
Вашингтонда C5+1 ҳамкорлик платформасининг 10 йиллиги нишонланди
Вашингтон шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ Давлат котиби Марко Рубио иштирокида C5+1 ҳамкорлик платформасининг 10 йиллиги нишонланди.

6 ноябр куни Вашингтон шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ташқи ишлар раҳбарлари иштирокида C5+1 формати ташкил этилганининг 10 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ҳам иштирок этди.
Вазир ўзининг Telegram-канали орқали «Вашингтонда ҳамкасбларимиз билан биргаликда C5+1 платформасининг ўн йиллигини нишонладик. Самимий қабул учун АҚШ Давлат котиби Марко Рубио жанобларига чуқур миннатдорлик билдирамиз», деб ёзди.
Бахтиёр Саидовнинг таъкидлашича, Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилди. Томонлар ўзаро савдо, инвестиция ва транспорт соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, минтaқада барқарорлик ва изчил ривожланишни таъминлаш йўлида ҳамкорликни давом эттирмоқда.
«Ўзбекистон минтaқамизда тинчлик, фаровонлик ва умумий тараққиёт йўлида конструктив мулоқот ва амалий ҳамкорликни давом эттириш борасидаги содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди», — дея таъкидлади вазир.
Маълумот учун, C5+1 формати 2015 йилда ташкил этилган бўлиб, у Марказий Осиё мамлакатлари билан АҚШ ўртасидаги стратегик мулоқот майдони ҳисобланади. 2023 йил 19 сентябрда ушбу формат тарихида илк бор давлат раҳбарлари даражасида саммит бўлиб ўтган. Унда АҚШ президенти Жо Байден ва Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари иштирок этган эдилар.
Бугун эса Вашингтонда C5+1 саммити доирасида навбатдаги олий даражадаги музокаралар ўтказилиши кутилмоқда.





