Гегемонсиз Евроосиё: ШҲТнинг асл геосиёсий вазифаси нима?
Ташкилот чорак асрлик фаолиятидан кейин янги босқичга ўтмоқда.
© Qirg'iziston Prezidenti matbuot xizmatiШанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўймоқда. Чорак аср муқаддам тузилган бу ташкилот бугунги кунга келиб янги Евроосиё тартибини шакллантирувчи марказлардан бирига айланмоқда.
Бироқ уни фақатгина Европа Иттифоқининг шарқий муқобили ёки Ғарбга сиёсий қарама-қарши куч сифатида қабул қилиш ўта жўн ёндашув бўлар эди. ШҲТ Европа интеграцияси андозасидан нусха кўчирмайди, НАТО каби ҳарбий блок эмас ҳамда ҳозирча ягона иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий маконга эга эмас. Унинг тарихий вазифаси бутунлай бошқача бўлиши мумкин: ташкилот дунёнинг бир марказдан бошқарилишига қарши бўлган давлатлар манфаатларини мувофиқлаштирувчи ўзига хос майдонга айланмоқда. ШҲТнинг асосий геосиёсий аҳамияти ҳам айнан шунда.
Совуқ уруш якунлангач, Ғарб давлатлари АҚШ етакчилигидаги бир қутбли дунё тизими узил-кесил ўрнатилди, деган фикрда эди. Аммо тарих глобал гегемонликнинг абадий ва мутлақ бўла олмаслигини яна бир бор исботлади. Хитой ва Ҳиндистоннинг иқтисодий юксалиши, Россиянинг фаол геосиёсатга қайтиши, Марказий Осиё давлатларининг мустаҳкамланиши ҳамда Туркия, Форс кўрфази ва Глобал Жануб мамлакатлари таъсирининг ортиши дунёда кучлар мувозанатининг кескин ўзгаришига олиб келди.
Бир қутблилик ўрнини ХIХ ёки ХХ асрдаги каби бир неча империяларнинг шафқатсиз рақобатига асосланган анъанавий кўп қутблилик эмас, балки анча мураккаб бўлган халқаро полиархия тизими эгалламоқда. Ушбу тизимда етакчи давлатлар билан бир қаторда ўрта миқёсдаги мамлакатлар, минтақавий куч марказлари, йирик транспорт тугунлари, трансмиллий корпорациялар ва халқаро ташкилотларнинг ўрни тобора ортиб бормоқда. ШҲТ эса мана шу янги воқеликнинг энг ёрқин институционал кўринишларидан бирига айланмоқда.
Бу Шарқдаги Европа Иттифоқи эмас
Европа Иттифоқи улкан технологик, молиявий ва институционал устунликларга эга. Бу – ривожланган меъёрий тизим, умумий савдо сиёсати ва қудратли давлатлараро институтларга эга бўлган ягона бозордир. ШҲТ ҳозирча бундай чуқур интеграция даражасига етгани йўқ. Аммо унинг ўзига хос стратегик устунликлари мавжуд.
ШҲТга аъзо давлатлар улкан Евроосиё маконини эгаллайди ҳамда йирик энергетика ва минерал ресурс захираларига эга. Шунингдек, улар энг муҳим қуруқликдаги савдо йўлларини назорат қилиб, беқиёс истеъмол бозорини шакллантиради. Ташкилот таркибига сайёрамизнинг энг йирик демографик марказлари бўлмиш Хитой ва Ҳиндистон, етакчи ҳарбий ва энергетик қудрат эгаси – Россия, шунингдек, Марказий ва Жанубий Осиёнинг асосий мамлакатлари киради.
Шу боис, ШҲТ Европа Иттифоқининг ҳозирги шакли билан рақобатлашишдан кўра, ҳамкорликнинг ўзига хос янги андозасини яратмоқда. Европа интеграцияси миллий суверенитетнинг бир қисмини давлатлардан юқори турувчи институтларга ўтказиб беришни тақозо этади. ШҲТ эса, аксинча, суверен тенглик, ички ишларга аралашмаслик ва ўзаро келишув тамойиллари асосида қурилмоқда.

Гарчи бу андоза унчалик марказлашмагандек туюлса-да, ташқи сиёсатда эркин ҳаракат қилиш имкониятини сақлаб қолишга интилаётган давлатлар учун анча мақбулдир.
ШҲТ «Ғарбга қарши» марказ эмас. У гегемонликдан холи дунёнинг – ҳеч бир давлат ёки сиёсий блок бошқалар учун якка ўзи қоида ўрната олмайдиган маконнинг асосий институтларидан бирига айланиши мумкин.
ШҲТнинг кучли ва заиф томонлари
Ташкилотнинг асосий қудрати аъзо давлатларнинг турли-туманлигидадир. Бироқ айнан шу омил ички зиддиятларнинг асосий манбаи бўлиб ҳам хизмат қилмоқда.
Хитой савдо йўллари тармоғини кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва Евроосиёда инфратузилмавий боғлиқликни мустаҳкамлашдан манфаатдор. Россия эса ШҲТга стратегик мувозанатни таъминлаш ва Ғарб андозаларидан холи бўлган ҳамкорлик шаклларини ривожлантиришнинг муҳим механизми сифатида қарайди. Ҳиндистон ташкилот доирасида Хитойнинг мутлақ ҳукмронлигига йўл қўймасликка, шу билан бирга, АҚШ ва Европа билан муносабатларда ўз мустақиллигини сақлаб қолишга интилади. Марказий Осиё давлатлари учун эса сармоялар жалб қилиш, транспорт коммуникацияларини ривожлантириш, хавфсизликни таъминлаш ва ташқи алоқаларни диверсификациялаш асосий мақсад ҳисобланади.
Бошқача айтганда, ШҲТ анъанавий иттифоқчиларни эмас, балки манфаатлари муайян даражада устма-уст тушадиган, айни пайтда ўзаро рақобатлашадиган давлатларни бирлаштиради.
Бунга аъзо мамлакатларнинг иқтисодий ривожланиш даражасидаги тафовутлар, Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги рақобат, Россия ҳамда Эронга нисбатан қўлланилган санкциялар, ягона молиявий инфратузилманинг мавжуд эмаслиги, шунингдек, айрим давлатларнинг Хитойнинг ўта кучли иқтисодий устунлигидан хавотирларини ҳам қўшиш мумкин.
Шу боис, яқин орада ШҲТнинг ягона валютаси жорий этилиши ёки Ғарб молия тизимига тўлақонли муқобил тизим яратилиши ҳақида гапиришга ҳали эрта. Тўғри, миллий валюталардаги ўзаро ҳисоб-китобларга ўтиш жараёни давом этмоқда. Бироқ хусусий сектор ҳамон иккиламчи санкциялар хавфи, халқаро ҳисоб-китоблардаги чекловлар ва таваккалчиликларни камайтириш омилларини эҳтиёткорлик билан ҳисобга олмоқда.
Ташкилотнинг келажаги сиёсий баёнотларни амалий иқтисодий механизмларга айлантира олиш қобилиятига боғлиқ. ШҲТ кўп томонлама молиявий воситалар, келишилган сармоявий қоидалар, транспорт соҳасидаги ягона тариф сиёсати, рақамли интеграция ва қўшма лойиҳаларни ҳимоя қилиш механизмларига эҳтиёж сезмоқда.
Акс ҳолда, ташкилот иқтисодий интеграция имкониятлари чекланган, шунчаки бир нуфузли сиёсий форум бўлиб қолиши мумкин.
Янги воқелик
ШҲТ ҳозирча Европа Иттифоқи, долларга асосланган жаҳон молия тизими ёки Ғарбнинг технологик марказлари ўрнини босишга қодир эмас. Бироқ буни ташкилотнинг асосий тарихий вазифаси сифатида қабул қилмаслик керак.

Ташкилот Евроосиё давлатлари ўз манфаатларини ташқи босимларсиз мувофиқлаштира оладиган маконни шакллантирмоқда. Агар ШҲТ ички зиддиятларни енгиб, самарали молиявий институтлар ярата олса ва сиёсий баёнотларни аниқ иқтисодий лойиҳалар билан мустаҳкамласа, у янги дунё тартибининг асосий таянчларидан бирига айланади.
Шаклланаётган янги дунё энди бир қутбли бўлмайди ёки муросасиз икки қутбга бўлинмайди. У кўп марказли, манфаатлар кесишадиган ва мослашувчан иттифоқлар дунёсига айланади.
ШҲТ Европа Иттифоқининг шунчаки муқобили эмас. У кўпроқ янги Евроосиёнинг – ягона ҳукмрон кучларсиз, аммо ўз иродаси, стратегияси ва овозига эга бўлган давлатларнинг ўрни тобора ортиб бораётган янги маконнинг жарчисидир.





