
Хитой электр давлатига айланмоқда: бу қолганлар учун қандай хавф туғдиради?
Хитой иқтисодиётни жадал суръатда қайта қурмоқда: энди у арзон ишлаб чиқариш манбаи эмас, балки электрга асосланган давлатга айланмоқда. Бироқ бу тизим самарали ишлаши учун унга ҳали кўп масалаларни ҳал қилишга тўғри келади.

Хитойнинг савдо ҳамкорлари эса энди у билан қандай муносабат ўрнатишни аниқлаб олиши керак. Қуйида Project Syndicate нашрида Allianz сармоялар бўйича директори ва бош иқтисодчиси Людовик Субран ёзган мақоланинг таржимасини келтирамиз.
Барча йўллар Хитойга олиб боради
Хитойда яна бир йирик трансформация кечмоқда. Жаҳоннинг «ишлаб чиқариш фабрикаси» жадал суръатда дунёдаги биринчи электр давлатига айланмоқда — унинг иқтисодиёти эндиликда тоза энергетика, сунъий интеллект, илғор саноат ва стратегик муҳим материаллар устидан назоратга таянади. Бу янги модел улкан истиқболларга эга, бироқ у жиддий муаммоларга ҳам дуч келмоқда.
Хитой экологик тоза технологиялар (cleantech) соҳасидаги саноат етакчиси сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаган. Ҳозир у қуёш ва шамол энергетикаси ҳамда аккумуляторлар ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги барча қувватларнинг тахминан 60 фоизини назорат қилади, шунингдек, жаҳондаги барча қуёш модулларининг 80 фоизидан ортиғини ишлаб чиқаради. Бу фаолиятнинг кўлами туфайли харажатлар кескин камайди: масалан, сўнгги 10 йилда қуёш модуллари нархи тахминан 80 фоизга пасайди.
Ушбу устунликни мустаҳкамлар экан, Хитой шу билан бирга электромобиллар, шамол турбиналари ва сунъий интеллект сенсорлари каби юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун ҳаётий муҳим бўлган нодир ерости металлари устидан тўлиқ назоратни ҳам қўлга киритди. Бугунги кунда Хитой дунёдаги нодир ерости металлари захираларининг 40–50 фоизига ва уларнинг ишлаб чиқариш ҳамда қайта ишлаш ҳажмининг тахминан 70 фоизига эга.
Хитойнинг айниқса сунъий интеллект соҳасида инновацион салоҳиятни оширишга йўналтирилган катта сармоялари аллақачон самара бера бошлади. Ҳозир дунё бўйича фаолият юритаётган барча сунъий интеллект мутахассисларининг ярмидан кўпи айнан Хитойда фаолият олиб бормоқда, шунингдек, у дунёдаги СИ-патентларнинг тахминан 70 фоизига эгалик қилади. Мамлакат Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) томонидан тузиладиган рейтинг ҳамда бошқа халқаро инновация индексларида етакчи ўнликка киради.
Бунинг барчаси узоқни кўзлаб амалга оширилган стратегик жойлашувнинг ҳайратланарли намунасидир. Жаҳон иқтисодиётидаги кечаётган глобал ўтиш жараёнининг ҳар бир бўлаги — юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун зарур хомашёдан тортиб, янги саноат ва энергетика тизимларини ишлаб чиқиш ва молиялаштиришгача — Хитойга боғлиқ. Сиз нодир ерости металларига етиб боришга интилаётган Америка бўлишингиз ёки тоза энергетика инфратузилмасига муҳтож ривожланаётган мамлакат бўлишингиз мумкин — барибир Хитойга мурожаат қилишингизга тўғри келади.
Монополиянинг заиф томонлари
Хитой қанчалик кучли кўринмасин — муҳим минераллар ва технологияларни етказиб берувчи етакчи экспортчи сифатидаги позицияси ортида мамлакат ўзини халқаро талабга қарам қилиб қўйган. Аслида, Пекин ана шу қарамликдан қутулишга интилмоқда. Лекин бу пайтда бутун дунё бўйлаб кучайиб бораётган протекционизм ва миллий хавфсизликка оид хавотирлар ишлаб чиқариш занжирларини ўзгартирмоқда. Бу эса кўп ҳолларда хитойлик етказиб берувчилардан воз кечишга олиб келмоқда. Бундай ўзгаришлар мамлакат учун жиддий хавф туғдириши мумкин.
Бундан ташқари, Хитойда яқинлашиб келаётган демографик инқироз ҳам хавфни кучайтиради. Ишга лаёқатли аҳоли сони қисқармоқда, кекса аҳолининг умумий аҳоли сонига нисбати ортиб бораётган бир пайтда, туғилиш даражаси эса ўзини-ўзи қайта тиклаш чегарасидан анча пастга тушиб кетган. Ишчи кучи камайиши натижасида даромад ва истеъмол ўсиш суръати секинлашиши мумкин — бу эса Хитой ҳукумати ўрнатишга ҳаракат қилаётган истеъмолга асосланган иқтисодий ўсиш моделини издан чиқариши аниқ.
Хитойдаги сўнгги йиллардаги кўчмас мулк бозоридаги воқеалар бу вазиятни яхшилаётгани йўқ. Сўнгги ўн йилликларда урбанизация жараёни, маҳаллий ҳокимиятларнинг ер сотувига боғлиқлиги ва иқтисодий ўсиш бўйича юқори кутилмалар туфайли бу бозорда нархлар жуда кескин ошган. Шу боис уй-жой Хитой оилалари учун бойлик тўплашнинг асосий воситасига айланганди.
Бироқ талабнинг сустлиги, таклифнинг ортиқча экани ва юкори қарздорлик фондаги ушбу бозорда нархлар пасайиши Хитойда аҳоли бойлигининг камайиши ва истеъмолчилар ишончининг сўнишига олиб келди. 2021 йилдан бери кўчмас мулк нархларининг тушиши Хитойдаги оилаларнинг тахминан 3 трлн юан (424 млрд доллар)лик истеъмол харажатларидан воз кечишига сабаб бўлди. Бунга меҳнат самарадорлигининг секинлашиши ва ёшлар ўртасидаги юксак ишсизлик даражасини (16–24 ёшдаги ёшлар орасида тахминан 17,5 фоиз) қўшсак, Хитойдаги ўрта табақа мамлакат эҳтиёж сезаётган истеъмолчи пойдевори ва инновация моторига айланиши жуда қийин бўлади.
Хитой учун учта тавсиялар
Шундай қилиб, Хитой ўз тараққиётида ҳал қилувчи нуқтага етди. У саноат соҳасида инновацион ва кам углеродли иқтисодиёт машинасини яратди, бу унга глобал даражада нол эмиссияга ўтиш жараёни ва бошланган сунъий интеллект инқилобини бошқариш имконини беради. Аммо бу «электродавлат» барқарор бўлиши учун Пекин учта танловсиз йўналишда жиддий ютуқларга эришиши шарт.
Биринчидан, ишлаб чиқариш самарадорлиги роботлар ёки заводлар сонини ошириш ҳисобига эмас, балки доимий инновациялар, малакани ошириш, самарали бошқарув ва хизматлар соҳасини модернизация қилиш ҳисобига таъминланиши керак. Бу ерда илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмалари (ИТТКИ) фаолияти жуда муҳим: ИТТКИга сарфларни ялпи ички маҳсулотга нисбатан 10 фоизга ошириш саноат самарадорлигини 7 фоизга кўтариши мумкин.
Иккинчидан, Хитой иқтисодиётини ички талаб томон қайта мувозанатлашни жадаллаштиришнинг илғор усулларини топиши керак. Бунда оилалар даромади ва фаровонлигини ошириш, истеъмолчилар ишончини мустаҳкамлаш ва янги иш ўринлари яратиш муҳим. Бу эса, масалан, кексаларни парваришлаш ва соғлиқни сақлаш хизматларини ривожлантириш, ишчи кучини саноат ва кўчмас мулк соҳасидан истеъмолга йўналтирилган тармоқларга ўтказиш орқали амалга оширилиши мумкин.
Учинчидан, Хитой ташқи қарамликни оқилона бошқариши керак. Ҳар қанча ўзини-ўзи таъминлаш кучайтирилмасин, стратегик шерикликлар, олдиндан башорат қилиш мумкин бўлган савдо алоқалари ва ҳамкорликнинг шаффоф қоидалари ҳам зарурлигича қолади.
Келажакда нима бўлишидан қатъи назар, Хитойдаги ўзгаришлар дунё учун жиддий оқибатларга олиб келади. Унинг ижобий жиҳати шундаки, бу трансформация тикланувчи энергия нархини пасайтирмоқда, экологик тоза технологиялар маҳсулотлари таклифини кенгайтирмоқда ва Осиё ҳамда Африкада янги инфратузилма инвестицияларини рағбатлантирмоқда. Хитой ривожланаётган давлатларга иссиқлик энергияси тизимларидан воз кечишга ёрдам бераётган муҳим ўйинчига айланди.
Бироқ «электродавлат» стратегияси Хитойга бошқа давлатларга таъсир кўрсатувчи кучли воситаларни беради. Буни сўнгги пайтлардаги нодир металллар экспортига қўйилган чекловлар яққол кўрсатди. Пекин технология ва саноатдаги муваффақиятлари билан доимо геосиёсий нуқтайи назардан баҳоланади. У хомашё ва юқори технологияли ишлаб чиқариш устидаги назоратни кучайтирмоқда. Шунинг учун бошқа давлатлар қарор қабул қилиши керак: Хитой билан ҳамкорликни фаоллаштириш, ишлаб чиқариш занжирларини диверсификация қилиш ёки Пекиндан тўлиқ қарамликка тушиш хавфини қабул қилиш.
Ҳонгконг ва Осиё-тинч океани минтақаси давлатлари учун бу сигнал очиқ: арзон ишлаб чиқариш даври тугади, янги тараққиёт ва фаровонлик имкониятлари сунъий интеллект, яшил инфратузилма ва рақамли ускуналарда. Хитой бу янги иқтисодиётда етказиб берувчи, ишлаб чиқарувчи ва марказ бўлишни мақсад қилган. Шунинг учун Осиё мамлакатлари (ва биргина улар эмас) мослашишига тўғри келади: Хитой билан ҳамкорлик қилиш, эҳтимолий заиф бўғинларни суғурта қилиш ва ўз саноат моделларини қайта қуриш.





