Хитой сиёсатини ҳимоя қилувчи мактубга имзо чеккан эди. Икки йил аввал эса Чин диёри ўз тарихида илк бор Россияни ортда қолдириб, Тожикистоннинг асосий савдо шеригига айланди. Шундан бери иқтисодий алоқалар фақат ўсиб бормоқда: биргина ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми 46 фоизга ошган.

«АМаркетс» халқаро брокерлик компаниясининг етакчи таҳлилчиси Игор Расторгуевнинг ТРТ нашрига маълум қилишича, бу ҳамкорлик томонларнинг бир-бирини тўлдиришига асосланган. Хитой Марказий Осиёдан ресурслар ва янги логистика йўналишларини қидираётган бўлса, Тожикистон ўз иқтисодиётини модернизация қилиш ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун сармоя ҳамда технологияларга муҳтож.

 «Томонларнинг манфаатлари аниқ белгилаб олинган: Хитой ўз чегаралари яқинида барқарорликни таъминлашга ва минтақани «Бир макон, бир йўл» ташаббусига интеграция қилишга интилмоқда, Тожикистон эса инвестициялар ва технологик кўмакка умид қилмоқда», — дея таъкидлади у.

Ҳамма Марказий Осиёдан нимани излаяпти?

Албатта, Хитойнинг минтақага қизиқиши фақат Тожикистон билан чекланмайди. Сўнгги йилларда Пекин бутун Марказий Осиё бўйлаб ўз иқтисодий иштирокини сезиларли даражада оширди. Хитойнинг минтақага киритган тўғридан-тўғри сармоялари ҳажми 2016 йилдаги 19,6 миллиард доллардан 2025 йилнинг ўрталарига келиб 35,9 миллиард долларгача ўсди. Ушбу сармояларнинг қарийб 90 фоизи учта давлат ҳиссасига тўғри келади: Қозоғистон (32%), Ўзбекистон (30%) ва Туркманистон (27%).

Шу билан бирга, минтақада бошқа йирик ўйинчилар ҳам фаоллашган. АҚШ Қозоғистоннинг фойдали қазилмаларига жиддий қизиқиш билдирмоқда. Масалан, Қарағанда вилоятидаги волфрам конига киритилиши режалаштирилган Америка сармояси тахминан 1,1 миллиард долларга баҳоланяпти.

2

Айни пайтда Япония минтақа билан технологик ҳамкорликка урғу бермоқда. 2025 йилнинг декабрида Токиода илк бор давлат раҳбарлари даражасида «Марказий Осиё + Япония» саммити бўлиб ўтди. Унга бош вазир Санаэ Такаити раислик қилди.

Европа Иттифоқи ҳам минтақа билан алоқаларни кучайтирмоқда. Ўтган йилнинг апрел ойида Самарқандда «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» биринчи саммити бўлиб ўтган эди. Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен ўшанда: «Биз янги стратегик шерикликни йўлга қўйяпмиз. Бу бир-биримизга суяна олишимизни англатади ва бу айниқса замонавий дунёда муҳим», — дея таъкидлаганди.

Таҳлилчи Игор Расторгуевнинг фикрича, минтақага бўлган бундай улкан қизиқишнинг асосий сабаби — унинг табиий бойликларидир. Марказий Осиё нодир металлар, уран, мис, литий ва волфрамга ўта бой ҳудуд саналади. Айнан машу омил Хитой, АҚШ, Япония ва Европа Иттифоқи эътиборини тортмоқда.

Аммо бу ресурсларни қазиб олиш ва ўзлаштириш айрим тўсиқларга дуч келмоқда. Нодир металларни қазиб олиш мураккаб рельеф, иқлим шароити, экологик хавф-хатарлар, шунингдек, малакали кадрлар ва замонавий технологияларнинг етишмаслиги туфайли қийин кечмоқда. Бундан ташқари, экспертнинг таъкидлашича, сиёсий беқарорлик ва ташқи омиллар — санкциялар, нархларнинг тез-тез ўзгариши ҳамда геосиёсий низолар инвесторлар учун қўшимча хавф туғдиради.

Москвадаги янги хавотирлар

Россия АҚШ ва Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги фаоллигини катта ҳадик билан қабул қилмоқда.

«Гап фақат иқтисодий рақобат ҳақида эмас, балки Россияни сиқиб чиқариш ва чегараларимиз яқинида Ғарб томонидан бошқариладиган инфратузилмани яратишга бўлган уринишлар ҳақида кетмоқда», — дея баёнот берди Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин.

Россиянинг бундай муносабат билдиришининг ўзига хос сабаблари бор. Марказий Осиё ўнлаб йиллар давомида савдо, энергетика ва хавфсизлик тизимлари орқали Москва билан чамбарчас боғланган. Қозоғистон ва Қирғизистон ЕОИИга, Тожикистон эса КХШТга аъзо. Қолаверса, минтақадаги бешта давлатнинг барчаси МДҲ таркибида.

Бироқ Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан сўнг геосиёсий манзара сезиларли даражада ўзгарди. Бугунги кунда минтақа давлатлари Ғарб санкциялари хавфини тобора кўпроқ ҳисобга олишига тўғри келмоқда. Бунга Қирғизистон яққол мисол бўла олади. Европа Иттифоқи 20-санкциялар пакети доирасида ускуналарнинг айрим турлари Россияга қайта экспорт қилиниши эҳтимоли сабабли уларни Бишкекка сотишни чеклаб қўйди.

3

Аммо хоҳиш бўлган тақдирда ҳам, Россия йўналишининг ўрнини тезда босиб бўлмайди. Минтақа давлатларининг денгизга чиқиш йўли йўқ, шунинг учун хомашё экспорти ва ускуналарни етказиб бериш деярли қўшнилар орқали транзитга боғлиқ.

«Ҳар қандай фойдали қазилмани ё Россия орқали олиб ўтиш керак — у ерда санкциялар ва унга боғлиқ машмашаларга дуч келасиз, ё Хитой орқали олиб ўтиш керак — бироқ бу ҳолатда улар қандай фоиз талаб қилиши ва маҳсулот қандай ташилиши номаълум. Ёки бўлмаса Эрон, Афғонистон ёхуд Покистон орқали. Хуллас, қайси йўналишни танламанг, ҳамма жойда қандайдир бош оғриғи бор», — дейди сиёсатшунос Чингиз Лепсибаев.

Шунинг учун ташқи ўйинчиларнинг фаоллашуви минтақа тезда Россия билан ҳамкорликдан воз кечади, дегани эмас. Аксинча, минтақадаги мавжуд алоқаларга янги йўналишлар қўшилмоқда: Хитойнинг логистика инфратузилмаси, АҚШнинг минералларга бўлган қизиқиши, Европанинг транспорт йўлаклари ва Япониянинг технологиялари.

Игор Расторгуевнинг сўзларига кўра, барча томонлар минтақа барқарорлиги ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор, бироқ уларнинг ёндашувлари турлича. Россия Марказий Осиёни ўзининг геосиёсий таъсир доираси ва хавфсизлик камари сифатида кўрса, Хитой асосий эътиборни иқтисодий экспансия ва минтақани ўз таъминот занжирларига боғлашга қаратмоқда.

«Натижада Марказий Осиё турли манфаатлар тўқнашадиган мураккаб майдон бўлиб қолмоқда. Бу вазиятда минтақа давлатлари кўп векторли дипломатиядан максимал фойда кўрган ҳолда, йирик ҳамкорлар ўртасида мувозанатни сақлашга ҳаракат қилмоқда», — дея хулоса қилади эксперт.

Теглар

Мавзуга оид

Тожикистон ва Хитой душман бўлмасликка аҳдлашди. Бу Марказий Осиё учун қанчалик хавфли? | Vaqt.uz