
«Хавфли бурилиш»: Андижонда туман ҳокими сомсахоналардаги тандирларни буздирди
Шаҳрихон тумани ҳокими суд қарорисиз сомса ёпиладиган тандирларни экскаваторлар билан бузиб ташлади.

Бугун, 3 декабр куни Андижонда ҳаво ифлосланишига қарши рейдлар доирасида айрим сомсахоналардаги тандирларбузиб ташланди. Хусусан, Шаҳрихон тумани ҳокими бошчилигида сомса ёпиладиган тандирлар экскаваторлар билан бузиб ташланган.
Туман ҳокимлиги баёнотида айтилишича, рейдлар вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг топшириғи асосида ўтказилган.
Ҳаво сифатини яхшилаш баҳонасида тандирларнинг бузилиши ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳокимликнинг Телеграм-каналидан бу хабар, унга илова қилинган видео ва суратлар ўчириб юборилди.
«Тандирга қарши “уруш” очилибди. Андижонда ҳавони сомса тандирлари ифлослантиряпти экан», - дея ёзди Davletovuz канали.
Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов мулк масаласига эътибор қаратди.
«Суд қарорисиз ҳеч қайси корхона ёки ихтиёрий фаолият тури тўхтатилиши, ҳатто вақтинча чекланиши ҳам - хавфли бурилиш», - деб ёзди у.
Лазиз Ҳамидов ҳам ҳокимликни қонун нормаларини инкор қилишда айблади.
«Хусусий мулк фақат суд қарорига биноан ҳолдагина бузилиши мумкин эмасми? Ҳокимларнинг хоҳиш-истаклари олдида қонун ва қарорлар иккинчи даражалими? Нимага асосан тандирларни бузяпти, ҳужжат, суд қарори борми? Тандир масаласи — бу фақат тандирнинг ўзи эмас. Бу — хусусий мулк дахлсизлиги, қонун устуворлиги ва мансабдор шахснинг масъулияти масаласи. Бугун тандир, эртага бошқа бировнинг корхонаси ҳам ҳокимнинг хоҳиши билан бузиб ташланаверади бу кетишда», - дея ёзди у.
Орадан кўп ўтмай Андижон вилояти ҳокимлиги ушбу ҳолат зудлик билан ўрганилиб, масъулиятсизликка йўл қўйган туман ҳокимига интизомий жазо чораси сифатида «ҳайфсан» берилгани, бундай ҳолатларни такрорламаслик борасида тушунтириш ишлари олиб борилганини хабар қилди.





