Logo

«Yandex Go» ишламай қолиши сабабли Қозоғистонда такси нархи уч бараварга ошди

Бугун 16:152 дақиқа

Бўш машиналар камайиб кетгач, айрим ҳайдовчилар йўл ҳақини юқорироқ сўрай бошлаган.

«Yandex Go» ишламай қолиши сабабли Қозоғистонда такси нархи уч бараварга ошди © Yandex Go

Қозоғистонда «Yandex Go» хизмати вақтинча ишламай қолганидан кейин такси нархлари кескин ошгани ҳақида хабарлар тарқалди. Шу сабабли мамлакат Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлиги inDrive хизматига огоҳлантириш юборди.

Бунга 11-октябр куни таксида юриш нархи кескин кўтарилгани ҳақидаги хабарлар сабаб бўлган.

«Фойдаланувчиларнинг оммавий равишда бошқа такси буюртма қилиш платформаларига ўтиши натижасида inDrive хизматига талаб сезиларли даражада ошди. ОАВ хабарларига кўра, айрим ҳолларда сафар нархи қарийб уч бараварга кўтарилган», — дейилади агентлик хабарида.

inDrive’да йўловчи ва ҳайдовчи сафар нархини ўзаро келишиб белгилайди. Бўш машиналар камайиб кетгач, айрим ҳайдовчилар йўл ҳақини юқорироқ сўрай бошлаган.

Компаниянинг маълум қилишича, вазиятни барқарорлаштириш учун хизмат қуйидаги чораларни кўрган:

— комиссияни мажбурий солиқларни қоплаш учун зарур бўлган энг паст даражага туширган;
— йўл ҳақини келишишда таклиф қилиниши мумкин бўлган энг юқори нарх чегарасини белгилаган.

Қозоғистон Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлиги мамлакатда такси буюртма қилиш платформалари бозорида бир нечта йирик хизматнинг таъсири кучли эканини таъкидлади. Шу сабабли такси хизматлари аҳоли учун ҳамёнбоп бўлиши ва нархлар асоссиз оширилмаслиги истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Тадбиркорлик кодексининг 174-моддасига кўра, бозор иштирокчиларининг номаълум доирадаги истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқларига зарар етказадиган ҳаракатлари рақобатни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш аломатларини ўз ичига олиши мумкин.

«Шу муносабат билан агентлик монополияга қарши қонунчиликни бузишга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларга йўл қўймаслик ҳақида ёзма огоҳлантириш юборди», — дейилади хабарда.

Агентлик огоҳлантириш жазо чораси эмас, балки эҳтимолий қоидабузарликларнинг олдини олишга қаратилганини билдирди. Унинг мақсади — истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бозорда ҳалол рақобатни таъминлаш.

Шунингдек, агентлик халқаро амалиётда фавқулодда вазиятлар ва кутилмаган ҳолатларда нархларнинг кескин ошишини чеклаш механизмлари мавжудлигини қайд этди.

Қозоғистонда «Yandex» хизматлари Россиянинг Владимир шаҳридаги маълумотлар марказига қилинган ҳужумлардан кейин ишламай қолган. Қозоғистон сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги эса мамлакат фойдаланувчиларининг шахсий маълумотлари сақланадиган серверлар одатдагидек ишлаётганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Қозоғистонда «Yandex Go» хизматида узилишлар кузатилаётгани ҳақида ёзган эдик.

Теглар

Мавзуга оид