Logo

Трамп Анқарада: У Туркияга нисбатан санкцияларни бекор қилди

Бугун 08:202 дақиқа

Шунингдек, у Туркияга F-35 самолётларини сотиш имконияти кўриб чиқилишини билдирди.

Трамп Анқарада: У Туркияга нисбатан санкцияларни бекор қилди

АҚШ Туркияга нисбатан 2020 йилда CAATSA («Америка душманларига санкциялар орқали қарши курашиш тўғрисида»ги) қонуни доирасида жорий этилган санкцияларни бекор қилади, шунингдек, Анқарага F-35 қирувчи самолётларини сотиш имкониятини кўриб чиқади. Бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трамп бугун, 7 июл куни Анқарадаги НАТО саммити доирасида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан бўлиб ўтадиган учрашувидан олдин журналистларга маълум қилди.

Доналд Трамп 7 июл куни НАТО саммитида иштирок этиш учун Туркия пойтахтига етиб келди. Самолёт трапи олдида уни шахсан Ражаб Тоййиб Эрдўған кутиб олди. АҚШ раҳбари фахрий қоровулга қарата турк тилида «Мерҳаба аскер!» деб саломлашди. Кутиб олиш маросимида АҚШнинг Туркиядаги элчиси Том Баррак, НАТОдаги доимий вакили Мэтт Уитакер ҳамда Қуролли кучлар штаб бошлиқлари қўмитаси раиси генерал Дэн Кейн иштирок этди.

Трампнинг мазкур ташрифи сўнгги 11 йил ичида АҚШ президентининг Туркияга илк ташрифи ҳисобланади.

Санкцияларнинг бекор қилиниши ва F-35 масаласи

«Биз санкцияларни олиб ташлаймиз», дея таъкидлади Трамп. У мазкур масала устида Давлат котиби ва Молия вазири ишлаётганини қўшимча қилди. Трамп Туркияни содиқ иттифоқчи деб атаб, F-35 самолётларини сотиш имконияти кўриб чиқилишини билдирди. Шу билан бирга, юридик тўсиқлар сабабли ушбу келишув айнан қандай амалга оширилишига аниқлик киритилмади.

Конгресс томонидан қабул қилинган амалдаги қонунчиликка кўра, Туркияда Россиянинг С-400 тизимлари мавжуд бўлган тақдирда унга F-35 самолётларини сотиш тақиқланган. Чунки мазкур тизим АҚШ жанговар самолётлари учун хавфсизликка таҳдид сифатида кўрилади.

Манбаларга кўра, сўнгги ҳафталарда С-400 тизимларини учинчи давлатга бериш варианти муҳокама қилинмоқда, бироқ бу келишув ҳали тасдиқланмаган ва қурол савдосида охирги фойдаланувчи мажбуриятларини талаб қиладиган Россиянинг бунга муносабати номаълумлигича қолмоқда.

Маълумот учун, АҚШ 2020 йилда Туркия томонидан (2019 йилда) Россиянинг С-400 мудофаа ракета тизимларини сотиб олгани сабабли Анқарага қарши санкциялар киритган ва уни F-35 дастуридан чиқариб ташлаган эди. Трампнинг Анқарага ташрифи Вашингтоннинг НАТО билан муносабатлари ҳамда альянсга аъзо давлатларнинг мудофаа харажатларини етарлича оширмаётгани бўйича танқидлари фонида кечмоқда.

Теглар

Мавзуга оид