Тўқаев вице-президент ваколатлари ва Қурултой фаолияти тартибини тасдиқлади
Қозоғистонда давлат бошқаруви тизимида йирик ўзгаришлар бошланмоқда. Янги қонунларга кўра, вице-президент институти ташкил этилади, Қурултой эса қонун чиқарувчи олий вакиллик органига айланади.
© Oq o‘rdaҚозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 2026-йил 15-март куни қабул қилинган янги Конституция қоидаларини амалга оширувчи иккита конституциявий қонунни имзолади. Мамлакатда вице-президент лавозими ва янги олий вакиллик органи – Қурултой ташкил этилади, деб хабар бермоқда «Orda.kz».
Вице-президент
Биринчи қонун вице-президент институтини таъсис этади. Давлат раҳбарининг топшириғига кўра, у давлат органлари билан ўзаро муносабатларда президент манфаатларини ифода этади ва президент белгилайдиган вазифаларни бажаради.
Қурултой
Иккинчи қонун Қурултой фаолиятини тартибга солади. У парламент ўрнини эгаллаб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширувчи олий вакиллик органига айланади. Қурултой партия рўйхатлари бўйича беш йил муддатга сайланадиган 145 нафар депутатдан иборат бўлади. Органга давлат тилини эркин биладиган депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан сайланадиган раис раҳбарлик қилади.
Қурултой кенг ваколатларга эга бўлади. У вице-президент, бош вазир, Конституциявий суд судялари, Марказий сайлов комиссияси ва Олий аудиторлик палатаси аъзоларини тайинлашга розилик беради. Шунингдек, Қурултой Олий суд судьяларини сайлайди ва лавозимидан озод қилади, президент сайловларини тайинлайди ҳамда ҳукуматнинг бюджет ижроси бўйича ҳисоботларини тасдиқлайди.
Аввалроқ Тўқаев янги Конституцияни қабул қилиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Референдумда қатнашганларнинг 87,15 фоизи ислоҳотларни қўллаб-қувватлади. Сайловчилар фаоллиги 73,12 фоизни ташкил этди. Янги Конституция 2026-йил 1-июлдан кучга киради, шу кундан бошлаб 1995-йилги Конституция ўз кучини йўқотади.





