Тошкентда иситиш мавсуми қачон бошланиши айтилди
Шаҳар ҳокимлиги об-ҳаво кескин совиган тақдирда, иссиқлик беришни бошлаш қарори кечиктирилмаслигини маълум қилди.
© istockТошкент шаҳрида марказлашган иситиш тизимини ёқиш учун ўртача суткалик ҳаво ҳарорати кетма-кет беш кун давомида +8 даражадан паст бўлиши талаб этилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълум қилди.
Амалдаги белгиланган тартиб бўйича иситиш мавсуми маълум ҳарорат режимига боғланган бўлса-да, тизим ёқилиши учун аниқ ва қатъий муддат белгиланмаган.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ўтган йиллардаги каби ҳақиқий об-ҳаво шароитлари тўлиқ инобатга олинади. Агар пойтахтда ҳаво кескин совиб кетадиган бўлса, иссиқлик узатишни бошлаш тўғрисидаги қарор кечиктирилмайди ва жараён тезроқ бошланиши мумкин.
Тайёргарлик жараёни ва ўтган йилги кўрсаткичлар
Ҳозирги кунда ҳокимлик, тегишли шаҳар хизматлари ҳамда «Veolia Energy Tashkent» компанияси мутахассислари ҳамкорлигида иссиқлик тизимларини мавсумга тайёрлаш ишлари назорат остида олиб борилмоқда. Тошкент шаҳрида иситиш мавсуми бошланишининг аниқ санаси тўғрисида қўшимча хабар берилиши маълум қилинган.
Маълумот ўрнида, 2025-йилда пойтахтда иситиш мавсуми 3-ноябрдан бошланган эди. Ушбу санадан бошлаб дастлаб ижтимоий объектларда, 5-ноябрдан бошлаб эса турар жой биноларида марказлашган иссиқлик таъминотини бериш йўлга қўйилган эди.





