Эрон Хоманаий ҳалок бўлганини тасдиқлади. Теҳрон бунинг учун қасос олмоқчи
Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Али Хоманаийнинг вафоти тасдиқланганидан сўнг, мамлакат «Қуролли кучлари тарихидаги энг шиддатли ҳужум операцияси» бошланганини маълум қилди.

Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоманаий 28 феврал куни Исроил ва АҚШ ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлди. Бу маълумотни Эрон давлат телевидениеси тасдиқлади.
«Буюк Эрон халқи, Эрон олий раҳбари имом Хоманаий ҳалок бўлди», – дейилади хабарда.
Хоманаийнинг ўлими муносабати билан мамлакатда 40 кунлик миллий мотам ва бир ҳафталик таътил эълон қилинди. Хоманаийдан ташқари Исроил ва АҚШ ҳужумлари оқибатида унинг қизи, куёви, набираси ва келини ҳам ҳалок бўлган. Эрон давлат телевидениеси олий раҳбар Оятуллоҳ Хоманаийнинг маслаҳатчиси адмирал Али Шамхоний ва қуруқликдаги қўшинлар қўмондони генерал-майор Пакпур ҳам ҳалок бўлганини тасдиқлади.
«Олий раҳнамонинг ўлими жавобсиз қолмайди»
Эрон президенти маъмурияти «ушбу улкан жиноят асло жавобсиз қолмаслигини, Эрон ушбу жиноятни ташкил этган ва амалга оширганларни пушаймон бўлишга мажбур қилиши»ни билдирди.
Эрон ҳукумати ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ҳам Хоманаийнинг ўлими учун қасос олинишини таъкидлади. Эрон ҳукумати таъзиясида Хоманаий замонавий фанларни пухта биладиган, доно ва кенг диний билимларга эга, жасоратли шахс сифатида таърифланди.
«Ушбу оғир жиноят ҳеч қачон жавобсиз қолмайди ва ислом олами ҳамда шиалик тарихида янги саҳифа очади. Бу олий мартабали раиснинг пок қони булоқдек қайнаб, Америка-сионистик зулм ва жиноятларини таг-томири билан қўпориб ташлайди. Бу сафар ҳам тўлиқ куч ва қатъият билан биз бу жиноятнинг айбдорлари ва ташкилотчиларини қилган ишларидан пушаймон қилдирамиз», – дейилади баёнотда.
Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Али Хоманаийнинг вафоти тасдиқланганидан сўнг, мамлакат «Қуролли кучлари тарихидаги энг шиддатли ҳужум операцияси» бошланганини маълум қилди.
«Бироз муддатдан сўнг Эрон Ислом Республикаси Қуролли кучлари тарихидаги Исроил ва Америка террорчилик базаларига қарши энг шиддатли ҳужум операцияси бошланади», – дейилади баёнотди.
Ҳокимиятни топшириш режаси
Эрон Олий раҳнамосининг ўлими Эрон ичидаги ва минтақадаги кучлар мувозанатини бутунлай ўзгартириб юбориши кутилмоқда. Хоманаий нафақат диний раҳнамо, балки мамлакатдаги барча стратегик қарорлар, жумладан ядровий дастур ва ташқи сиёсатнинг асосий меъмори эди. Унинг йўқ қилиниши Ислом Республикаси мавжудлиги давридаги энг катта сиёсий ва ҳарбий йўқотиш бўлади.
Ўтган йилги Исроил зарбаларидан сўнг Хоманаий ўзи вафот этган тақдирда ҳокимиятни топширишнинг махсус тизимини белгилаб қўйган эди. «NYT» нашрининг ёзишича, у шахсан ўзи тайинлайдиган ҳар бир ҳарбий ва давлат лавозими учун тўрт босқичли ворислик режасини ишлаб чиққан. Бу тизим тўсатдан юзага келган бошқарув вакуумини тўлдириш ва режим барқарорлигини сақлаб қолишга қаратилган эди. Бошқа юқори лавозимли раҳбарларга ҳам ўзларига тўрттагача ворис топиш вазифаси топширилган.
Бу рўйхатга Али Асғар Ҳижозий, парламент спикери ва собиқ Инқилобий гвардия қўмондони бригада генерали Муҳаммад Боқир Ғолибоф ҳамда собиқ бош қўмондон Яҳё Раҳим Сафавий киради. Исроил ҳарбийлари Ҳижозий ҳам ҳалок бўлганини маълум қилган.
«NYT» гаплашган юқори мартабали эронлик амалдорларга кўра, Хоманаий афзал кўрган номзодлар сифатида қуйидагилар келтирилади:
Суд ҳокимияти раҳбари Ғулом-Ҳусайн Муҳсини-Эжей;
Хоманаийнинг девони раҳбари Али Асғар Ҳижозий;
Ислоҳотчи қанот вакили, Оятуллоҳ Хоманаийнинг набираси Ҳасан Ҳумайний.
Хоманаийнинг ўғли Можтаба ҳам айрим гуруҳлар томонидан эҳтимолий ворис сифатида тилга олинади. Бироқ Хоманаий олий раҳнамо лавозими мерос тариқасида ўтишини истамаслигини билдирган.
Оятуллоҳ Али Хоманаий 1989 йилдан буён Эрон Олий раҳнамоси лавозимини эгаллаб келаётган эди. Унинг бошқаруви даврида Эрон Ғарб билан доимий қарама-қаршиликда бўлди ва ядровий салоҳиятини оширишга интилди. Исроил билан ўн йилликлар давом этган «совуқ уруш» энди очиқ ва ҳалокатли тўқнашув босқичига ўтди.





