Logo

Ер, уй ва кадастр: минглаб фуқароларни қийнаётган саволлар

Кадастр ва хатлов масалалари кўплаб фуқароларни қизиқтирадиган мавзулардан бири. Хатловдан фойдаланиб, ер майдонини кенгайтирб олса бўладими? Эгалик ҳуқуқи қай ҳолатларда эътироф этилади ёки рад этилади? Кадастр номидаги одам вафот этган бўлса, фарзандлар ўз номига ҳужжатларни қандай расмийлаштириб олади?  Уй-жой ва ер участкасини расмийлаштиришда нималарга эътибор бериш лозим? Шу ва бошқа саволларга Кадастр агентлиги марказий аппарати масъул ходими Баҳодир Мадиёров жавоб берди.

 

Олдинги акция ёки ундан олдин ер участкасини ҳужжатлаштириб олган (яъни 6 сотих эгалик ҳуқуқи олинган). Ҳозирги хатловдан фойдаланиб, майдонини кенгайтирб олса бўладими?

 

— Бугунги кунда амалиётда айнан мана шу қонунни, мана 2024-йил 5-августда қабул қилинган ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисидаги қонун ижроси юзасидан, айнан сизнинг саволингиздан келиб чиқадиган бўлсак, қонуннинг биринчи моддасида саккизта ҳолатдаги ер участкаларига, яъни ўша фуқаролар томонидан ўзлаштирилган, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига эътироф этиш масаласи қонуннинг биринчи моддасида саккизта ҳолат кўрсатиб ўтилган. Яъни, сиз айтган ўша олти сотих ер майдонини янада кўпроқ, ўша амалда фойдаланиб турган майдонига кўпроқ кенгайтириб олиш масаласи бўладиган бўлса, бунда қонуннинг ўзида ҳам ҳажмлар билан боғлиқ бўлган моддаси белгилаб ўтилган. У ерда аниқ ва тиниқ қилиб ёзилган. Яъни, бунда 1998-йил 1-июльга қадар фуқаролар томонидан ўзлаштирилган ерлар учун бутун республика бўйлаб 24 сотихгача эътироф этиш масаласи кўрилади. Ва 1998-йил 1-июльдан 2018-йил 1-майга қадар ўзлаштирилган ер участкалари, ўша фуқаролар, юртдошларимизнинг ер участкаларига, бунда Тошкент шаҳри ва вилоят марказлари учун олти сотихгача, қолган ҳудудларга 12 сотихгача бўлган ер майдонлари эътироф этиш масаласи кўрилади. Яъни, бунда юртдошимизнинг олти сотихга бўлган эгаллик ҳуқуқи эътироф этилган бўлса, бугунги кунда амалда ортиқча эгалланган ҳудуд, яъни ўша фуқаронинг эгаллаб турган ер участкасига туташ қисмида жойлашган бўлса, қонуннинг ўзида ҳам асосий ва қўшимча шартларда кўрсатиб ўтилган. Айнан ўша ҳудуд ўша ер участкасига туташ қисмида жойлашган бўлиши шарт. Ва ўша қисми бўйича фуқаронинг ўзига деҳқон хўжалиги, томорқа хўжаликлари маҳсулотларини етиштириш учун фуқаронинг ўзига бириктириб бериш масаласи кўрилади.

 

Бунда энди қонунда ўзида ҳам кўрсатиб ўтилган асосий ва қўшимча шартларга риоя этилганлиги айнан ўша фуқарога бириктириш учун асос бўлади.

 

Турар жой қилиб эмас, фақат томорқа ва деҳқон хўжалиги учун қўшиб олса бўлади. Ва энг асосийси, низоли ҳудуд бўлмаслиги керак?

 

Албатта. Чунки қонуннинг ўзида асосий шартлардан айтиб белгиланганки, мазкур ер участкаси фойдаланиш даврида жисмоний ва юридик шахслар ўртасида низо мавжуд бўлмаслиги, муқаддам айнан ўша ер участкаси электрон онлайн савдога қўйилмаган бўлиши, ўша ер участкасида фойдаланиш даврида ер солиғи, мол-мулк солиғидан қарздорлиги мавжуд бўлмаслиги асосий шартлари. Ва бунда энди қўшимча шартлари бўладиган бўлса, қонуннинг 16-моддасида кўрсатиб ўтилган ваколатли органлар, яъни ўша газ тармоқлари, сув қувурлари ёки катта йўл муҳофаза минтақа ҳудудларида жойлашмаганлиги, бош режага зид бўлмаслиги, мана шу жиҳатларига эътибор қаратилади.

 

—Саволим 937-сонли Қонун бўйича. Уй  2002-йилгача бўлган кейин айрим сабабларга кўра бузилган. 2024 йил янги уй қайта қурилди. У этироф этиладими. Яъни саволни умумлаштирсам, 2018-йилгача уй бўлиб бузилган ва ўрнига 2018-йилдан кейин янги уй қурилган. Янги уй эътироф этиладими?

 

—Албатта. Бугунги кунда мана шу қонунни ижроси юзасидан хатлов ишларини амалга ошириш бу танлов асосида эмас. Яъни, бунда ялпи хатлов. Ялпи хатловда ҳам биз қандай хатлов ишларини қандай амалга оширамиз? Бунда айнан ўша туманларда маҳаллаларга ажратиб олиниб, айнан ўша маҳаллаларда маҳалла ичида ўша аҳоли, бир нечта аҳоли яшаш пунктларини полигонларга ажратиб олинади. Яъни, бунда ўша битта полигонда оладиган бўлсак, 20 та хонадон жойлашган бўлса, ҳар биттаси хатловдан ўтказилади. Сабаби, боя юқорида айтилгандек, саккизта ҳолатга қайси бирига тушишини танлаб олиш учун ҳам ҳар биттаси хатловдан ўтказилади ва бу қурилган йилига нисбатан келадиган бўлсак, 2018-йилдан кейин қурилган бўлса ҳам, хатловдан ўтказилади ва бунда қонуннинг ўша 16-моддасида белгиланган платформага, эътироф платформасига муҳокамага киритилганда, бу қайси йилларда қурилганлиги ўшанда аён бўлади ва бунда ваколатли орган томонидан хулоса расмийлаштирилади.

 

Қандай ҳолатларда 2018-йилгача уй қурилганига қарамасдан кўчмас мулкларга ҳуқуқлар эътироф этилмайди?

 

—Бунда энди мана хатлов ишлари, яъни бунда эгаллик ҳуқуқи эътироф этилиш масаласи кўрилмайдиган объектларга оладиган бўлсак, бугунги кунда бўш ер участкасига нисбатан тадбиқ этилмайди, кўп қаватли турар жойларга нисбатан ва давлат мулки бўлган объектларга нисбатан қонун тадбиқ этилмайди. Энди қайси қурилмаларга нисбатан, айтайлик, сизнинг саволингиздан келадиган бўлсак, 2018-йилдан олдин қурилган бўлса ҳам, бугунги кунда қайси ҳолатлардаги иморатларга, ўша мулкларга эътироф этилмайди? Яъни, бунда ўша, чунки аввалги акцияларда ҳам амалиётда учраган, ўша кичкина учга тўрт бино қурсанг, эртага ўша кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб, ўша акциядан фойдалана оласан деган тушунчада юрган юртдошларимизга эслатма сифатида ҳам ўринли айтмоқчимиз. Қонуннинг ўзида ҳам таъкидланганки, ўша фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига, унда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш учун айнан ўша турар жой мақомига эга бўлган, у ерда уни бир нечта талаблари бор: яшаш шароити, ҳожатхонаси, ошхонаси, ўша атрофи, чегараси ўралган бўлиши, ўша уй-жой қурилганлиги факти бўлиши керак бўлади.

 

—Агар кадастр номидаги одам вафот этган бўлса, фарзанлар ўз номига ҳужжатларни қандай расмийлаштириб олади? Фуқаролар нима қилиши керак?

 

Сиз айтаётганингиз мерос масаласи. Ўша мулкдор, айтайлик, бугунги кунда вафот этган бўлса ва ўша кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш билан боғлиқ бўлган масала, бугунги кунда айнан ўша ер участкасини кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлиб, ўша кўчмас мулк объекти белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса, бунда 937-сонли қонун асосида эмас, белгиланган тартибда ўша туманларда жойлашган, туман-шаҳарлардаги нотариал идораларига мурожаат қилиб, ўша мерос масаласини, меросга бўлган гувоҳномани расмийлаштириш ишларини амалга ошириш мумкин бўлади. 937-сонли қонун доирасида ўша мулкдор вафот этган бўладиган бўлса, бунда ҳам 937-сонли қонунда ҳам адолат принциплари, тамойилларига асосланган ҳолда ишлаб чиқилган қонун. Сабаби, бунда ўша кадастр ҳужжати йўқ, лекин мулкдор вафот этган бўладиган бўлса, хатлов ишларини амалга оширганда кўчмас мулкнинг фойдаланувчиси, яъни эгаси қилиб марҳумнинг номи киритилади ва марҳумнинг номига ўша белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилади ва давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг ўша мерос иши нотариал идорасида расмийлаштириш назарда тутилган.

 

—Атрофдаги қўшнилар билан биргаликда ҳамма ўз Ер участкасига кадастр ҳужжати қилиб олган. Лекин ўртада бир ер участкасида ҳозиргача қурилиш қилмасдан фақат томорқа, деҳқончилик мақсадида фойдаланиб келинган. Қўшниларни ҳаммаси уй-жой қуриб олган. Кадастр ҳужжатини қилиб қўйган лекин ҳеч қандай қурилиш қилмаганлар хужжатларини расмийлаштириш мумкинми?

 

—Қонуннинг ижроси учта ҳолатдаги ер участкаларига нисбатан тадбиқ этилмайди. Яъни, бунда бўш ер участкасига, давлат мулки бўлган объектларга ва кўп қаватли турар жойларга нисбатан эътироф этилмаслиги қонуннинг ўзида ҳам белгилаб ўтилган. Яъни, энди бунда сиз бугунги кунда ўша фуқаромиз, юртдошимиз, ўша ер участкасида ҳеч қандай иморат, қурилиш ишлари амалга оширилмаган бўлса, бу қонун доирасида кўриб чиқилмайди. Сабаби, бунда бўш ер участкасига нисбатан эътироф этилмаслиги белгилаб ўтилган.

 

—Айтиб ўтганингиздек, учга тўрт бино қуриб қўйиб, кейинчалик кадастр расмийлаштириб беради деган тушунчадан йироқ бўлиши керак.

 

—Хатловда ер участкасини ройхатга олиш тартиби қандай. Кадастр рақам берилиши, солиқ учун смс келиши, толовни қандай қилиши, неча кунда жавоби чиқиши. Жароёнларни одамлар қандай кузатиб боради?

 

—Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисидаги 937-сонли қонуннинг ижроси икки босқичга бўлинган. Яъни, биринчи босқичда Кадастр агентлиги туман-шаҳар филиали ходимлари, ўша Кадастр агентлигимиз ҳузуридаги Давлат кадастрлари палатаси туман-шаҳар филиаллари ходимларимиз томонидан хатлов ишларини амалга оширади. Иккинчи босқичда қонуннинг 16-моддасига асосан ўша ваколатли органлардан ташкил топган ишчи гуруҳ. Бу ерда энди хатлов ишларини амалга оширишда Кадастр агентлигининг туман-шаҳар филиали ходимлари томонидан ўша маҳалла чегараларига бўлиниб, битта, айтайлик, Дўстлик маҳалласининг бир нечта полигонига ажратиб олинади ва ўша полигонга битта мутахассис бириктирилади. У ўша мутахассис томонидан ўша полигонда жойлашган, айтайлик, битта полигонда 20 та ер участкаси мавжуд бўладиган бўлса, ҳар биттаси хатловдан ўтказилади. Хатловдан ўтказиш босқичида қонунда ўзида ҳам белгиланганки, ўша ер участкасига оид олти хил турдаги маълумотлар киритилади. Яъни, бунда ўша мулкдорнинг, ер участкасидан фойдаланувчининг исми-шарифи, телефон рақами, ер участкасининг майдони, унда қурилган бино ва иншоотлар тўғрисидаги маълумотлар ва ўша ер участкасининг ўлчамлари тўғрисидаги маълумотлар айнан ўша тизимга киритилади. Бунда энди ўша ер участкасига оид маълумотлардан келиб чиқиб, ўша Кадастр агентлиги томонидан ишлаб чиқилган автоматлаштирилган ахборот тизими, тизимнинг номи “Эътироф”. Айнан мана шу тизим орқали муҳокамада кўриб чиқилади ва ўша фуқароларимизга ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этишгача бўлган босқичлар айнан мана шу тизим орқали амалга оширилади. Бунда энди хатлов ишлари амалга оширилди. Айтайлик, ўша Дўстлик маҳалласи хатлов ишлари якунланди ва ўша қонуннинг 16-моддасига асосан “Эътироф” платформасига муҳокамага киритилади. Муҳокамага киритилиш босқичида ўша 60 кун мобайнида, бугунги кунда ўша муддатда кўриб чиқилади ва 60 кундан кейин ўша 18 та вазирлик, идоралар томонидан хулоса бериш ишлари якунига етказилгандан сўнг, бир ой эълонда туриши, бу тизимда апрокшиния дейилади, ўша эълонда тургани сабаби, Тошматов Ҳасаннинг уй-жойи бошқа фуқарога расмийлаштириб қолмаслиги ёки ўша айнан ўша ер участкасида низо мавжуд эмаслиги. Бунда энди фуқаролар қандай билади деганимизга, ўша тизимда очиқ платформа бўлиб, ўша тизимда кўриш ва билиш имконияти яратилган.

 

Ўзининг уйини кўриши, айтайлик, бугунги кунда ўша маълумотлар базамизда мавжуд бўлмаган объект бўладиган бўлса, айнан ўша ер участкаси хатловдан ўтказилиб, ўша тизимга киритилгандан кейин... Энди айнан ўша ер участкасига кадастр рақами берилади. Яъни бунда уникал рақам дейилади, мутахассислар тилида айтганда, уникал рақам. Яъни бунда бу такрорланмас рақам. Ўша ер участкасига берилдими, кейинги ер участкасига тақдим этилган кадастр рақами бир-бирининг устига такрорланиб қолмайди. Ўзининг ер участкасини ўша кадастр рақами орқали ЭРИ калити билан кадастр эътироф платформасига кирганда, ўша тизимда қайси босқичда эълонда турганлиги, кимнинг номига ўша ер участкаси расмийлаштирилаётганлиги, кўриш ва билиш имконияти тўлиқ яратилган.

 

Ана энди бунда бир ой эълонда тургандан сўнг, Адлия вазирлигига ўша якуний хулоса қабул қилиш учун Адлия вазирлигига ўтилади, кейинги босқичда. Адлия вазирлиги томонидан якуний хулоса тақдим этилгандан сўнг, фуқарога бир марталик СМС хабарнома боради, ўша халқ депутатларининг тегишли қарорлари қабул қилиниши учун. Фуқаролар ўша тегишли қарорлар қабул қилиниши учун бир марталик тўловни амалга оширганда, халқ депутатлари вилоят кенгашларининг тегишли қарорлари расмийлаштирилади ва мана шу хатлов ишлари амалга оширилиб, тизимга, муҳокамага киритилган босқичдан то ўша кенгашнинг қарорлари қабул қилингунга қадар бўлган босқич айнан мана шу тизимда амалга оширилади ва якунида фуқаролар ўзининг ЭРИ калити, электрон калити орқали кенгашнинг қарорларини олиш имкони яратилган бўлади ва бунда фуқаролар ўша кўчмас мулкига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлари асосида Давлат хизматлари маркази ёки my.gov.uz портали орқали кадастр паспортларини расмийлаштириш ва унга ўша айнан ўша кўчмас мулкига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун мурожаат қилишлари мумкин.

 

—Нотурар жойни турар жой тоифасига ўтказиш тартиби қандай ва нималарга эътибор қаратиш лозим?

 

—Нотурар жой объектини турар жойга ёки бўлмасам, турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказиш, бунда ҳужжатларни расмийлаштириш белгиланган тартибда Давлат хизматлари маркази орқали мурожаат қилинади ва ўша туман, шаҳар бўлимлари, архитектура бўлимлари томонидан тегишли хулосалар расмийлаштирилади. Ўша тоифаси ўзгартиришга расмийлаштирилган рухсатнома ўша кўчмас мулк объектини давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўлиши белгилаб ўтилган қонунчиликда. Лекин энди нималарга эътибор берадиган бўлсак, бугунги кунда айтайлик, ўша нотурар жойни турар жойга ёки бўлмасам, турарни аксинча, турар жойни нотурар жойга ўтказиш бўйича рухсатномалар расмийлаштиришда нималарга эътибор бериш керак. Бугунги кунда нотурар жойни турар жойга ўтказиш ҳолатида айнан ўша турар жойга ўтказиш учун турар жойга ихтисослашган бўлиши керак бўлади. Яъни бунда ўша яшаш хона, умумий фойдали майдони, ҳожатхона, ошхона, яшаш ҳолатидаги ўша энг муҳим ихтисослиги тўғри бўлган ҳолатларда тегишли рухсатномалар расмийлаштириб берилади, бу архитектура томонидан.

 

—99 йилга ижарага берилаётган ер-участкасини хусусийлаштириш тартиби қандай?

 

—Мана бу бўйича 937-сонли қонунда икки хил ҳуқуқ, яъни кўчмас мулкларда ўша фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ижара ҳуқуқи 99 йилга ва унда қурилган кўчмас мулк, бино ва иншоотларига бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш қонунда ўзида ҳам белгиланган. Яъни бунда ўша кенгашда тегишли қарорлар қабул қилинишида ҳам кўчмас мулкларга мулк ҳуқуқи, ер участкасига 99 йиллик ижара ҳуқуқи билан расмийлаштирилади. Ортиқча эгалланган ҳудудларига бўладиган бўлса, деҳқон хўжалиги, томорқа хўжаликларини етиштириш учун 49 йиллик ижара ҳуқуқи. Бу ерда энди ижаранинг муддатларида фарқи бор. Ана энди 99 йиллик учун ажратилган ижара ҳуқуқи билан тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш имконияти бор. Қонунчиликда бугунги кунда амалиётда мавжуд бўлиб, ўша қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш билан боғлиқ 71-сонли қарорга асосан хусусийлаштириш учун ариза бериш мумкин.

 

Ҳар қандай бугунги кундаги ўша ҳар қандай кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, унга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, тегишли рухсатномаларни расмийлаштириш, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун, боя юқорида ҳам эфир орқали ҳам савол бериб ўтдингиз, ана бир нечта ҳар қандай хизматлардан фойдаланиш учун бугунги кунда Давлат хизматлари маркази ёки my.gov.uz порталидан фойдаланиш мумкин.

 

Хусусийлаштириш учун ўша белгиланган тартибда ариза тақдим этилади ва уни кўриб чиқилади, хусусийлаштириш давлатномалари расмийлаштириш масаласи кўрилади.

 

—Ҳозиргача қанча объект хатловдан ўтказилди, қанча ер участкасига ҳуқуқий мақом эътироф этилди?

 

—Бугунги кунда қонун ижроси юзасидан статистик маълумотларга келадиган бўлсак, ҳозирги кечаги кундузда хатлов ишлари амалга оширилаётган бўлиб, жами 1 миллион 500 мингдан ортиқ бўлган кўчмас мулк объектлари хатловдан ўтказилди ва 1 миллиондан ортиқ кўчмас мулк объектлари УЗКАД тизимига олиб ўтилди ва бунда ўша УЗКАД тизимида шаклланган ўша ер участкалари тўғрисидаги маълумотлардан 590 мингга яқин кўчмас мулк объектлари, ер участкалари тўғрисидаги маълумотлар эътироф тизимига, муҳокама жараёнига, ўша муҳокама босқичига олиб ўтилди. Бугунги кунда ўша 590 мингга яқин бўлган кўчмас мулк объектлари қонуннинг 16-моддасига асосан тегишли ташкилотлар томонидан кўриб чиқиш ишлари амалга оширилмоқда. Шундан 82 мингга яқин фуқароларнинг ўша халқ депутатлари кенгашининг қарори билан тегишли ўша ер участкаларига ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларига бўлган ҳуқуқлар эътироф этилди. Шундан фуқароларнинг, юртдошларимизнинг мурожаатига кўра, бояги айтиб ўтилгандай, Давлат хизматлари маркази орқали мурожаатига кўра, ўша тегишли қарорларни илова қилган ҳолда, яъни бунда бу қонунда кўзланган мақсад ўша юртдошларимизнинг бугунги кунда ўзбошимчалик билан, яъни бунда нима учун ўзбошимчалик билан? Бугунги кунда кадастр ҳужжати мавжуд бўлмаган ёки маълумотлар базамизда мавжуд бўлмаган ҳар қандай кўчмас мулк объектига ўзбошимчалик билан деган таъриф, термин ишлатилади. Яъни бунда, яъни ўша қонундан кўзланган мақсад фуқароларимизнинг кўчмас мулкига ҳужжатлари тўлиқ бўлмаган ёки умуман ҳужжатлари расмийлаштирилмаган ер участкаларини белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиб олиш эди. Яъни ўша тегишли қарорлар қабул қилингандан сўнг фуқароларимизнинг мурожаатига асосан 24 мингдан ортиқ кўчмас мулк объектларининг кадастр паспортлари шакллантирилди ва унга бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилди.

 

 

Бахтиёр Тўхтаев, журналист

Оператор-монтажчи: Мирвоҳид Мирраҳимов

Теглар

Бахтиёр Тўхтаев

Бахтиёр ТўхтаевМақолалар сони: 25

Барчаси

Мавзуга оид