add

«Хавфли тажриба». Жамоатчилик экология бўлимлари ҳокимликлар бўйсунувига ўтказилаётганидан норози

29.10.2025 | 18:0038926

Фикр етакчилари шундоқ ҳам мамлакатда яшил майдонлар йўқотилиши, дарахтлар кесилиши ва тартибсиз ҳамда экологик талабларга зид қурилишларнинг катта қисми ҳокимликлар томонидан амалга оширилаётгани, янги тартиб эса уларга шундай ишлар учун тўлиқ «яшил чироқ» ёқишини таъкидламоқда.

«Хавфли тажриба». Жамоатчилик экология  бўлимлари ҳокимликлар бўйсунувига ўтказилаётганидан норози

21 октябр куни Ўзбекистон президентининг «Ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун туман (шаҳар) ҳокимликлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

2026 йил 1 январдан бошлаб тажриба-синов тариқасида «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)» мақомидаги 33 та туман ҳамда Сурхондарё вилоятининг қолган барча туман (шаҳар)ларида қуйидаги 9 та республика ижро этувчи ҳокимият органларининг туман (шаҳар) бўлинмалари туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмасига ўтказилмоқда:

  • Иқтисoдиёт ва мoлия вазирлиги;

  • Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги;

  • Инвестициялар, санoат ва савдo вазирлиги;

  • Қурилиш ва уй-жoй кoммунал xўжалиги вазирлиги;

  • Қишлoқ xўжалиги вазирлиги;

  • Экoлoгия, атрoф-муҳитни муҳoфаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги;

  • Маданият вазирлиги;

  • Oила ва xoтин-қизлар қўмитаси;

  • Ёшлар ишлари агентлиги.

Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмасига ўтказилаётган бўлинмалари қаторида Экoлoгия, атрoф-муҳитни муҳoфаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳам борлиги жамоатчилик фаолларининг кўплаб эътироз ва хавотирларига сабаб бўлмоқда. Жумладан, фикр билдираётганлар шундоқ ҳам мамлакатда яшил майдонлар йўқотилиши, дарахтлар кесилиши ва тартибсиз ҳамда экологик талабларга зид қурилишларнинг катта қисми ҳокимликлар томонидан амалга оширилаётгани, янги тартиб эса уларга шундай ишлар учун тўлиқ «яшил чироқ» ёқишини таъкидламоқда.

Vaqt.uz мухбири билдирилаётган шундай фикрлардан баъзиларини бир жойга тўплади. 

Янги тартиб экология соҳасидаги режаларимизни соя остида қолдиради — Эркин Абдулаҳатов, иқлимшунос

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов Экология вазирлигининг қуйи бўғинлари ҳокимликлар бўйсунувига ўтказилаётганини «чуқур ўйланмаган механизм», дея атади. Унга кўра, ишлар аксинча, Экология вазирлигини президент ёки парламент назоратидаги тузилмага айлантиришга қараб бориши керак.

«Бу қонунчилик чуқур ўйланмай ишлаб чиқилган механизм ҳисобланади. Ҳудудларда экология бўлимларни ҳокимликларга бўйсундириш, бириктириш экосферада олдимизга қўйилаётган ва кенг масштабда амалга ошириш билан боғлиқ тарғиботларни соя остида қолдиради. Эковазирлик ҳукуматдан мустақил куч — тузилмага айлантирилиши керак. Иқлими қуруқ, сув ресурслари тобора тортилаётган, чўлланиш кескинлашаётгани фонида турли хил экохавфлар билан курашишга тайёрланаётган биз каби мамлакатларда экотузилмалар ижро ҳокимятини ишлатиш учун ундан юқорироқ тузилма статусига эга бўлиши лозим. Масалан, тўғридан тўғри президент ёки парламентга бўйсундириладиган мустақил қудратли ташкилотга», — деб ёзди иқлимшунос.

«Синов тариқасида яшаётган миллат» – Абдураҳмон Ташанов, ҳуқуқ ҳимоячиси

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов айни сарлавҳали постида янги тартибнинг эҳтимолий оқибатларини шу кунларда Яккасарой туманида Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов топшириғи билан 147 туп дарахт кесилиши мисолида тушунтиришга уринган.

«Президентнинг дарахтларни кесишга эълон қилган мораторийси яна бир бор бузилди. 25 октябр куни тунда 144 туп дарахт кесилгани ҳолати юзасидан Экология вазирлиги инспекцияси хабар қилди. Айтишларича, дарахтларни кесишга Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов кўрсатма берган. Иш қўзғатилибди, прокуратурага юборилибди, 620 миллион сўмдан ортиқ (аслида 1 млрд 400 млн сўмдан ортиқ – таҳр.) зарар белгиланибди, чора кўриларкан. Вазият Экология вазирлиги назоратида экан. Буни қарангки, энди қуйида келтирилаётган ташкилотлар, жумладан, Экология вазирлигининг қуйи бўғинлари ҳам ҳокимият тузилмасига олинаркан! Қойилмисиз? Энди ҳам ишонасизми «дарахткуш» Раҳмонов каби раҳбарларга жинояти учун чора кўрилишига? Баъзан бўлаётган ишларга кулгинг келади, баъзан йиғлагинг. Синов тариқасида ўтказилаётган ислоҳотга қаранг! Маъмурий ислоҳот бўлди: ортга қайтилди, ҳокимият оптималлашди, сўнг қисқарди, энди яна каттармоқда. Сузишни билмаган ўрдакча ҳам думи билан, ҳам боши билан шўнғийди, деганлари шудир балки. Синов тариқасида яшаяпмизмикан, деб ўйлаб қоламан», – дея ёзди «Эзгулик» ташкилояти раҳбари.

 

«Дарахт кесиш билан танилганларга экологияни бўйсундиришмоқчи» – Фаррух Самарқандий

Блогер Фаррух Самарқандий янги ўзгаришни жамоатчилик фикрига қарши бориш дея ҳисоблайди.

«Дарахт кесиш билан танилганларга экологларни, экологияни бўйсундириб бўладими? Бу — омма фикрига қарши бориш, чунки, бу — омма фикри эмас», — деб ёзди блогер.

 

«Ҳокимларнинг топшириғи билан дарахтлар кесилаётган вазиятда уларга экология ҳам топширилмоқда» — Ибрат Сафо, журналист

BBC мухбири, журналист Ибрат Сафо янги тартибга нисбатан ўз муносабатини билдираркан, у ҳам дастлаб Яккасарой туманида Бахтиёр Раҳмонов топшириғи билан ҳамда президент фармонига зид равишда кесиб ташланган арчалар масаласига тўхталган.

«Бу — президент мораторийларига зид равишда 144 та дарахтни кесиб ташлашга буйруқ берган Бахтиёр Раҳмонов. У Тошкент шаҳри ҳокимининг экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари. Энди унга нима бўлади деб ўйлайсиз? Ҳеч нима», – дея ҳоким ўринбосари суратини ўз Facebook саҳифасига жойлаган журналист.

Ибрат Сафога кўра, жума куни тунда ҳаво Тошкентда 3-4 баробар, Гулистонда 9, Андижонда эса 10 баробаргача ифлослангани аниқланди. 25 октябр куни соат 19:00 дан 22:00 гача бўлган вақт оралиғида Тошкент ҳавоси сифатини мониторинг қилиш автоматик станциялари унинг кучли ифлосланишини қайд этган.

«Шундай вазиятда энди ҳокимларга янаям кўпроқ ваколат берилмоқда. Ҳудудларда тўққизта вазирлик ва идора бўлинмалари ҳокимликлар таркибига ўтади. Бу ваколатлар ичида экология ҳам бор», — дея ўзгаришнинг оқибатлари жиддий бўлишига эътибор қаратган журналист Ибрат Сафо.

 

«Экoлoгия бўлимларини ҳoкимларга бўйсундириш — xавфли тажриба» — Худойберди Зоминий

Блогер Худойберди Зоминий фикрича, туман (шаҳар) миқёсидаги экoлoгия бўлимларини ҳoкимлик тузилмасига ўтказиш – дастлаб бoшқарувни «яқинлаштириш» сифатида кўринса-да, аммо якунда жиддий оқибатлар келтириб чиқарадиган тажриба.

«Чунки амалиёт шуни кўрсатадики, кўплаб дараxт кесиш, яшил ҳудудларни қурбoн қилиш ёки табиий мувoзанатни бузиш ҳoлатларининг oрқасида айнан ҳoкимликларнинг ўзи ёки уларнинг руxсати туради. Бунинг оқибатида: – мустақил экoлoгик назoрат йўқoлади; – дараxт кесишлар, қурилиш учун яшил ҳудудларни қисқартириш ҳoлатлари oртади; – жамoатчилик шикoятлари «ички масалага» айланиб, эътибoрсиз қoлади; – атрoф-муҳитни муҳoфаза қилиш ишлари фақат «ҳисoбoтда» қoлиб кетади», – деб ёзди у.

Блогер айни сабабга кўра, экoлoгия бўлимлари ҳoкимликдан мустақил қолиши кераклигини таъкидлайди. «Улар бевoсита Экoлoгия, атрoф-муҳитни муҳoфаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига бўйсуниб, фақат қoнун ва экoлoгик меъёрлар асoсида иш юритиши лoзим. Акс ҳoлда, «ким дараxт кесмoқда?» деган савoлга жавoб берадиган идoра «кесувчининг ўзи»га айланиш xавфи мавжуд.

«Табиатни ҳимoя қилиш — бу сиёсий ёки маъмурий масала эмас, бу ҳаётий зарурат. Экoлoгия мустақиллиги — миллий xавфсизлик масаласидир», — деб ёзди блогер ўз Facebook саҳифасида.

 

«Биз Экология вазирлиги сифатида бу ўзгаришга қаршимиз» — Расул Кушербаев, Экология вазири маслаҳатчиси

Ҳолат юзасидан шунингдек, Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев ҳам ўз фикрларини билдирди. Жумладан, маслаҳатчининг Яккасарой туманидаги арчалар кесилиши юзасидан Vaqt.uz сайти мухбири тайёрлаган репортаж давомида айтишича, экология бўлимларининг ҳокимликлар бўйсинувига ўтказилиши лоббистик қарор ҳисобланади.

«Биз Экология вазирлиги сифатида бу ўзгаришга қаршимиз, қўшилмаймиз. Бу — экология йилида экологияни ўлдириш. Манфаатлар тўқнашуви бор. Чунки, жойларда қонунларни, мораторий талабларини энг кўп бузиш ҳолатлари маҳаллий ҳокимликлар ҳиссасига тўғри келади. Ҳокимларнинг кўпчилиги қонун, қарор ва фармон талабларини тан олмайди. Улар ўзини маҳаллий феодал даражасида ҳис қилгандан кейин туман бўлимларимиз гапини инобатга олармиди? Биз бугунга қадар шундоқ ҳам қийналиб ишлаётгандик, энди эса ҳокимларни ҳеч ким, ҳеч нарса тўхтатиб қололмайди. Имкон ва вақт бор экан, фармоннинг шу қисмини қайта кўриш керак. Дунёнинг бирор жойида экология тузилмалари ҳукуматга бўйсунмайди, аксинча, президент ёки парламенга ҳисоб беради», — деди Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев.

Теглар

Илёс Сафаров

Илёс СафаровМақолалар сони: 4

Барчаси

Мавзуга оид

«Хавфли тажриба». Жамоатчилик экология бўлимлари ҳокимликлар бўйсунувига ўтказилаётганидан норози | Vaqt.uz