add

Узоқ куттираётган ёмғир, ҳибсга олинган «Real Sanjik» ва Гулираъно Қосимовани таҳқирлашда айбланганларга суд ҳукми — 28 ноябр дайжести

28.11.2025 | 23:259524 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Узоқ куттираётган ёмғир, ҳибсга олинган «Real Sanjik» ва Гулираъно Қосимовани таҳқирлашда айбланганларга суд ҳукми — 28 ноябр дайжести

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

28 ноябр куни Миллий матбуот марказида ўтган анжуманда «Эл-юрт умиди» жамғармасига хориждан қайтган стипендиатларнинг ишга жойлашиши бўйича муросаc қилмас савол берилди. Жасур Қайнарбековнинг аудиосида қайд этилган рақамларга кўра, 500 дан ортиқ битирувчидан 20 фоиздан зиёди ишсиз, 27–30 фоизи оддий мутахассис лавозимида, 157 нафари таълим соҳасида паст лавозимларда ишлаяпти. Миллий даражадаги ташкилотларда фақат 22 киши фаолият юритмоқда, 30 дан ортиқ битирувчи эса бошқарма ёки бўлим даражасида раҳбар лавозимига чиққан. Vaqt.uz мухбири Илёс Сафаров солиқлар ҳисобидан тайёрланаётган кадрлар нега муносиб иш билан таъминланмаётгани бўйича жавоб сўради.

Жамғарма раҳбарининг биринчи ўринбосари Даврон Абдурашидов рақамлар аниқлаштирилишини айтди ва муаммолар борлигини тан олди. Унга кўра, айрим битирувчилар ишсиз ёки ишидан қониқмаган ҳолатлар қайд этилган, лекин жамғарма янги модель асосида кадрлар тайёрлаб, уларнинг мониторинги ва ишга жойлашуви бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Абдурашидов талаблар кўплигини таъкидлаб, битирувчиларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш жамғарманинг асосий устувор вазифаларидан бири эканини билдирди.

Ўзбекистонда онколог ва бошқа тор соҳа мутахассислари етишмаяпти

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда умумий шифокорлар таъминоти ўсиб бораётганига қарамай, тор соҳа мутахассислари кескин етишмаяпти. 2025 йил 1 январ ҳолатида мамлакатда ҳар 10 минг аҳолига ўртача 28,6 нафар шифокор тўғри келади, аммо терапевтлар 10,8 нафар, жарроҳлар 3,3 нафар ва акушер-гинекологлар 3,2 нафар миқдорида қайд этилган. Болалар шифокорлари таъминоти ёш тоифасига қараб 7–8 нафар атрофида, стоматологлар эса нисбатан кўпроқ — 3,3 нафарни ташкил этмоқда.

Энг катта муаммо тор йўналишларда кўзга ташланмоқда: офталмологлар 0,5 нафар, отоларингологлар 0,6 нафар, фтизиатрлар 0,2 нафар ва онколог ҳамда дермато-венерологлар бор-йўғи 0,3 нафардан ҳар 10 минг аҳолига тўғри келади. Психиатрлар улуши ҳам жуда паст — 0,3 нафар. Радиолог ва рентгенологлар 0,4 нафар миқдорида қайд этилган бўлиб, бу статистика мамлакатда тор ихтисосликлар бўйича тиббий кадрлар тайёрлаш ва жойлаштиришда жиддий камчиликлар борлигини кўрсатмоқда.

Гулираъно Қосимовани таҳқирлаган ИИБнинг икки собиқ мансабдорига суд ҳукми ўқилди

Фарғона вилояти судлари Фурқат тумани ИИБнинг собиқ раҳбарлари Акмал Хўжаев ва Жасур Расуловга нисбатан ҳукмни эълон қилди. Мактаб директори Гулираъно Қосимовани таҳқирлаш билан боғлиқ жиноят иши бўйича Қува туман суди уларни бир нечта моддалар — 141-3, 142, 206, 230-2 ва 234-моддалар бўйича айбли деб топди. Суд ҳар икки мансабдорга 4 йилдан озодликдан маҳрум қилиш ва 3 йил давомида давлат тузилмаларда мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазосини тайинлади. Жазо манзил-колонияда ўталади.

Суд жабрланувчилар Гулираъно Қосимова ва Қ.А.га маънавий ёки моддий зарар учун фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи борлигини тушунтирди. Шунингдек, суд ҳукмига нисбатан апелляция ёки кассация шикояти бериш мумкин. Суд А.Х. ва Ж.Р.га оид ишда бошқа шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатиш масаласини кўриб чиқиш учун материалларни Фарғона вилояти прокуратурасига юборишни ҳам белгиланди.

Блогер «Real Sanjik» ҳибсга олинди

«Real Sanjik» тахаллуси остида фаолият юритувчи 35 ёшли Санжар Каримов ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, жиноят содир этишга суиқасд ва гиёҳвандлик ёки психотроп моддаларни ноқонуний сақлаш жиноятларни содир этишда айбланиб, ҳибсга олинган.

Бугун, 28 ноябр куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг ёпиқ суд мажлисида пойтахт прокурорининг биринчи ўринбосари томондан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаси кўриб чиқилган.

Дастлабки тергов жараёнида тўпланган ҳужжатларга кўра, у Жиноят кодексининг 112-моддаси 1-қисми (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш), 25-модда 2-қисми (жиноят содир этишга суиқасд) ва 273 модда, 2-қисмида (гиёҳвандлик ёки психотроп моддаларни ноқонуний сақлаш) кўрсатилган жиноятларни содир этишда айбланган.

Тошкентда ёмғир Конституция куни байрами арафасида кутилмоқда

«Ўзгидромет» маълумотларига кўра, Тошкентда 8–9 декабрь кунлари ёмғир ёғиши эҳтимоли юқори. Агентлик раҳбарининг ўринбосари Ибратжон Каримов Vaqt.uz га айтишича, 1 декабрь кечқурун бироз ёмғир ёғиб ўтиши мумкин, аммо бунинг эҳтимоли паст. 3–5 декабр оралиғида ҳам қисқа муддатли ёғингарчилик бўлиши эҳтимоли қайд этилган, асосий ёмғир эса Конституция куни байрами арафасида кутилмоқда.

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов эса яқин беш кунлик прогнозларда ёмғир кўрсатилмаганини маълум қилган. Шу билан бирга, 29 ноябрдан бошлаб ҳаво совиши ва 5 декабргача паст ҳарорат сақланиши кутилмоқда. Бугун Ўзбекистон бўйлаб жума намозидан кейин барча масжидларда ёмғир сўраб истисқо намози ўқилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид