«Дом»ларнинг биринчи қаватида бизнес очиш соддалаштирилмоқда: энди турар жой тоифасини ўзгартириш шарт эмас
Бундан буён фуқаролар ўз уйларининг биринчи қаватида одамларга қулай хизмат турларини, хусусан сартарошхона ва гўзаллик салонлари; кичик савдо дўконлари; ателье ва тикувчилик цехлари; пойабзал ҳамда маиший техника таъмирлаш устахоналарини эркинроқ очиши мумкин бўлади.

Банклар балансидаги 10 трлн сўмлик мол-мулк орқали 40 мингта иш ўрни яратилиши мумкин
Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларда аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказди. Унда туман ва маҳаллаларда иш ўринлари яратиш, банклар балансига ўтган корхоналарни қайта ишга тушириш, хусусий сектор имкониятларидан фойдаланиш ва аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш бўйича вазифалар белгиланди.
Йиғилишда 3 сентябрда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселекторда белгиланган вазифалар ижроси ҳам муҳокама қилинди.
Унга кўра, ҳудудларда ишни ташкил этиш тизими ўзгартирилиб, асосий ваколат ва ресурсларни туман даражасига тушириш белгиланган. Ҳар бир вилоят ва туманда ҳоким бошчилигида штаблар ташкил этилган. Уларда бандлик идоралари, иқтисодий комплекс ташкилотлари, банклар ва маҳаллий ҳокимликлар иштирокида аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш масалалари жойнинг ўзида ҳал қилиниши керак.
Президент айрим раҳбарлар ҳали ҳам ишни кабинетдан туриб ташкил этаётганини танқид қилди. Унинг таъкидлашича, ҳар бир оила ва корхонадаги ҳақиқий ҳолатни ўрганмасдан туриб, бандлик ва камбағаллик муаммоларига ечим топиб бўлмайди.
Банклар балансидаги объектлар ишга солинади
Йиғилишда иш ўринларини кўпайтиришнинг мавжуд имкониятларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.
Қўшкўпир туманида 43 миллион еврога қурилган, 1 300 та иш ўрнига мўлжалланган тўқимачилик корхонаси йил бошидан буён ишламаётгани танқид қилинди. Корхонани қайта ишга тушириш учун банк томонидан кризис-менежер жалб қилиниши мумкинлиги айтилди.
Шунингдек, 124 та корхонанинг 6 триллион сўмлик активларига қўйилган чекловларни қайта кўриб чиқиш ва уларни банк бошқарувига бериш орқали 10 мингта иш ўрнини тиклаш имконияти борлиги қайд этилди.
Оқолтин туманидаги «Оқолтин мега текстиль» корхонаси мисолида банклар балансига ўтган тайёр объектларни қисмларга бўлиб сотиш ўрнига уларни қайта ишга тушириш орқали иш ўринлари яратиш мумкинлиги кўрсатилди.
Умуман, давлат банклари балансида қиймати 10 триллион сўмлик қарийб 2,5 мингта мол-мулк мавжуд. Уларни самарали ишга солиш орқали 40 мингтагача иш ўрнини тиклаш имконияти бор.
Мутасаддиларга бир ҳафта муддатда қарздорлик ҳисобига банклар балансига ўтган корхоналарни тўлиқ хатловдан ўтказиш, йил якунига қадар уларни яхлит ишлаб чиқариш сифатида сотиш ёки менежер тайинлаб, фаолиятини тиклаш чораларини кўриш топширилди.
Эҳтиёжманд оила аъзосини ишга олган корхонага имтиёз
Қишлоқ туманларида эҳтиёжманд оила аъзосини ишга олган корхоналар учун ҳам янги имтиёз жорий этилмоқда.
1 октябрдан бундай ходим бўйича ижтимоий солиқ ставкаси 2 фоиз этиб белгиланади.
Бу орқали эҳтиёжманд оила аъзоларини расмий ишга жалб қилишни рағбатлантириш кўзда тутилмоқда.
Мактаб ва боғчалар орқали ҳам бандликни ошириш режалаштирилмоқда
Йиғилишда хусусий секторни аҳоли бандлиги билан боғлашга қаратилган ташаббуслар ҳам муҳокама қилинди.
Оқолтин туманида тадбиркор томонидан 880 ўринли хусусий мактаб ташкил этилган ва эҳтиёжманд оилаларнинг 110 нафар фарзанди бепул ўқитилмоқда.
Бу моделда боланинг бепул таълим олиши ота-онасининг ишга жойлашиши ва фарзандининг дарсларга мунтазам қатнашишини таъминлаши билан боғланган.
Шунингдек, тадбиркорлар боғча, мактаб ва техникум ташкил этиш бўйича тайёр лойиҳалар билан чиқиб, эҳтиёжманд оилалар фарзандларини бепул ўқитишни таклиф қилса, давлат ер участкаларини 1 миллион сўм бошланғич нарх билан аукционга чиқаришга тайёр экани айтилди.
Ҳазорасп туманидаги тикувчилик корхонасида эса 400 та бўш иш ўрни мавжудлиги, бироқ бола парвариши билан боғлиқ шароитлар етарли эмаслиги сабабли аёллар ишга чиқа олмаётгани қайд этилди.
Корхона раҳбари боғча ташкил этиш учун ер ажратилса, аёллар учун овқатланиш ва транспорт шароитларини яратишга тайёрлигини билдирган.
Кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватларида сервисга рухсат берилади
Аҳоли бандлигини оширишда хизмат кўрсатиш соҳасидан фойдаланиш бўйича ҳам янги ёндашув таклиф қилинди.
Кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида сартарошхона, гўзаллик салони, кичик дўкон, ателье, пойабзал ва маиший техника устахоналари каби хизматларни ташкил этиш мумкин.
Бироқ амалда хонадонни нотурар жойга ўтказиш учун қатор тартиб ва рухсатлар талаб қилиниши қайд этилди.
Шу сабабли биринчи қаватдаги хонадонларни нотурар жой тоифасига ўтказмасдан, уларни савдо ва сервис фаолиятига мослаштиришга рухсат бериш таклиф қилинди. Бунда хабардор қилишнинг ўзи етарли бўлиши мумкин.
Мутасаддиларга бир ой муддатда бундай хонадонларда ташкил этилиши мумкин бўлган хизмат турлари рўйхати ва хавфсизлик талабларини ишлаб чиқиш топширилди.
Бўш объектлар ва ерлар янги лойиҳаларга боғланади
Ҳар бир ҳудудда тўлиқ ишлатилмаётган ёки бўш турган бино-иншоотлар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни кенгайтириш мумкин бўлган ер майдонларини аниқлаш вазифаси қўйилди.
Туман ва маҳаллаларнинг гавжум кўчаларида мастер-режалар асосида тадбиркорлик лойиҳаларини жойлаштириш, тарихий шаҳарлар ва туризм маҳаллаларида кўчаларни «эски шаҳар» услубида таъмирлаш ҳамда меҳмон уйлари, савдо ва сервис шохобчаларини кўпайтириш режалаштирилмоқда.
Қишлоқ ҳудудларида эски боғлар ва қаровсиз ерларни янгилаш, ҳар бир гектардан олинадиган даромадни ошириш орқали қишлоқ аҳолиси учун қўшимча даромад манбалари яратиш зарурлиги ҳам таъкидланди.
Маҳалладаги бўш жойлар ва ташкилот биноларидан фойдаланилади
Кўп қаватли уйлар атрофидаги бўш жойларни аниқлаш, ўзбошимчалик билан эгалланган ҳудудларни тартибга келтириш, болалар майдончалари, спорт ва фитнес ҳудудлари ҳамда яшил майдонлар ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, мактаб, техникум, олийгоҳ ва бошқа ташкилотларнинг бўш хоналари ҳамда асосий хоналаридан дарсдан ташқари вақтда фойдаланиб, ёшлар, аёллар ва ишсиз фуқароларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш муҳитини яратиш вазифаси белгиланди.
Маҳаллаларда жамоатчилик ишларига фаол фуқаролар ва оқсоқолларни жалб қилиш, аҳолини турли ташаббусларга бирлаштириш ва боқимандалик кайфиятини камайтириш зарурлиги ҳам қайд этилди.
Маҳалла билан ишлаш учун янги мувофиқлаштириш тизими
Яқинда имзоланган Президент фармони билан маҳалла тизими билан ишлаш бўйича Бош вазир ўринбосари лавозими жорий этилгани маълум қилинди.
Янги масъул раҳбарга ҳокимлар, туман идоралари, «маҳалла еттилиги» ва банклар фаолиятини ягона тизимда мувофиқлаштириш, улар юритаётган электрон платформаларни бирлаштириш вазифаси қўйилган.
Бундан буён маҳаллага тегишли масалалар бўйича «еттилик»ни мувофиқлаштирувчи раҳбарларнинг алоҳида-алоҳида йиғилишлар ўтказишига йўл қўйилмайди. Барча масалалар ҳафтада бир марта Бош вазир ўринбосари бошчилигида барча раҳбарлар иштирокида муҳокама қилиниши белгиланган.
Йиғилиш якунида маҳаллада ишни тўғри ташкил этиш, давлат сиёсатини қуйи бўғингача етказиш ва ҳар бир оилани барқарор даромад манбаига боғлаш барча даражадаги раҳбарлар учун асосий вазифа экани таъкидланди.





