
ЯТТлар учун импортдаги 5 минг долларлик чеклов бекор қилинди
Ҳукуматнинг янги қарори билан тадбиркорлик фаолиятида бюрократик тўсиқларни кескин қисқартиришга қаратилди. Жумладан, тадбиркорлар учун 1600 дан ортиқ мажбурий талаблар бекор қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 декабрда қабул қилинган 791-сонли қарори билан тадбиркорлик соҳасидаги 1 600 дан ортиқ мажбурий талаблар бекор қилинди. Қарор тадбиркорлар фаолиятини енгиллаштириш, ортиқча тартиб-таомилларни қисқартириш ва бизнес муҳитини янада эркинлаштиришга қаратилган.
Ҳужжатга мувофиқ, якка тартибдаги тадбиркорлар импортида товар қийматига қўйилган 5 минг АҚШ долларлик чеклов бекор қилинди. Бу янгилик ЯТТлар учун ташқи бозорлар билан ишлаш имкониятларини кенгайтириб, товар айланмасини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда. Шунингдек, туристларга уй-жойни 30 кунгача ижарага бериш, ёғочдан мебел тайёрлаш билан боғлиқ айрим талаблар ҳам ўз кучини йўқотди.
Қарор доирасида ветеринария хизмати назорати остидаги 1568 та товар позицияси бўйича маҳсулотга мувофиқлик сертификати олиш талаби бекор қилинди. Бундан ташқари, туризм хизматларини кўрсатишда фаолиятга хос бўлмаган чекловлар ҳам олиб ташланди. Ушбу чоралар тадбиркорлар учун маъмурий харажатлар ва вақт сарфини сезиларли даражада камайтиради.
Таъкидланишича, бу каби катта ҳажмдаги мажбурий талабларнинг бир вақтда бекор қилиниши Ўзбекистон амалиётида илк бор кузатилмоқда. Ислоҳотлар натижасида тадбиркорлар билан давлат органлари ўртасидаги муносабатлар соддалашиб, бизнес жараёнларида шаффофлик ва тезкорлик ошиши кутилмоқда.
Айни пайтда Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона электрон реестрида 36 мингдан ортиқ талаб мавжуд. Адлия вазирлиги томонидан ушбу реестр доимий равишда таҳлил қилиниб, тадбиркорлик фаолиятига халақит берувчи ортиқча чекловларни босқичма-босқич қисқартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.





