Yandex Uzbekistanʼдан 500 миллион долларлик барқарор ривожланиш ҳисоботи: кимлар ютқазди, кимлар ютди?
Yandex Uzbekistan ҳисоботи оддий корпоратив ҳисобот эмас, балки Ўзбекистон рақамли иқтисодиётининг реал ўзгаришларини кўрсатиб берди.

2018 йилдан буён фаолият юритаётган компания бугун 10 дан ортиқ хизмат орқали мамлакатда 500 миллион доллардан ортиқ иқтисодий таъсир ярата олди. Бу миқдор Ўзбекистон давлат бюджетининг қарийб 0,5 фоизига тенг ва битта хусусий компания учун бу катта кўрсаткич ҳисобланади.
Ҳисоботда қайд этилишича, Yandex Go платформаси 27 минг ҳайдовчи ва 2 минг курйерга доимий даромад манбаи яратган. Уларнинг йиллик даромади 500 миллион долларга яқинлашган, ҳайдовчиларнинг ўртача ойлик даромади эса 8-10 миллион сўм, бу мамлакатдаги ўртача иш ҳақидан икки баравар юқори дегани. Yandex Go энди шунчаки такси эмас, балки юзлаб оилаларнинг иқтисодий таянчига айланиб улгурди.
Кичик бизнес учун ҳам янги имкониятлар очилмоқда. Yandex Market ва Лавка хизматлари орқали 10 мингдан ортиқ сотувчи онлайн савдо қилиш имконига эга бўлди. 2024 йилда уларнинг умумий савдо ҳажми 300 миллион долларга етиб, ўтган йилга нисбатан 50 фоизга ошди. Буни рақамли савдо инқилоби деса бўлади. Кичик дўконлар ҳам энди Тошкентдан Нукусгача мижоз топа олади, реклама ва логистика харажатлари эса кескин камаймоқда.
Бироқ бу рақамларнинг ортида муҳим хавф ҳам бор. Гиг-иқтисод барқарорлик билан бирга ноаниқликни ҳам олиб келади: ҳайдовчилар ва курqерлар учун кафолатлар йўқ, иш вақти чегараланмаган. Яна бир ўйлантирадиган савол: Yandexʼнинг кенгайиши маҳаллий стартапларга рақобатда жой қолдирадими? Бу ҳолат давлат регуляцияси ва меҳнат қонунчилиги учун алоҳида ёндашувни талаб қилади.
Шу билан бирга, компания ижтимоий масъулиятни ҳам эътиборсиз қолдирмади. Компания томонидан 2025 йилда 2 мингдан ортиқ дарахт экиш ташаббуси амалга оширилди, экологик лойиҳалар кенгайтирилди. Бугун 800 мингдан ортиқ ўзбекистонлик Yandex орқали бевосита ёки билвосита даромад топмоқда. Бу эса мамлакат меҳнат бозоридаги сезиларли ўзгаришдир.
Хулоса қилиб айтганда, Yandex Ўзбекистонда нафақат технологик, балки иқтисодий трансформациянинг ҳам двигателига айланди. Аммо бу ўсиш жараёнида бир савол очиқ қолмоқда: рақамли қулайлик инсон меҳнатининг қадрини пасайтирмайдими?
Г.Бозорова тайёрлади.





