
Вазирлар Маҳкамасига ҳам дарахт кесиш ва кўчиришга рухсат бериш тақиқланди
Президент қарори билан дарахт ва буталарни кесиш ёки кўчиришга доир ҳужжатлар чиқариш қабул қилиш қатъий тақиқланади.

19 ноябр куни қабул қилинган президент қарорига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, шунингдек маҳаллий ҳокимликларга дарахт ва буталарни кесиш ёки кўчиришга рухсат берувчи ҳар қандай ҳужжатни қабул қилиш қатъиян тақиқланди.
Шунингдек, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя қилишни истисно қилиш ёки риоя этмасдан рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш таъқиқланади.
Жумладан, давлат экологик экспертизаси хулосасини бериш, дарахт ва буталарни кесиш ва кўчиришни назарда тутувчи Ҳукуматнинг қарор, фармойиш, баённома ва ёзма топшириқларини ҳамда идоравий ҳужжатлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳужжатларини қабул қилиш қатъий тақиқланади.
2026 йил 1 мартдан бошлаб табиатга зарар етказиш бўйича компенсация тўловларидан озод қилиш тарзида имтиёз бериш билан боғлиқ барча қонунчилик ҳужжатлари ва ҳуқуқий кучга эга кўрсатмалар ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади ҳамда ушбу масалада имтиёз бериш фақат қонун орқали амалга оширилади.
Аввалроқ туман экология бўлимлари ҳокимлик тузилмасига ўтказилмаслиги ҳақида хабар бергандик.





