Logo

Янги иғво: «икки миллат ўртасида низо қўзғашмоқчи»

Кеча 20:1314 дақиқа

1990 ва 2010-йилларда Қирғизистонда ўзбек-қирғиз фожиалари юз берган, ўша вақтда кўплаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган. Аммо буни уюштирганлар ҳеч қандай жазо олмагани айтиб келинади. Жапаров ҳам сайловлардан олдин буни ёдга олди. Президентнинг ўтмишни эслашига сабаб нима бўлди? Ушбу видеода шу ҳақда сўз боради.

Ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида ким низо қўзғатмоқчи? Икки халқ ўртасида ўтмишда юз берган келишмовчиликлар яна такрорланиши мумкинми?

Қирғизистон президенти Садир Жапаров айнан шундай хавфдан огоҳлантирди. Унинг айтишича, айрим сиёсатчилар бўлажак президентлик сайловларини барбод қилиш учун ўзбеклар ва қирғизлар орасига нифоқ солишга уринмоқда.

Жапаров миллатлар ўртасидаги муносабатларга путур етказмоқчи бўлган иғвогарларга нисбатан кескин чоралар кўрилишини айтди. Шунингдек, давлат ҳар қандай провокацияни бостиришга қодирлигини таъкидлаб, икки халқни ёлғон хабарларга ишонмасликка чақирди.

Жапаров мамлакат тарихидаги 1990 ва 2010-йиллардаги ўзбек-қирғиз фожиаларини ёдга олиб, ўша вақтда кўплаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлгани, аммо буни уюштирганлар ҳеч қандай жазо олмаганини таъкидлади. Айтилишича, улар ўзаро адоватни авж олдириб, ўзлари четда томошабин бўлиб, жараённи мамнуният билан кузатиб туради. Бунинг устига, ўша воқеалардан кейин оддий оилаларнинг фарзандларигина умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилган.

Президент ҳар икки миллат вакилларини иғволарга берилмасликка, оқсоқолларни эса бундай воқеаларни кўрмаган 20–25 ёшдаги қизиққон ёшларни миллатлараро тўқнашувларнинг аянчли оқибатларидан огоҳлантиришга чақирди. Унинг айтишича, бугунги Қирғизистон аввалгидек ожиз давлат эмас. Агар хавфли вазият юзага келса, «давлатнинг бир-икки кун ичида тартибсизликларга чек қўйишга кучи ҳам, имконияти ҳам етади».

Шунингдек, Жапаров айрим кучлар халқни «Хитой мавзуси» билан чалғита олмагач, энди қирғизлар ва ўзбекларни бир-бирига қайраш режасига ўтганини билдирди. У ғанимлар сафида «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темирйўли қурилиши якунланишидан хавфсираётганлар ҳам борлигини қўшимча қилиб, уларни «узоқни кўра олмайдиган, тор фикрлайдиган ва нияти бузуқ одамлар» деб атади.

Мухолифларини огоҳлантирар экан, президент бугунги кунда ҳуқуқ-тартибот идораларининг техник имкониятлари кенглиги, мамлакат бўйлаб ўн минглаб видеокамералар ишлаётгани ва ҳар қандай жиноий режа 40 дақиқа ичида фош этилишини эслатди.

«Тегишли органлар сизни жавобгарликка тортаётганида панжара ортида ўтириб олиб: “Мен мутлақо бегуноҳман, мени фақат сиёсий сабабларга кўра ҳибсга олишди, ноҳақ суд қилишяпт”, деб бақириб юрманг. Ҳали кеч эмас экан, ақлингизни йиғинг ва ноқонуний ҳаракатларингизни тўхтатинг! 30 йил давомида тартибсизликлар гирдобидан чиқа олмай, охир-оқибат ботқоққа ботиб қолганимизни халқ ҳали унутгани йўқ», — дея хулоса қилди Садир Жапаров.

Хўш, Жапаров тилга олган йиллардаги воқеалар ҳақида нималар маълум?

Қонли тўқнашувлар

1990-йилнинг ёзида Совет Қирғизистони ҳудудида маҳаллий аҳоли билан ўзбеклар ўртасида ер талашиш оқибатида қонли тўқнашувлар бошланди. Бу воқеалар тарихда «Ўш воқеалари» номи билан қолган.
Ўша йили Қирғизистонда ер танқислиги муаммоси кескинлашди. Гап шундаки, Ўш ва Фрунзе (ҳозирги Бишкек) каби йирик шаҳарларга қишлоқ жойларидан одамлар оммавий равишда кўчиб кела бошлаган, бироқ Совет Иттифоқи қонунчилиги уларга уй-жой қуриш учун ер ажратишни назарда тутмаган эди.

Бундан норози бўлганлар 1990-йилнинг баҳори давомида бир неча бор митингларга чиқиб, уй қуриш учун ер беришни талаб қилди. Аммо уларнинг талаблари бажарилмади. Натижада намойишчилар талаблар билан чекланмай, агар ер ажратилмаса, уни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишларини айта бошлади.

Норозиликлар давомида бир нечта қирғиз ёшлар ҳаракати ҳам пайдо бўлди. Уларнинг талаблари турлича эди: айримлари ер ажратилишини талаб қилган бўлса, бошқалари СССРдаги ислоҳотларни тезлаштиришни ёқлади. Яна бир гуруҳ эса қирғиз тили ва маданияти сақланиб қолиши масаласидан хавотир билдирди.

Бу воқеалар республикада тил тўғрисидаги қонун қабул қилинганидан кейин ҳам давом этди. Унга кўра, қирғиз тили давлат тили, рус тили эса миллатлараро мулоқот тили деб белгиланган эди. Бу қарор Қирғизистонда яшовчи ўзбеклар орасида норозилик уйғотди. Ўша вақтда Жалолобод ва Ўш вилоятларида қарийб 500 минг ўзбек истиқомат қиларди. Улар ўз манфаатлари камситилаётганини билдириб, СССР раҳбариятига мурожаат қилди ва ўзбекларга автономия мақомини беришни сўради.

Миллий низонинг кучайишига ундан олдинги этник тўқнашувлар ҳам таъсир кўрсатди. Ҳали Фарғона водийсида ўзбеклар ва месхети турклари ўртасидаги қонли воқеалар, Бокуда озарбайжонлар томонидан арманларга қарши уюштирилган зўравонликлар, шунингдек, Ереванда баҳор охирида содир бўлган ва радикал гуруҳлар Совет армияси аскарлари билан тўқнашган воқеалар унутилмаган эди. Бежиз эмаски, СССР президенти Михаил Горбачёв ўзининг «Ҳаёт ва ислоҳотлар» китобида ўша даврда жамиятни энг кўп тарангликда ушлаб турган муаммо — миллий масалалар бўлганини таъкидлаган.

Ленин номидаги колхоздаги митинглар

Баҳорнинг охирги кунларида воқеалар жадал ривожлана бошлади. 27-май куни Ўш шаҳрида қирғизлар навбатдаги митингга йиғилди. Улар митингни шаҳар ҳудудига туташ жойлашган Ленин номидаги колхоз ерларида ўтказишга қарор қилди.

Намойишда қарийб беш минг киши қатнашди. Шаҳар раҳбарияти энди бу чиқишни эътиборсиз қолдира олмасди. Воқеа жойига вилоят ижроия қўмитаси раиси борди ва йиғилганларнинг босими остида колхозга қарашли пахта майдонларидан бир неча ўн гектар ерни уй-жой қуриш учун ажратиб беришга ваъда қилди.
Шундан сўнг қирғизлар ажратилиши ваъда қилинган ерда махсус маросим ўтказди. Улар қурбонлик учун от сўйиб, шунча қийинчилик билан қўлга киритилган бу ерни ҳеч кимга бермасликка қасам ичди.

Бироқ муаммо шунда эдики, колхоз ишчиларининг қарийб 95 фоизи ўзбеклардан иборат эди. Улар нафақат шу ерда меҳнат қилар, балки колхоз ҳудудида ҳам яшарди. Шу сабабли ернинг бошқа мақсадда фойдаланиш учун берилиши маҳаллий ўзбеклар томонидан шахсий ҳақорат сифатида қабул қилинди.

30 май куни улар ҳам ҳокимият уй-жой қурилиши учун ажратишга ваъда берган ерда ўз митингини ўтказди. Намойишчилар ўз талабларини илгари сурди: республика таркибида Ўш автономиясини ташкил этиш ва ўзбек тилига давлат тилларидан бири мақомини бериш.

Митинг иштирокчилари норозиликни тўхтатиш учун бажарилиши керак бўлган шартлар рўйхатини тайёрлаб, ҳокимиятга топширди. Улар жавоб бериш учун 4 июнгача муддат белгилади. Қирғизлар ҳам ўз навбатида республика раҳбариятидан шу санагача жавоб кутаётган эди. Низо туфайли бу даврда кўплаб одамлар бошпанасиз қолди. Миллий адоват кучайгани сабабли ўзбеклар ижарада турган уйларидан қирғизларни, қирғизлар эса ўзбекларни чиқариб юбориш ҳолатлари кузатилди. Уй-жойидан айрилган одамлар кўпинча ўз манфаатларини ҳимоя қилаётган намойишчилар сафига қўшилди.

Айтиш жоизки, Ленин номидаги колхозда қирғизларга уй қуриш учун ер ажратилмади. Республика комиссияси бу қарорни қонунга зид деб топиб, фуқароларга бошқа ҳудуддан ер таклиф қилди. Аммо уларнинг айримлари бу таклифга рози бўлмади ва аввал ваъда қилинган пахта майдонларини беришни талаб қилишда давом этди.

«Қонга қон»

4-июн куни эрталаб соат олтидан бошлаб Ленин номидаги колхоз ҳудудига ўзбеклар ва қирғизлар тўплана бошлади. Ўша вақтда Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) ҳам баҳсли ер майдонларида тўқнашувлар бошланишини кутаётган эди. Йиғилганлар орасида ўзбеклар анча кўп эди: уларнинг сони 10 мингга яқинлашган, қирғизлар эса тахминан 1,5 минг кишини ташкил этган. Воқеалар қандай тус олиши мумкинлигини англаган ўзбеклар эҳтиёт чораси сифатида болаларини боғчалардан ҳам олиб кетган эди.
Кечга бориб икки томон бир-бирига рўбарў бўлди. Уларни фақат автоматлар билан қуролланган милиция ходимлари сафидан иборат тўсиқ ажратиб турарди.

Соат 19:00 атрофида, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари турганига қарамай, тўқнашувлар бошланди. Ўша воқеалар ҳақидаги асосий талқинга кўра, спиртли ичимлик истеъмол қилган ўзбек ёшлари милиция тўсиғи ортидан қирғизларга тош ота бошлаган. Кейинроқ улар милиция сафини ёриб ўтишга уринди. Бу сафар тошлар ва шишалар ҳуқуқ-тартибот ходимларига ҳам отилди.

Айтилишича, ўзбеклар икки нафар милиция ходимини ушлаб олганидан сўнг уларнинг ҳамкасблари оломонга қарата ўқ узган. Вазият бутунлай назоратдан чиқиб кетган. Ярим соат давомида оломонни тарқатишга эришилган. Колхоз ҳудудида эса олти нафар ўзбекнинг жасади қолган. Бошқа маълумотларга кўра, улар ҳалок бўлмаган, фақат яраланган эди.

Ўзбеклар ҳалок бўлганларнинг жасадларини қўлларига кўтариб, «Қонга қон!» деган шиорлар билан Ўш шаҳри томон йўл олди. Намойишчилар қирғизлар яшайдиган уйларга бостириб кириб, уларни талон-торож қилди. Йўлда учраган нарсаларни вайрон қилди, автомобилларни ағдариб, ўт қўйди.

Кейин колхоздан шаҳарга қайтаётган бир гуруҳ қирғизлар оммавий норозиликлар оқибатини кўриб қолиб, ўзбекларга қаршилик кўрсатиш учун қўшни қишлоқлардан одам тўплай бошлаган. Ўзбеклар эса шаҳар бўйлаб юриш билан чекланиб қолмади. Улар бир нечта маъмурий биноларни — полиция бўлими, тергов ҳибсхонаси ва шаҳар ижроия қўмитаси биносини эгаллашга ҳам уринди. Бироқ бу ҳаракатлар муваффақиятсиз якунланди: милиция бир неча ўн кишини қўлга олди.

Колхоз ҳудудида йирик тўқнашувнинг олди олинган бўлса-да, кейинги кунларда низо янада авж олди.
5-июн куни шаҳарга қишлоқ жойларидан қирғизлар кела бошлагани, улар йўл-йўлакай ўзбекларни қидириб, уларга ҳужум қилгани, айрим ҳолларда эса ўлдиргани айтилмоқда.

Айни пайтда Қирғизистон ҳудудидаги ўзбеклар кўпчиликни ташкил этган Ўзган шаҳрида қирғизлар оммавий равишда қувиб чиқарилди. Уларни таҳдидлар орқали шаҳарни тарк этишга мажбур қилишди. Уларнинг ўрнига Фарғона водийсидан минглаб ўзбеклар борди. Шу тариқа, миллий низо кучайиб бораётганига қарамай, ҳудуддаги ўзбеклар сони камаймади, аксинча, тахминан 20 минг кишига кўпайди.

Қирғизлар ҳам жавоб ҳаракатларига ўтди. 6 июнга ўтар кечаси уларнинг қуролланган гуруҳи Ўзганга кириб, отишма бошлади. Ҳалок бўлганларнинг аниқ сони ҳанузгача номаълум. Қонли тўқнашувлар энди фақат Ўш вилояти билан чекланиб қолмади. Ўзбекистонда ҳам маҳаллий аҳоли қирғизларга тегишли уйларга ўт қўя бошлагани айтилади. Натижада улар ўз юртига қайтишга мажбур бўлган.

Милиция ходимлари қишлоқлардан Ўш шаҳрига келаётган ва рақибларидан қасос олишни мақсад қилган минглаб одамларни тўхтатишга ҳаракат қилди. Аммо ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг сони бунинг учун етарли эмасди. Қон тўкилишини фақат мунтазам армия ёрдами билан тўхтатишга муваффақ бўлинди. Айрим ҳолларда намойишчилар аскарлар билан ҳам тўқнашган. Бироқ кўп ўтмай улар армияга қарши туришнинг иложи йўқлигини англаган.

Совет Бош прокуратураси маълумотларига кўра, тўқнашувларда икки томондан жами 30–35 минг киши иштирок этган. Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Акаевнинг гувоҳлик беришича, ўша миллатлараро тўқнашувда икки кун ичида юзлаб ўзбек ва қирғизлар беҳуда ҳалок бўлган. Расмий маълумотларда ҳалок бўлганлар сони 300 нафардан ошгани қайд этилган. Бошқа маълумотларга кўра эса, қурбонлар сони 10 минг нафардан кўп бўлган. Шунга қарамай, жиноий жавобгарликка атиги 300 нафарга яқин киши тортилган. Кўп ўтмай, Қирғизистон мустақилликка эришганидан сўнг уларнинг барчаси озодликка чиқарилган.

Республика мўъжиза туфайли иккинчи Қорабоғга айланишдан қутқариб қолингани, бунда эса Ислом Каримовнинг қатъий сиёсати муҳим аҳамият касб этгани айтиб келинади.

Низо яна авж олди

Бундан роппа-роса 16 йил аввал, 2010-йил 10–11-июн кунлари Қирғизистон жанубида узоқ йиллардан бери ёнма-ён яшаб келган ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида миллатлараро тўқнашувлар бошланди. Ўш ва Жалолобод вилоятларида тартибсизликлар тўрт кун давом этди. Тўқнашувларда тартибсизлик иштирокчилари автоматлардан фойдаланди. Ўзбеклар уйларини ташлаб, жон сақлаш учун қочишга мажбур бўлди. Ўша кунларда Ўзбекистон қарийб 75 минг нафар қочқинни қабул қилди. Фақат расмий маълумотларга кўра, 447 киши ҳалок бўлган. Норасмий маълумотларда эса қурбонлар сони бундан тўрт-беш баробар кўп экани айтилади.

Дастлаб, воқеалар ривожи Қирғизистонда 2010-йилнинг апрел ойида бўлиб ўтган давлат тўнтариши билан бошланди. Ҳокимиятдан ағдарилган Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиев Беларусдан сиёсий бошпана сўраб, мамлакатдан қочиб кетди. Роза Отунбаева бошчилигидаги Муваққат ҳукумат президентсиз қолган Қирғизистонда ҳокимиятни ўз қўлига олди. Бу эса мамлакатдаги сиёсий вазиятни ўнгламади, аксинча, миллатлараро тўқнашув вужудга келди. 2010-йилнинг июнига келиб, Қирғизистоннинг Ўш, Боткен ва Жалолобод вилоятларида маҳаллий ўзбек ва қирғизлар ўртасида кенг қамровли можаро содир бўлди.

Кўплаб манбаларда 2010-йил май-июн ойларида Қирғизистоннинг жанубида юз берган аянчли воқеалардан, асосан, ўзбек миллатига мансуб аҳоли жабр кўргани айтилади. Негаки, Ўш ва Жалолобод вилоятлари аҳолисининг катта қисмини ўзбеклар ташкил қилади. Тартибсизликлар пайти воқеа жойида бўлган кўплаб қирғизистонликлар ушбу икки ҳудуддаги йирик босқинни бевосита миллатчилик билан боғлашади. 2010-йилги воқеаларда Ўш ва Жалолободдаги ўзбекларнинг уйлари вайрон қилинган, одамлар тириклайин ёқилган. Ҳаттоки, бешикдаги болаларга ҳам раҳм қилинмаган. Бу воқеаларга Қирғизистон армияси ва бошқа кучишлатар тузилмалари ҳам қаршилик кўрсатмаган.

Ўзбекистоннинг тутган позицияси

2010-йилда юз берган инқироз Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов учун қайсидир маънода янгилик эмасди. У бундай фавқулодда вазиятларга олдин ҳам гувоҳ бўлган. Хусусан, СССР парчаланиши арафасида советларнинг босқинчиларга хос бўлган «бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил» сиёсати ўз мевасини бераётган эди. СССР таркибида тузилган мустақил республикалар чегараси ўтган асрнинг 20–30-йилларида шундай «маҳорат» билан чизилган эдики, мабодо улар мустақил бўлишга интилса, албатта, ўзига қўшни бўлган давлатлар билан можарога бориши ва ҳатто, урушга кириши керак бўлган. Тарихан бундай тактика босқинчи давлатга мустақил бўлишга интилган мамлакатларни ўз таркибида ушлаб қолишда қўл келган. Ўтган асрнинг 90-йилларида Грузия, Чеченистон, Тоғли Қорабоғ ҳамда Қирғизистон миллатлараро конфликтни бошдан кечирган. Ушбу даврда Ўзбекистон ССРга раҳбарлик қилган Ислом Каримов юқоридаги ҳолатларнинг гувоҳи бўлган.

2010-йилга келиб, мустақил Ўзбекистоннинг президенти Ислом Каримовнинг ўзи бундай сиёсий имтиҳондан ўтишига тўғри келди. Қирғизистоннинг жанубида қирғинга учраган ўзбек миллатининг 100 минглаб вакили Ўзбекистон томонга қочиб ўтган. Ўзбекистоннинг ўша вақтдаги ҳукумати улар учун Андижон вилоятида вақтинчалик махсус лагерлар ташкил қилган, яшаш учун керакли бўлган барча бирламчи манбалар билан таъминлаган.

Каримовнинг олдида Қирғизистон томонидан келганларга ёрдам кўрсатиш, бошпана беришдан ҳам кўра оғирроқ вазифа бор эди. Табиийки, бундай пайтда Ўзбекистон аҳолиси орасида Қирғизистондаги миллатдошлари ва кўпчиликнинг қариндошлари қирғинга учраётгани ҳақидаги агрессив характерга эга хабарлар тарқалган. Каримовнинг вазифаси эса Ўзбекистонда яшовчи ўзбекларга чегарани бузиб, Қирғизистон томонга ўтиш ва Ўшдаги можарога қўшилишга йўл қўймаслик бўлган. Бу вазифа эса аъло даражада бажарилган.

Отунбаеванинг ўзи Каримов намойиш этган характерни донолик даражасида олқишлаган. Отунбаева 2010-йил 11-июн куни Каримов билан гаплашган. Ислом Каримов чегарани ёпиши ва ҳеч кимни ўтказмаслигини айтган.

«Уларнинг орасида ҳам қариндошларига, миллатдошларига ёрдам беришни истаган кўплаб ватанпарварлар бор эди. Агар улар Қирғизистонга ўтганида, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида уруш бошланиши мумкин эди. Каримов буни сезди ва тўғри қарор қабул қилди. Уларнинг орасида қароқчилари, назоратсиз гуруҳлари ҳам бўлган, аммо Каримов бундай можаронинг олдини олишга муваффақ бўлди. У Қирғизистонга ўша вазиятдан чиқиши учун шароит яратиб берди, десам адашмайман», — деган эди Отунбоева.

Тагига етилмаган текшир-текширлар

2010-йилнинг июнида юз берган этник можародан сўнг, ўша йилнинг ўзидаёқ фожиа сабабларини ўрганиш учун дарҳол халқаро, миллий, мустақил комиссиялар ташкил этилди. Миллий комиссия ишига алоҳида эътибор қаратилди. Чунки ушбу комиссия мамлакат расмийлари ташаббуси билан тузилган ва ҳар ким ўз ишининг натижалари қандай бўлишига қизиқиш билдирганди. Натижа эса кутилганидан ҳам ошиб тушди. Отунбаева раҳбарлик қилган Муваққат ҳукумат кўплаб танқидларга учради.

2010-йилнинг охирида терговни тугатган Миллий комиссия раҳбари Абдуғани Эркебаев мамлакат парламентида маъруза қилди ва баланд минбардан туриб, қирғизлар ва ўзбеклар ўртасидаги ҳақиқий қирғиннинг олдини олишда муваффақиятсизликка учраган Муваққат ҳукуматни айблади.

Бундан ташқари, Миллий комиссия томонидан олиб борилган тергов жараёнида ўша даврда бош вазир, кейинроқ президент бўлган Алмазбек Атамбоев ва ўтиш даври президенти Роза Отунбаева Жалолобод ва Ўш вилоятларида содир бўлган миллатлараро тўқнашувнинг асосий ташкилотчиларидан бири, ўзбек диаспораси раҳбари Қодиржон Ботиров билан учрашгани тасдиқланган.

Бўлинишлар

Муваққат ҳукуматни шакллантирган Социал-демократик партияси вакиллари Ўш воқеалари бўйича текширув ўтказган миллий комиссия раиси Абдуғани Эркебаевни қаттиқ танқид қилди. Уларнинг фикрига кўра, комиссия хулосаси «шошилинч равишда юзаки ўтказилган ва ҳатто баъзи жойларида ёлғон ҳам ишлатилган». Қирғизистоннинг собиқ молия вазири Темир Сариевга кўра, муваққат ҳукумат Қирғизистон жанубида қон тўкилиши учун жавобгар эмас.

Миллий комиссия ўз ҳисоботини ўқиб эшиттирганидан кейин, ҳатто, Муваққат ҳукумат аъзоларига қарши жиноий иш қўзғатишни таклиф қилганлар ҳам бўлди. Ўша вақтлар «Ота-Юрт» фракциясидан депутат бўлган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ раҳбари Қамчибек Тошиев Муваққат ҳукумат аъзоларини сиёсий жавобгарликка тортилишини талаб қилган.

«Ўш воқеалари» бўйича халқаро тергов

Ўтиш даври президенти Роза Отунбаева 2010-йилдаёқ «Ўш воқеалари»нинг асл сабабларини аниқлаш учун мустақил халқаро тергов ўтказишга чақирган. Натижада Қирғизистоннинг тадқиқот комиссияси — 2010-йил июн ойида мамлакат жанубидаги этник низоларни ўрганиш бўйича халқаро мустақил комиссия тузилди. Унинг таркибига Франция, Буюк Британия, Эстония, Австралия, Туркия ва Россиядан келган етти кишидан иборат мутахассис киритилди.

Ушбу Тадқиқот комиссиясига финляндиялик сиёсатчи, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Парламент Ассамблеясининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили бўлган Киммо Килюнен раҳбарлик қилди. Бир йилга яқин давом этган терговда юзлаб гувоҳларнинг интервюси, Ўш ва Жалолободда содир бўлган воқеаларнинг минглаб фотосуратлари ва видеофильмлари ўрганилганидан сўнг, 2011-йил 3-май куни комиссиянинг батафсил ҳисоботи эълон қилинди.

Ҳисоботда айтилишича, мутахассислар ҳарбий жиноятлар ёки геноцид бўйича далиллар тополмаган, аммо баъзи зўравонлик ҳаракатлари инсониятга қарши жиноятлар сифатида баҳоланган. Қирғизистон томони дарҳол бундай ҳисоботни танқид остига олди. Ҳукумат баёнотида ушбу ҳисобот қабул қилинмайдиган ва бир томонлама деб номланди. Унда этник ўзбеклар фақат «ҳимоясиз қурбонлар» сифатида баҳолангани айтилди. Баёнотда, шунингдек, халқаро терговчилар «фақат бир этник гуруҳ аъзолари томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисида кўпроқ маълумот олишга мойилликни намойиш этгани, этник қирғизлар томонидан берилган қурбонлар эса эътиборсиз қолдирилгани»ни таъкидлади. Ўшанда Бишкекда Килюненни ўзбекларнинг ёнини олиш учун ҳатто пора олганликда айблашган. Бунга жавобан Килюнен айбловни «кулгили» ва «катта ёлғон» деб атаган.

Бугун эса Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатлари ўтмишдагидан тубдан фарқ қилади. Икки давлат ўртасидаги чегара масалаларини ҳал қилиш, ўтиш пунктлари фаолиятини яхшилаш ва фуқароларнинг ўзаро қатновини енгиллаштириш бўйича муҳим келишувларга эришилган.

Ўзбекистондан Қирғизистонга, Қирғизистондан Ўзбекистонга одамлар қариндошларини кўриш, дам олиш, савдо қилиш ва ишлаш учун бориб-келади. Икки мамлакат ўртасида автобус йўналишлари ва авиақатновлар ҳам мавжуд. Савдо-иқтисодий алоқалар кенгайиб, қўшма корхоналар ва йирик инфратузилма лойиҳалари ривожланмоқда.

Давлат раҳбарлари даражасидаги мулоқот ҳам мунтазам давом этмоқда. 2026-йил июл ойида Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров икки давлат муносабатларини иттифоқчилик даражасига кўтарувчи шартномани имзолади. Томонлар савдо ҳажмини ошириш, транспорт алоқаларини ривожлантириш, энергетика ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишиб олди.

Буларнинг барчаси бугунги ўзбек-қирғиз муносабатлари фақат тарихий келишмовчиликлардан иборат эмаслигини кўрсатади. Икки халқни асрлар давомида боғлаб келган қўшничилик, қариндошлик ва маданий яқинлик бугун ҳам давом этмоқда.

Шу боис ўтмишдаги фожиаларни унутмаслик билан бирга, бугунги дўстликни асраш ҳам муҳим. Жапаров огоҳлантирганидек, халқлар орасига нифоқ солишга қаратилган ҳар қандай уринишга нисбатан ҳушёр бўлиш керак. Зеро, ўзбек ва қирғиз халқларининг тинчлиги ва ҳамкорлиги ҳар икки давлат манфаатига хизмат қилади.

Теглар

null null

Vaqt.uzМақолалар сони: 1784

Барчаси

Мавзуга оид