Logo

«Iman Invest»da 20 млн долларлик камомад ва Раҳматов учун олинган машина: Маҳмуд Усмон ҳужжатларни эълон қилди

Bugun 14:565 daqiqa

Компания фаолиятига оид тафтиш комиссияси ҳужжатларида 2,97 млн долларлик қарз, 9,5 млн долларлик муаммоли кредитлар ҳамда Рустам Раҳматов фойдаланиши учун харид қилингани айтилган Mercedes-Benz билан боғлиқ операциялар тилга олинган.

«Iman Invest»da 20 млн долларлик камомад ва Раҳматов учун олинган машина: Маҳмуд Усмон ҳужжатларни эълон қилди © Kollaj: Vaqt.uz

25-октябр куни Ислом молиясини мувофиқлаштириш кенгаши (IFCB) «Iman Invest» билан барча ҳамкорликни тўхтатганини эълон қилди. Кенгашнинг дастлабки хулосаларига кўра, компанияда инвесторларнинг маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ жиддий қоидабузарликлар ва бир неча миллион долларлик камомад аниқланган.

Кейинчалик, «Iman Invest» компанияси асосчиси Рустам Раҳматов бу даъволарни рад этиб, келишмовчилик Маҳмуд Усмоннинг хизмат ҳақларини камайтириш масаласи ва компания акцияларидан улуш берилмагани ортидан юзага келганини айтди.

Маҳмуд Усмон эса компания раҳбарининг ўзига билдирган эътирозларига жавоб қайтариб, молиявий ҳужжатлар ва бир неча соатлик йиғилиш ёзувларини жамоатчиликка эълон қилишини маълум қилди.

«Улуш сўрамаганман, етимхонага беришни айтганман»

Маҳмуд Усмон ўзининг навбатдаги баёнотида «Iman Invest» раҳбари томонидан илгари сурилган айбловларни рад этди. Унинг айтишича, компаниядан улуш талаб қилгани ҳақидаги гаплар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Маҳмуд Усмоннинг таъкидлашича, у аксинча, компания раҳбарига ўз улушини етимхонага беришни таклиф қилган.

«Керак эмас менга улушинг дедим. Етимхонага бериб юбор дедим, менга улуш керак эмас, сен кетгин, одамларнинг пули сенинг қўлингда қолмасин, ўрнингга бошқа раҳбар қўйиб, йўқ бўлиб кетгин шу компаниядан дедим. Ва бу нарсани ҳамма тасдиқлади. Унинг тарафида турган одамлар ҳам сиз кетмасангиз бўлмайди деди. Тасаввур қилинг, унингда тарафдори бўлган ўша маслаҳатчилари сиз кетмасангиз бўлмайди деб турибди. Бу нимага далолат қилади? Қанчалик одам ботиб кетган бўлиши керакки, компаниянинг раҳбари бўлиб туриб, уни таъсисчиси бўлиб туриб, унинг олдидаги одамлар сиз кетмасангиз бўлмайди деяпти», — дейди Маҳмуд Усмон.

Бу воқеада Рустам Раҳматов ишдан кетмагани учун компанияга алоқадор шахслар ва молиячилар ўзлари бўшаган.

Маҳмуд Усмон сўзларига кўра, бу масалада Шайх Аброр Мухтор Алий ҳам гувоҳлик бериши мумкин. У, шунингдек, компания раҳбарининг ўзига нисбатан билдирган айбловлари юзасидан тегишли идораларга, жумладан, судга мурожаат қилиб, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишини маълум қилди.

70 млн долларлик портфелда 20 млн долларлик камомад

Маҳмуд Усмон баёнотида компаниянинг молиявий фаолиятига оид рақамларни келтирди. Хусусан, компания фаолиятини текширган молиячилар ҳужжатларда 20 млн долларлик камомад борлигини қайд этган.

Компаниянинг 70 млн долларлик портфелида тахминан 20 млн долларлик тафовут мавжудлиги муҳокама қилинган йиғилишларда ҳам кўтарилган.

Шунингдек, у тафтиш комиссияси тузилгани, комиссия муаммоларни қайд этгани ва компания раҳбари ушбу масалалар муҳокама қилинган ҳужжатларни имзолаганини билдирди. Маҳмуд Усмоннинг айтишича, ҳужжатларда миллионлаб доллар маблағнинг сарфланиши, автомобиллар ва уй-жойлар билан боғлиқ операциялар ҳам акс этган.

Бироқ 20 млн долларлик камомад борлиги ҳақидаги даъволарни мустақил аудит хулосаси ёки ваколатли органларнинг расмий маълумотлари билан тасдиқлаш зарур. Компания раҳбарияти бу масалалар бўйича қандай ҳужжатларни тақдим этиши ва текширув натижалари қандай бўлиши ҳозирча очиқ қолмоқда.

Рустам Раҳматов даъволарни йиғилишларда тан олган

Маҳмуд Усмон ўз номи билан очилган Telegram каналида компания фаолиятига оид ҳужжатларни бирма-бир эълон қилиб келмоқда.

Хусусан, «Iman Halal Investments» ягона иштирокчисининг 2026-йил 1-июлдаги тафтиш комиссиясини ташкил этиш тўғрисидаги қарори жойланган.

Ҳужжатга кўра, компания бошқарув компаниясига операцион харажатларини қоплаш учун маблағларни мунтазам равишда қарз сифатида бергани қайд этилган. 2026-йил 31-май ҳолатида бошқарув компаниясининг қарзи 2,97 млн долларни ташкил этган.

Шунингдек, бошқарув компанияси харажатларини компания зиммасига юклаш инвесторлар учун ажратиладиган дивидендлар миқдорини камайтиргани айтилади. Ҳужжатда бундай харажатлар таркибида ойлик иш ҳақи, маркетинг, скоринг ва транзакция комиссиялари каби тўловлар санаб ўтилган.

Муаммоли кредитлар ва дивидендлар

Илованинг 4-бандида 2026-йил 31-май ҳолатига «Iman»нинг BNPL портфелидаги муаммоли кредитлар миқдори 9,5 млн долларни ташкил этгани кўрсатилган. Портфелнинг тахминан 17–18 фоизи муддати ўтган муаммоли қарзлардан иборат бўлган.

5-бандда эса инвесторлар маблағлари ҳали тўлиқ қайтарилмаган бўлса-да, айрим дивидендлар тўланганига оид эътирозлар келтирилган. Комиссия вакиллари бундай тўловлар инвесторлар капитали ва даромадларини ҳисоблаш тартибига таъсир қилиши мумкинлигини билдирган.

Mercedes-Benz S500 хариди

2026-йил 3-июлдаги қарорда келтирилишича, йиғилишда инвесторлар маблағлари ҳисобидан харид қилинган Mercedes-Benz S500 автомобили масаласи кўтарилган.

Яъни 2026-йил 10-апрелда «Founders Trust 1» МЧЖ ҳисобига 128 минг доллар ўтказилган. Тафтиш комиссияси бу маблағ компания таъсисчиси Рустам Раҳматов фойдаланиши учун автомобиль харидига сарфланганини қайд этиб, битим компания ва инвесторларнинг манфаатларига мувофиқ эмас деб топилган.

Қарорда автомобилга оид ҳужжатларни комиссияга тақдим этиш, автомобилни сотиш ёки маблағни қайтариш орқали етказилган зарарни қоплаш чораларини кўриш белгиланган. Бундан ташқари, Рустам Раҳматов билан 2023-йил 1-декабрда тузилган BYD Champion автомобилини муддатли тўловга олиш шартномаси бўйича ҳам тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган.

Юқоридаги барча ҳужжатлар билан Рустам Раҳматов шахсан танишгани ва имзолаганини кўриш мумкин.

Маҳмуд Усмон, шунингдек, жамоатчилик тафтиш комиссиясининг ҳужжатлари, молиявий масалалар муҳокама қилинган материаллар ва бир неча соат давом этган Zoom йиғилишлари ёзувлари эълон қилишини айтди.

Айрим йиғилишлар тўрт, беш, ҳатто ўн соат давом этгани сабабли ёзувлар Telegram билан бирга Instagram ва YouTube платформаларида ҳам улашиш режалаштирилмоқда.

«Iman Invest» компанияси ким билан ҳамкорлик қилмоқда?

Маҳмуд Усмон, шунингдек, компаниядаги шубҳали ва ноқонуний деб ҳисоблаётган транзакцияларга оид ҳужжатлар прокуратура ҳамда тегишли ташкилотларга топширилганини билдирди.

Бундан ташқари, Маҳмуд Усмоннинг айтишича, Рустам Раҳматов аввал Шайх Муҳаммад Тақий Усмонийнинг ўғли Шайх Ҳасан билан ҳамкорлик қилиши ҳақида маълум қилган, кейинчалик эса Шайх Тақий Усмонийнинг ўзи билан ишлашини айтган.

«Биз Шайх Тақий Усмонийга ўзимизнинг хулосамизни ва унинг барча далилларини етказиб қўйганмиз», — деди Маҳмуд Усмон.

Унинг таъкидлашича, Шайх Тақий Усмонийга компания фаолияти юзасидан тайёрланган хулосалар араб тилида юборилган.

Маҳмуд Усмон, шунингдек, компаниядаги ноқонуний деб ҳисоблаётган транзакцияларга оид ҳужжатлар прокуратура ва тегишли ташкилотларга топширилганини билдирди. У Шайх Тақий Усмоний ушбу компания билан ҳамкорлик қилмаслигини тахмин қилиб, бу масалага вақт ойдинлик киритишини айтди.

Баёнотда яна бир масала — Маҳмуд Усмонга босим ўтказилиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар ҳам тилга олинди. Унинг айтишича, айрим воситачилар ва диний уламолар унга эҳтиёт бўлишни тавсия қилган. Шунга қарамай, у компания фаолиятига оид маълумотларни ошкор қилишни ўзининг жамоатчилик олдидаги вазифаси деб ҳисоблашини билдирди.

Маҳмуд Усмон компания раҳбари эътиборини ўзига қарши баёнотлар беришга эмас, инвесторлар олдидаги мажбуриятларни бажариш ва маблағларни қайтариш масаласига қаратиши кераклигини алоҳида таъкидлади.

Teglar

Mavzuga oid

«Iman Invest»da 20 млн долларлик камомад ва Раҳматов учун олинган машина: Маҳмуд Усмон ҳужжатларни эълон қилди | Vaqt.uz