Logo

«Yandex»га ҳужум, «Uzum»da носозлик

Россиядаги дата-марказларга дронлар ҳужуми Марказий Осиёда «Yandex» хизматларини издан чиқарди. Қолаверса, кўпчилик фойдаланадиган «Uzum Market» фаолиятида катта техник узилиш кузатилди. Бу икки ҳодиса ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик борми? Биз ҳар куни фойдаланадиган рақамли хизматлар фавқулодда вазиятларда ишлашни давом эттиришга қанчалик тайёр?

Украина дронлари «Yandex» компаниясининг Россиядаги учта дата-марказига ҳужум қилиши ортидан Қозоғистон, Қирғизистон ва ҳатто Ўзбекистонда ҳам такси чақириш, овқат буюртма қилиш ва бошқа рақамли хизматларда узилишлар бўлди.

Шу билан бирга, компания Қозоғистон фойдаланувчиларининг шахсий маълумотлари мамлакат ҳудудида сақланишда давом этганини билдирди. Юз берган узилишлар Марказий Осиёдаги рақамли иқтисодиёт бошқа мамлакатлардаги серверлар ва ҳисоблаш тизимларига қанчалик боғлиқ эканини яққол кўрсатди.

Хўш, ҳужум ўзи қачон уюштирилди?

8–11-октябр кунлари Россиядаги «Yandex»нинг учта дата-марказига Украиna дронлари ташланди. Биринчи ҳужум Рязан вилоятининг Сасово шаҳридаги марказга уюштирилди. У ерда сунъий интеллектни ишлаб чиқиш учун ишлатиладиган иккита суперкомпютер ҳам жойлашган эди. Ҳужумдан сўнг марказ бутунлай ишлашдан тўхтади.

Кейинги ҳужум Калуга шаҳридаги дата-марказга берилди. Оқибатда унинг айрим ускуналари ишдан чиқди.
11-октябр куни эса навбатдаги ҳужум Владимир вилоятидаги марказ фаолиятининг тўхташига олиб келди. «Yandex» ҳужумлар оқибатида инфратузилмасига зарар етганини тасдиқлади. Компания ходимларидан ҳеч ким жабрланмаганини билдирди. Мутахассислар ҳисоблаш ишларини фаолиятини давом эттираётган бошқа марказларга кўчиришни бошлади. Бироқ ишдан чиққан ускуналар қачон тўлиқ тикланиши ҳозирча номаълум.

«Reuters» хабарига кўра, Россия дата-марказларига қилинган ҳужумлар Россиянинг Украинага қарши уруши давомида иқтисодий ва технологик инфратузилмага берилаётган зарбалар кенгайиб бораётган бир пайтда юз берди.

Ҳужумларнинг оқибатлари тез орада Россиядан ташқарида ҳам сезилди. 11-октябр куни Қозоғистонда фойдаланувчилар «Yandex Go» орқали такси чақириш, «Yandex Eats» орқали овқат буюртма қилиш ва «Yandex Lavka» орқали озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишда муаммоларга дуч келди.

Электр самокатларни ижарага олиш ва бошқа иловаларда ҳам узилишлар кузатилди. «Yandex Go» хизматидаги узилишлар фақат Ўзбекистон ва Қозоғистон билан чекланмаган. Фойдаланувчилар ва ОАВ хабарларига кўра, Арманистон, Беларус, Сербия ва Грузияда ҳам хизмат фаолиятида муаммолар кузатилган.

Ҳайдовчилар ва курерларга буюртмалар келмай қолган. Ресторанлар ва дўконлар эса айрим мижозларига хизмат кўрсатиш имкониятидан вақтинча маҳрум бўлган. «Yandex Qazaqstan» техник муаммоларни тасдиқлади. Кечга бориб такси буюртма қилиш хизмати яна ишлай бошлади, бироқ айрим функцияларда чекловлар сақланиб қолди.

Компаниянинг тушунтиришича, серверлар ишламай қолганда, улардаги ҳисоблаш вазифалари бошқа ресурсларга ўтказилади. Аммо бу жараён дарҳол амалга ошмайди ва вақт талаб қилади.

Шунга ўхшаш узилишлар Қирғизистон ва Ўзбекистонда ҳам кузатилди. Фойдаланувчилар такси чақириш, етказиб бериш хизматларига буюртма бериш ва йўл ҳақи нархларини кўришда муаммоларга дуч келди.

Қирғизистонда «Yandex»нинг маҳаллий бўлинмаси муаммоларни тан олди. Компания бир мамлакатдаги инфратузилмага етган зарар бошқа мамлакатлардаги иловалар фаолиятига ҳам таъсир қилиши мумкинлигини тасдиқлади.

Марказий Осиё учун бу шунчаки вақтинчалик ноқулайлик эмас. Рақамли платформалар шаҳар иқтисодиётининг муҳим қисмига айланган. Ҳайдовчилар, курерлар, ресторанлар, дўконлар ва етказиб бериш хизматлари ўз ишида ушбу иловаларга таянади.

Илова буюртмаларни қабул қилишни тўхтатса, кўплаб тадбиркорлар ва хизмат кўрсатувчилар мижозларидан айрилиши мумкин. Бироқ Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда юз берган узилишлар туфайли қанча молиявий зарар кўрилгани ҳақида ҳозирча ишончли ҳисоб-китоблар йўқ. Қанча буюртма йўқотилгани ва ҳамкорларга етган зарар қопланадими ёки йўқми — бу ҳам номаълум.

Узилишлар «Yandex»нинг молиявий хизматларига ҳам таъсир қилди. Компаниянинг финтех йўналиши раҳбари Дмитрий Пирогов 11-октябр куни фойдаланувчилар вақтинча «Yandex Pay» орқали ҳисобидаги пул миқдорини текшириш, харидлар учун тўлов қилиш ва пул ўтказиш имкониятидан маҳрум бўлганини очиқлади.

Унинг айтишича, ҳисоблар ҳақидаги маълумотлар бир нечта нусхада сақланади. Текширувлар давомида маълумотлар йўқолмагани аниқланган. Бироқ маълумотларнинг сақланиб қолиши молиявий операциялар узлуксиз ишлашини кафолатламади. Бу ҳолат айниқса Қозоғистон учун муҳим масалани юзага чиқарди.

Кенг кўламли узилишлардан кейин бир савол туғилади: нега Қозоғистон қонунчилиги шахсий маълумотларни мамлакат ичида сақлашни талаб қилса-да, Россиядаги серверларга етган зарар Қозоғистондаги иловаларнинг ҳам ишламай қолишига сабаб бўлди?

«Yandex Qazaqstan» компанияси Қозоғистоннинг маълумотларни ҳимоя қилиш ва сақлаш талабларига риоя қилишини билдирди. Аммо фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини мамлакат ичида сақлаш барча ҳисоблаш жараёнлари ҳам шу ерда амалга оширилади, дегани эмас. Замонавий рақамли платформалар ўз вазифаларини турли мамлакатлардаги серверлар ўртасида тақсимлайди.

Масалан, фойдаланувчининг шахсий маълумотлари Олмаота ёки Қарағандида сақланиши мумкин. Лекин йўловчини ҳайдовчи билан боғлаш, йўл ҳақини ҳисоблаш ва буюртмаларни тақсимлаш каби вазифалар бошқа мамлакатдаги серверларнинг ҳисоблаш қувватига боғлиқ бўлиши мумкин. Агар ўша серверлар ишламай қолса, мамлакат ичидаги маълумотлар базаси бутунлай сақланиб қолган тақдирда ҳам илова ишламай қолиши мумкин.

«QCloudy» булутли хизматлар компанияси асосчиси Нурбек Содиқов «Digital Business» нашрига берган изоҳида бундай тизим халқаро платформалар учун одатий эканини тушунтирди.

Ҳар бир мамлакатда барча зарур сервер ва ҳисоблаш ускуналарини алоҳида сақлаш қимматга тушади. Шу сабабли компаниялар ўз инфратузилмасини бир нечта ҳудудга тақсимлайди. Бироқ захира серверлари ишдан чиққан марказ бажарган барча вазифаларни ҳар доим ҳам дарҳол ўз зиммасига ололмайди.

«Yandex»нинг Қозоғистонда ҳам ўз булутли инфратузилмаси мавжуд. Компания 2024-йилда Қарағанди шаҳрида ускуналари жойлашган «Yandex Cloud» ҳудудини ишга туширган. Аммо мамлакатда маҳаллий дата-марказнинг мавжудлиги «Yandex Go» ва бошқа хизматларнинг барча функциялари айнан шу марказда ишлайди ёки авария юз берганда уларнинг барчасини шу ерга кўчириш мумкин, дегани эмас.

Бу эса рақамли мустақилликни фақат серверларни мамлакат ичида жойлаштириш билан боғлаш қанчалик тўғри эканини шубҳа остига қўяди. Хизматларнинг ишончли ишлаши учун захира ҳисоблаш қуввати, мустақил алоқа каналлари, маълумотларни ўзаро мувофиқлаштириб бориш ва вазифаларни бир марказдан бошқасига тез ўтказиш имконияти ҳам зарур.

Бундай хавф фақат Россия компанияларига хос эмас. Америка, Хитой ва бошқа мамлакатларнинг халқаро булутли платформаларидан фойдаланганда ҳам шундай муаммолар юзага келиши мумкин. Аммо Россиянинг Украинага қарши уруши яна бир хавфни юзага чиқарди: техник носозликлардан ташқари, дата-марказлар жисмонан ҳам йўқ қилиниши мумкин.

Захира нусхалар маълумотларнинг йўқолиб кетишидан ҳимоя қилади. Лекин бир вақтнинг ўзида бир нечта йирик ҳисоблаш маркази ишдан чиқса, улар хизматларнинг узлуксиз ишлашини кафолатламайди.

Қирғизистонда октябр ойидаги узилишлар такси ва етказиб бериш бозорининг битта йирик платформага қанчалик боғланиб қолганини ҳам муҳокама қилишга сабаб бўлди. Депутат Достон Бекешев хорижий иловага кириш имкониятига боғлиқ ҳолда даромад топадиган ходимлар дуч келиши мумкин бўлган хавфларга эътибор қаратди. У маҳаллий рақамли ечимларни ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Бироқ илованинг маҳаллий компанияга тегишли бўлиши ўз-ўзидан хавфсизликни кафолатламайди. Миллий хизматлар ҳам хорижий серверлар, тўлов тизимлари ва алоқа каналларига боғлиқ бўлиши мумкин. Агар уларнинг инфратузилмаси ҳам худди шундай ташкил этилган бўлса, катта узилиш юз берганда оқибатлар деярли бир хил бўлиши мумкин.

Қозоғистон учун бу масала ўзининг ҳисоблаш қувватларини ривожлантиришга қаратилган йирик инвестициялар сабаб ҳам жуда муҳим ҳисобланади. Мамлакат мавжуд электр энергияси имкониятлари ва янги халқаро алоқа йўналишларидан фойдаланиб, минтақавий маълумотларни қайта ишлаш ва сунъий интеллект марказига айланишни мақсад қилган. Бироқ янги дата-марказлар қуриш ва мавжуд рақамли хизматларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш бир-биридан фарқ қиладиган вазифалардир.

Октябр ойидаги узилишлар мавжуд тизимнинг муайян заиф томонини очиб берди: Қозоғистон фойдаланувчиларининг маълумотлари мамлакат ичида сақланган бўлиши мумкин, аммо ҳайдовчилар буюртмаларни ололмаган, йўловчилар эса такси чақира олмаган. Демак, хизматларнинг узлуксиз ишлаши учун маълумотлар қаерда сақланишидан ташқари, уларни қайта ишлайдиган серверлар қаерда жойлашгани ва асосий марказ ишдан чиққанда уларнинг ўрнини қайси захира тизимлар эгаллаши ҳам муҳимдир.

«Uzum Market» нега ишламай қолди? «Yandex»даги ёнғин билан боғлиқми?

Ўзбекистонда ҳам шу кунларда кўпчилик фойдаланадиган «Uzum Market» фаолиятида катта техник узилиш кузатилди. Фойдаланувчилар илова ва сайт билан боғлиқ муаммоларга дуч келди, буюртмаларни расмийлаштириш ва топширишда ҳам узилишлар бўлди. Бу узилишлар «Yandex»га қилинган ҳужумлар фонида бўлгани боис ижтимоий тармоқларда «Uzum Market»даги узилиш ҳам «Yandex»даги ҳодиса билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги муҳокама қилинди. Бироқ бу икки ҳодиса ўртасидаги тўғридан-тўғри боғлиқлик тасдиқланмаган. «Uzum» носозликни тизимларни режали янгилаш жараёнида юзага келган техник муаммо билан изоҳлаган.

Бу воқеалар муҳим саволни ўртага чиқарди: биз ҳар куни фойдаланадиган рақамли хизматлар фавқулодда вазиятларда ишлашни давом эттиришга қанчалик тайёр? Чунки биргина техник носозликнинг ўзи ҳам харидорлар, сотувчилар ва буюртмалар тизимига таъсир қилиши мумкин.

Теглар

Асадбек Комилов

Асадбек КомиловМақолалар сони: 340

Барчаси

Мавзуга оид