
Трамп маъмурияти 19 та давлат фуқароларининг Грин-карталарини қайта текширади
АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти хавфсизликка тахдид деб топилган 19 давлатдан келган Грин-карта эгалари бўйича кенг қамровли ва қатъий қайта текширув ўтказилишини маълум қилди.

АҚШ Давлат фуқаролик ва миграция хизмати раҳбари Жозеф Эдлоугa маълум қилишича, президент Доналд Трамп унга «ҳар бир хавотирли давлатдан келган ҳар бир хорижликнинг грин-картасини тўлиқ ва мукаммал қайта кўриб чиқиш» бўйича кўрсатма берган.
ББCнинг рўйхатда қайси давлатлар борлиги ҳақидаги саволига агентлик Оқ уйнинг июн ойидаги декларациясига ишора қилди, унда Афғонистон, Куба, Ҳаити, Эрон, Сомали ва Венесуела бор эди.
Қарор Вашингтонда афғон фуқароси томонидан Миллий гвардиянинг икки аскарига қарши содир этилган отишма ортидан эълон қилинди. Жиноятда гумонланган Раҳмонуллоҳ Лаканвал 2021 йилда АҚШнинг Афғонистондан қўшинларини олиб чиқишидан кейин афғон фуқароларига бериладиган алоҳида муҳофаза дастури орқали мамлакатга келган.
Президент Трамп ҳодисани «миллий хавфсизликка жиддий таҳдид» деб атади. Эдлоунинг ижтимоий тармоқдаги билдирувида ҳодиса тўғридан-тўғри тилга олинмаган бўлса-да, у «америка халқини аввалги маъмуриятнинг хавфли кўчириш сиёсатининг оқибатларидан ҳимоя қилиш зарурлигини» таъкидлади.
Июн ойи маълумотномасида хориж фуқароларининг АҚШга кириши террористик хавфлар ва хавфсизлик муаммолари фонида чекланиши кераклиги қайд этилган. Шунингдек, бизнес, талабалик ва туристик визалар билан келганларнинг меъёрдан ортиқ қолиб кетиши ҳам асосий омил сифатида кўрсатилган.
Қайта текширувдан Бирма, Чад, Конго Республикаси ва Ливия фуқаролари ҳам ўтади. Ўтган ҳафта АҚШ Миграция хизмати Жо Байден даврида қабул қилинган барча қочоқлар бўйича ҳам текширув бошлаганэди. Бундан ташқари, чоршанба куни Афғонистон фуқароларининг барча миграция аризаларини кўриб чиқиш вақтинчалик тўхтатилди.





