Logo

Humo Air давлатга қайтарилиб, яна хусусийлаштирилади

Bugun 09:002 daqiqa

Humo Air билан тузилган хусусийлаштириш шартномаси бекор қилинган ва яқин кунларда авиакомпаниянинг 100 фоиз улуши давлат тасарруфига қайтарилади. Шундан сўнг у оммавий савдоларга чиқарилади.

Humo Air давлатга қайтарилиб, яна хусусийлаштирилади © Foto: jetphotos.com

Humo Air 2022-йилда хусусийлаштирилиб, унинг 100 фоиз улуши Швейцариянинг ValleyRoad Capital S.A. компаниясига 2,4 млн долларга сотилган эди.

Унинг 100 фоиз улуши 2026–2027-йилларда оммавий савдолар орқали сотиладиган давлат активлари рўйхатига киритилган. Бу президентнинг 28- августдаги «Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-177-сон фармонида белгиланган.

Шу билан Humo Air илк бор хусусийлаштирилганидан бир неча йил ўтиб, яна давлат активларини сотиш дастурига қайтмоқда.

Давлат активларини бошқариш агентлиги (Давактив) Vaqt.uz сўровига жавобан Humo Air’ни хусусийлаштириш бўйича ValleyRoad Capital билан тузилган шартнома бекор қилингани ҳамда авиакомпаниянинг 100 фоиз улуши давлатга қайтарилганини маълум қилди.

«Мазкур шартнома аллақачон бекор қилинган. Шу муносабат билан 100 фоизлик улуш давлатга қайтарилмоқда. Бир неча кун ичида мулк ҳуқуқининг давлатга ўтиши тегишли тартибда расмийлаштирилади», — дея қўшимча қилди расмий идора вакили.

Агентлик давлат улушининг нима сабабдан қайтарилаётгани ҳақидаги саволга ҳозирча аниқ изоҳ бермади.

Humo Air’нинг аввалги фаолияти ҳам узоқ давом этмаган. Авиакомпания 2024-йилнинг март ойида ички йўналишлардаги парвозларини ҳам тўхтатган. Ўша пайтда компания буни халқаро йўналишларни йўлга қўйишга тайёргарлик ва фаолиятини қайта ташкил этиш зарурати билан изоҳлаганди.

Тошкентдан ички рейслар нега тўхтатилган?

Парвозлар тўхтатилишидан аввал Humo Air Тошкентдан Нукус, Самарқанд, Урганч ва Қаршига мунтазам рейсларни амалга оширган. 2024- йил январида эса Тошкент — Фарғона ва Самарқанд — Урганч йўналишлари ҳам ишга туширилган.

Бироқ авиакомпания 2024-йил 10-мартдан бошлаб барча парвозларини вақтинча тўхтатишини эълон қилган. Компания халқаро йўналишларни йўлга қўйиш ва тизимни янгилаш учун шундай қарор қабул қилинганини билдирган.

Ўша вақтда Humo Air иккита Airbus A320-200 самолётидан фойдаланган. Улар Болгариянинг Fly2Sky компаниясидан лизингга олинган эди. Кейинчалик иккала самолёт ҳам лизинг берувчига қайтарилган.

Humo Air амалдаги лизинг шартлари авиакомпаниянинг бизнес-режасига мувофиқ ривожланишига имкон бермаётганини билдирган. Шу сабабли янги лизинг берувчидан ҳаво кемаларини олиб, парвозларни қайта тиклаш кўзланган.

Компания ички йўналишларни сақлаб қолиш билан бирга, асосий эътиборни халқаро ташувларга қаратишни режалаштирган. Хусусан, Олмаота, Истанбул ва Дубайга парвозларни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Бироқ бу режалар амалга ошмади ва Humo Air парвозларини қайта тикламади.

Диёра Хабибуллаева

Teglar

Mavzuga oid