Uzcard фойдаси кескин кўпайиб, 1,1 трлн сўмдан ошди
Компания биринчи ярим йилликда соф фойдасини 84,2 фоизга оширди ва 1,14 трлн сўмга етказди. Бу деярли бутун бошли 2025-йилдаги кўрсаткичга тенг.

Uzcard тўлов тизими оператори — «Ягона умумреспублика процессинг маркази» 2026-йилнинг биринчи ярмида 1 трлн 145,2 млрд сўм соф фойда олди. Бу ҳақда компаниянинг МҲХС бўйича молиявий ҳисоботидан маълум бўлди.
Компания фойдаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 523,6 млрд сўмга ёки 84,2 фоизга ошган. 2025-йилнинг биринчи ярмида Uzcard 621,6 млрд сўм фойда олганди.
Шунингдек, 6 ойда компаниянинг мижозлар билан шартномалардан олган тушуми 39,1 фоизга кўпайиб, 1 трлн 325,6 млрд сўмга етган.
Тушумнинг асосий қисми — 1 трлн 197,8 млрд сўми транзакцияларни процессинг қилиш учун олинган комиссияларга тўғри келади. Бу йўналишдаги даромад бир йилда 40,8 фоизга ошган. Нотранзакцион комиссиялар эса 25,1 фоизга кўпайиб, 126,4 млрд сўмни ташкил этди.
Операцион харажатлар тушумдан секинроқ — 34,5 фоизга ўсиб, 426,5 млрд сўмга етган. Натижада операцион фойда 41,3 фоизга кўпайиб, 899,2 млрд сўмни ташкил этди. Операцион рентабеллик ҳам 66,8 фоиздан 67,8 фоизга кўтарилган.
Бу кўрсаткичлар Uzcard’нинг асосий процессинг бизнеси ҳам сезиларли ўсганини кўрсатмоқда. Бироқ соф фойданинг қарийб икки баравар ошиши фақат операцион натижалар билан изоҳланмайди.
Ҳисобот даврида кутилаётган кредит зарарлари бўйича 256,4 млрд сўмлик резерв тикланган. Таққослаш учун, ўтган йилнинг мос даврида бу йўналишда 21,6 млрд сўмлик харажат қайд этилганди. Натижада ушбу кўрсаткичнинг фойдага ижобий таъсири бир йилда 278 млрд сўмга яхшиланган.
Бу Uzcard’нинг солиқдан олдинги фойдаси ўсишининг қарийб 47 фоизига тенг. Компаниянинг солиқдан олдинги фойдаси бир йилда 591,8 млрд сўмга ошиб, 1 трлн 216,5 млрд сўмга етган.
Ҳисоботга кўра, Uzcard берган қарзлар бўйича шакллантирилган резерв йил бошидаги 258,8 млрд сўмдан июнь охирида 2,5 млрд сўмгача камайган. Йил бошидан бери 313,5 млрд сўмлик қарз қайтарилган ва 284,5 млрд сўмлик резерв тикланган.
Молиявий даромадлар ҳам фойдани қўллаб-қувватлаган. Бу кўрсаткич 2,6 бараварга ошиб, 68,5 млрд сўмга етган. Шундан 38,6 млрд сўми берилган қарзлар бўйича фоизлар, 29,4 млрд сўми молиявий инструментларни ҳисобдан чиқаришдан олинган даромад ҳиссасига тўғри келади.
IT Park резидентлигидан кетиш зарарга ишлаган
Шу билан бирга, Uzcard’нинг солиқ юки кескин ошган. Компания 2026-йил 1 апрелдан IT Park резиденти мақомини йўқотган. Натижада илгари қўлланган 0 фоизлик фойда солиғи имтиёзи бекор бўлиб, компания стандарт 15 фоизлик ставка бўйича солиқ тўловчига айланган.
6 ойда фойда солиғи бўйича тўловлар 71,3 млрд сўмни ташкил этди. Ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич атиги 3,1 млрд сўм эди. Солиқ ставкасининг ошиши йилнинг иккинчи ярмидаги соф фойда динамикасига янада кучлироқ таъсир қилиши мумкин.
Компаниянинг пул оқимлари ҳам асосий фаолиятдаги ўсишни тасдиқлайди. Операцион фаолиятдан олинган соф пул оқими 25,5 фоизга кўпайиб, 836,4 млрд сўмга етган.
Бироқ 6 ой давомида Uzcard акциядорларига 1 трлн 31,8 млрд сўм дивиденд тўлаган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,6 баравар кўп.
Uzcard’нинг асосий фаолиятида ҳам ўсиш кузатилган: тушум 39 фоизга, операцион фойда 41 фоизга ошган. Бироқ соф фойданинг 84 фоизга кўпайишига резервларнинг тикланиши ҳам катта таъсир кўрсатган. Шу сабабли йилнинг иккинчи ярмида ҳам шундай ўсиш бўлади, деб бўлмайди.
Шунга қарамай, Uzcard жорий йилнинг биринчи ярмида деярли бутун бошли 2025-йилдаги соф фойда кўрсаткичига етиб олди. Ўтган йили компания 1,3 трлн сўм фойда қилганди.
Теглар






