add

Европа Иттифоқи жазолаган Рустам Мўминов, иқтисодиётдаги хушхабар ва ишга тушган «Шовот–Тошҳовуз» — 17 ноябр дайжести

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Европа Иттифоқи жазолаган Рустам Мўминов, иқтисодиётдаги хушхабар ва ишга тушган «Шовот–Тошҳовуз» — 17 ноябр дайжести

Мирзиёев пахтачиликни ривожлантирадиган янги таклифларни маъқуллади

Президент Шавкат Мирзиёев пахтачилик самарадорлигини ошириш бўйича тақдим этилган янги таклифларни маъқуллади. Унга кўра, Аграр университет ва соҳавий олийгоҳларда битирувчилар учун икки йиллик «дуал таълим» жорий этилиб, талабалар илғор кластер ва фермер хўжаликларида амалий ўқувдан ўтади. Паст ҳосилдорликка эга хўжаликларга юқори натижа кўрсатган фермерлар устоз сифатида бириктирилиб, натижа яхшиланса 5 млн сўм мукофот олади. Президент маҳаллий пахта навларини тезроқ яратиш учун фитотрон ва иссиқхоналар қурилиши ҳамда агродронлар, сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан фойдаланишни кенгайтиришни қўллаб-қувватлади.

Таклифлар қаторида 2026 йилдан пахта, ғалла, мевалар ва дуккакли экинлар учун ихтиёрий суғурта тизимини жорий этиш, суғурта мукофотининг ярмини давлат қоплаши, ҳамда 75 турдаги субсидияларни ягона платформадан ажратиб борадиган Аграр тўлов агентлигини ташкил этиш ҳам бор. Геномика маркази ва Пахтачилик институтидаги янги инфратузилмалар нав яратиш муддатини 2,5 баробар қисқартириб, импорт уруғига эҳтиёжни тугатиши кутилмоқда. Президент мазкур чора-тадбирларни маъқуллаб, мутасаддиларга амалий вазифалар юклатди.

Ўзбекистон иқтисодиётининг ҳақиқий ҳажми очиқланди: ЯИМ 121,4 млрд доллар

Тошкентда ўтган халқаро конференцияда Ўзбекистон ЯИМи қайта ҳисоблаб чиқилди ва мамлакат иқтисодиётининг ҳақиқий кўлами аввалги ҳисоб-китобларга нисбатан юқорироқ экани маълум қилинди. Миллий статистика қўмитаси раиси Беҳзод Ҳамраевнинг айтишича, 2024 йил учун номинал ЯИМ 1 454,6 трлн сўмдан 1 535,4 трлн сўмгача ошган — бу 80,9 трлн сўм ёки 5,6 фоизлик қўшимча ўсиш демак. Доллардаги ҳисобда эса ЯИМ 115 млрд доллардан 121,4 млрд долларга кўтарилган. Аҳоли жон бошига ЯИМ 41,3 млн сўмни ташкил этган. Умумий ўсишнинг асосий сабабларидан бири — бюджет қамровининг тўлиқлаштирилиши ва натижада 36,4 трлн сўмлик илгари қайд этилмаган қўшилган қийматнинг ҳисобга олинганидир.

Қайта баҳолаш тармоқлар кесимида ҳам қўшимча қийматни очди: саноатда +12,7 трлн сўм, хизматларда +16,3 трлн, қурилишада +10,3 трлн ва қишлоқ хўжалигида +5,6 трлн сўм. Мутасаддиларга кўра, ЯИМнинг қайта ҳисобланиши фуқароларнинг кундалик харажатларига дарҳол таъсир қилмайди, аммо халқаро рейтинглар, инвесторлар ишончи ва иқтисодий сиёсат самарадорлигини оширади. Режаларга кўра, Ўзбекистон ЯИМи 2030 йилга бориб 200 млрд долларга, жон бошига ЯИМ эса 5000 долларга етказилиши мақсад қилинган.

Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ягона геосиёсий ва геоиқтисодий минтақага айланди — Абдулазиз Комилов

Абдулазиз Комиловнинг таъкидлашича, Озарбайжоннинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашуви форматига расман қўшилиши минтақа геосиёсий манзарасини тубдан ўзгартирди ва Марказий Осиё ҳамда Жанубий Кавказни ягона геосиёсий-геоиқтисодий маконга айлантирди. Унинг фикрига кўра, саммит арафасида президент Шавкат Мирзиёевнинг мақоласи иштирокчилар учун ижобий муҳит яратиб, кун тартибини белгилашда асосий ўрин тутди. Камилов БМТ бош котибининг табрик мактубида Марказий Осиё жараёни бошқа минтақалар учун муваффақиятли ҳамкорлик модели сифатида эътироф этилганини ҳам қайд этди.

Комилов таъкидлаганидек, Илҳом Алиевнинг нутқида Озарбайжоннинг қўшилиши икки минтақа ўртасидаги боғлиқликни кучайтириб, хавфсизлик ва барқарорликка хизмат қилиши алоҳида урғу билан айтиб ўтилди. Президентлар нутқларидаги ёндашувлар янада уйғунлашиб, Марказий Осиёнинг халқаро майдонда ягона овоз сифатида шаклланаётгани кўзга ташланмоқда. Комилов интеграция жараёни бу босқичга келганида президент Шавкат Мирзиёевнинг роли ҳал қилувчи бўлганини таъкидлаб, «Минтақада чин маънодаги сиёсий-иқтисодий революция содир бўлди», дея хулоса қилди.

Европа Иттифоқи ўзбекистонлик тадбиркорни жазолади

Европа Иттифоқи ўзбекистонлик тадбиркор Рустам Мўминовни 19-санкциялар пакетига киритди. Расмий маълумотларга кўра, Мўминов бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон, Россия ва Буюк Британия фуқаролигига эга бўлиб, унинг назоратидаги Фарғона кимё заводи пахта целлюлозаси ишлаб чиқаради. ЕИ байонотига кўра, завод маҳсулотининг бир қисми Россиянинг Перм ва Қозон шаҳридаги қурол ишлаб чиқариш корхоналарига етказилган ва ҳарбий қурол-яроғ тайёрлашда қўлланган. Корхона йиллик 30 минг тонна қувватга эга бўлиб, маҳсулотнинг 90 фоизи экспортга йўналтирилади.

Orginfo манбасига кўра, 2023 йилда завод Mercury Renaissance компаниясига тегишли бўлиб, Мўминов 60 фоиз, шериги Шахриёр Тожиев эса 40 фоиз улушни назорат қилган. 2025 йил баҳорида Украина ҳам ушбу компанияларни — Mercury Renaissance, Фарғона кимё заводи ва Raw Materials Cellulose’ни санкция рўйхатига киритган, шунингдек, Мўминовнинг ўзига нисбатан шахсий чекловлар жорий этган.

Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари чегараолди савдо зонасини ишга туширди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов «Шовот–Тошҳовуз» қўшма чегараолди савдо зонасини расман ишга туширди. Янги зонада дирекция, божхона, карантин, фитосанитария ва ветеринария хизмати бинолари, савдо павилони, омборлар, банк ва тиббиёт хизматлари, меҳмонхона ҳамда катта автотураргоҳдан иборат инфратузилма барпо этилган. Барча давлат хизматлари «ягона дарча» асосида кўрсатилади.

Мазкур савдо майдони Хоразм вилояти ва Туркманистоннинг Тошҳовуз вилояти ўртасида, умумий 3,5 миллион аҳолига эга ҳудудларда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда. Зонанинг ишга туширилиши икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Европа Иттифоқи жазолаган Рустам Мўминов, иқтисодиётдаги хушхабар ва ишга тушган «Шовот–Тошҳовуз» — 17 ноябр дайжести | Vaqt.uz