Logo

«Yangi Bank»нинг «етим ука»си: «Yangi Finance» кредитларининг учдан иккиси қайтмаяпти

Бугун 14:044 дақиқа

Ёпилган «Yangi Bank» билан бир гуруҳга кирувчи «Yangi Finance» микромолия ташкилотининг кредит портфели бир йилда икки баробарга пасайди. Активлар ва капиталида ҳам манзара деярли бир хил. Бу ташкилот ҳам «Yangi Bank» ортидан ёпилиши мумкин.

«Yangi Bank»нинг «етим ука»си: «Yangi Finance» кредитларининг учдан иккиси қайтмаяпти © Yangi bank

«Yangi Bank» ёпилганига 10 ой бўлган бўлса-да, унга алоқадор «Yangi Finance» микромолия ташкилоти (ММТ) ҳамон ишлаб турибди, бироқ ташкилот портфели жуда тез қисқариб, муаммоли кредитлари кўпаймоқда. Бу Марказий банк маълумотларида акс этган.

2026-йил 1-октябр ҳолатига «Yangi Finance» портфели 56,6 млрд сўмни ташкил қилди. Бир йил олдин бу кўрсаткич 126,2 млрд сўм эди. Кредит портфели бир йил ичида икки баробардан кўпроққа камайди.

Бундан ташқари, шу даврда ташкилот активлари ва капиталида ҳам ўхшаш манзара кузатилмоқда. Активлар 139,5 млрд сўмдан 66,6 млрд сўмга тушди, капитал эса 38,9 млрд сўмдан 18,5 млрд сўмга қисқарди.

Кўрсаткич, млрд сўм

2025-йил 1-октябр

2026-йил 1-октябр

Ўзгариш

Жами активлар

139,5

66,6

−52%

— шундан соф кредитлар

106,4

25,4

−76%

Жами мажбуриятлар*

100,6

48,1

−52%

Жами капитал

38,9

18,5

−52%

— шундан устав капитали

2,0

2,0

0

 

 

 

 

Манба: Марказий банк. *Мажбуриятлар активлардан капитални айириб ҳисобланган.

 

Муаммоли кредитлар (NPL) эса 35,6 млрд сўмга етди. Бу портфелнинг 62,9 фоизи деганидир. Ўзбекистон микромолия бозори бўйича бу энг ёмон кўрсаткичлардан биридир. Октябр бошида муаммоли кредитлар ҳажми капиталдан қарийб икки баробар кўпроқ бўлиб қолди.

Рисунок1

Манба: Марказий банк

Портфелнинг қисқариши янги кредитлар деярли берилмаётганини кўрсатади. Тушум асосан эски қарзларни ундиришдан келмоқда. Қарзини тўлайдиган мижозлар қарзни ёпиб чиқиб кетмоқда, тўлолмайдиганлари эса портфелда қолмоқда. Шу сабабли муаммоли кредитлар улуши ойдан-ойга ёмонлашмоқда.

Зарар балансда аллақачон акс этмоқда

1-октябр ҳолатига «Yangi Finance»нинг соф кредитлари атиги 25,4 млрд сўм. Демак, 56,6 млрд сўмлик ялпи портфелга тахминан 31,2 млрд сўм захира ажратилган. Бу муаммоли кредитларнинг қарийб 88 фоизини қоплайди.

Қопланмаган қисм 4–5 млрд сўм атрофида. Яъни капитал ҳозирча мусбат, аммо бу кейинги ойлардаги тахминий зарарлардан сўнг ўзгариши эҳтимолдан холи эмас.

«Yangi Finance» қарз маблағлари ҳисобига ишлаган

2026-йил 1-феврал ҳолатига унинг 94,4 млрд сўмлик мажбуриятларининг 76,5 млрд сўми, яъни 81 фоизи банклардан жалб қилинган маблағлар эди.

Устав капитали бутун давр давомида қонунда белгиланган энг кам миқдорда, яъни 2 млрд сўм бўлиб қолган. Капиталнинг қолган қисми аввалги йилларда тўпланган фойдадан иборат.

Капиталнинг камайиши тезлашмоқда. Мартдан октябргача у 29 млрд сўмдан 18,5 млрд сўмга тушди, яъни ойига ўртача 1,5 млрд сўмга камайди. Бу суръат сақланса, капитал тахминан бир йилда тугайди.

Мажбуриятлар эса февралдаги 94,4 млрд сўмдан октябрда 48,1 млрд сўмга тушди. Демак, шу даврда кредиторларга қарийб 46 млрд сўм қайтарилган. Бу пул асосан портфелдан қайтган тўловлар ҳисобига йиғилган.

Активларнинг фақат 25,4 млрд сўми кредитлардан иборат. Қолган 41 млрд сўмлик активларнинг таркиби, яъни пул маблағлари, дебиторлик қарзлари ва бошқалар ошкор қилинмаган.

«Yangi Bank» билан алоқаси

«Yangi Finance» 2022-йилнинг июнида рўйхатдан ўтган ва ўша ойнинг ўзида ММТлар реестрига киритилган. У «Yangi Bank»дан бир йил олдин пайдо бўлган. Иккаласи ҳам «Yangi Group» таркибига киради. Гуруҳга «Yangi Payment» ва «Yangi Crypto» компаниялари ҳам тегишли.

 

«Yangi Finance» (ММТ)

«Yangi Bank»

Эгаси

«Yangi-Group» МЧЖ ХК — 99,95%

«Yangi-Group» — 100%

Якуний таъсисчи

«Yangi Holding Pte Ltd» (Сингапур)

«Yangi Holding Pte Ltd» (Сингапур)

Раҳбар

Директор Тимофей Смирнов (реестр бўйича)

2025-йилнинг ёзидан бошқарув раиси Тимофей Смирнов

Ҳолати

Реестрда, ҳисобот топширмоқда

2026-йил 15-январдан лицензияси йўқ, тугатилмоқда

 

Икки ташкилот ўртасида тўғридан-тўғри молиявий алоқа ҳам бўлган. 2025-йил 25-февралда «Yangi Bank» ва «Yangi Finance» ўртасида 25 млрд сўмлик кредит келишуви тузилган. Битим аффилланган шахс билан тузилган битим сифатида ошкор қилинган. Ўша пайтда ММТнинг банклардан олган қарзи 82 млрд сўм эди. Шундан қанча қисми «Yangi Bank»ка тегишли экани маълум эмас.

Бу савол муҳим. Агар ММТ қарзининг катта қисми «Yangi Bank»дан олинган бўлса, энди у банк тугатиш комиссияси ундириши керак бўлган актив ҳисобланади. Тугатиш комиссияси эса аввало омонатчилар ва кредиторлар манфаатини кўзлайди.

Гуруҳнинг яна бир заиф нуқтаси — «Yangi Bank»нинг ўзи. Лицензия чақириб олинган пайтда банкнинг зарари 171 млрд сўмдан ошган, хусусий капитали эса 500 млрд сўмлик талаб ўрнига 182,9 млрд сўм бўлган. Марказий банк раиси Тимур Ишметовнинг айтишича, банкни инвесторларга сотиш варианти ҳам кўриб чиқилган, бироқ харидор топилмаган. Гуруҳ банкни капиталлаштира олмаган бўлса, ММТни қўллаб-қувватлаш имкони ҳам чекланган бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк «Yangi Bank»нинг лицензиясини чақириб олгани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид