Logo

«Iman Invest»даги можаро, Ўзбекистондаги илк исломий банк ва Ойбек Турсуновнинг навбатдаги хариди — 26 октябрь дайжести

Kecha 23:004 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

«Iman Invest»даги можаро, Ўзбекистондаги илк исломий банк ва Ойбек Турсуновнинг навбатдаги хариди — 26 октябрь дайжести

Тўққиз ой давомида 10,6 мингдан ортиқ газ баллони талон-торож қилингани аниқланди

«Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойлари давомида Ўзбекистонда 1,4 минг тонна суюлтирилган газ ва 10 626 дона маиший газ баллони талон-торож қилингани аниқланди. Шунингдек, жойларда суюлтирилган газни ноқонуний сотишга ихтисослашган 471 та яширин «бункер» аниқланиб, уларнинг фаолиятига узил-кесил чек қўйилди.

2025 йил ва жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида масъуллар томонидан ўтказилган 3 мингдан зиёд рейд тадбирларида жами 1 217 та қоидабузарлик фош этилиб, умумий қиймати қарийб 10,7 миллиард сўмга тенг бўлган маҳсулотлар (193,6 тонна газ ва 17 301 та баллон) ноқонуний сотилишининг олди олинган. Аниқланган мазкур қонунбузилиш ҳолатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органларига 25 та материал юборилган ва ҳозирга қадар улар асосида 19 та жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистонда исломий банк фаолияти учун илк лицензия берилди

Марказий банк томонидан 2026 йил 23 октябрь куни мамлакатимиз тарихида илк бор исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берилди. Ушбу 1-И-сонли лицензия «Open bank» акциядорлик жамиятига топширилган бўлиб, у «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 5¹-моддасида назарда тутилган барча исломий молия операцияларини қонуний асосда амалга ошириш ҳуқуқини беради.

Маълумот ўрнида, 2022 йилда ташкил этилган ва 2025 йилгача «Smartbank» номи билан фаолият юритган ушбу муассасанинг устав фонди 500 миллиард сўмни ташкил этади (таъсисчиси — «Future Open Technology Group»). Ҳозирга қадар яна 17 та тижорат банки исломий банк фаолияти учун лицензия олиш мақсадида ариза топширган бўлиб, мазкур тизимни тўлақонли йўлга қўйиш учун банклардан IT-тизимларни мослаштириш, исломий ва анъанавий молия операциялари ҳисобини алоҳида юритиш ҳамда омонатларни кафолатлаш механизмларини яратиш талаб этилади.

Ойбек Турсунов Perfectum компаниясининг қарийб 100 млрд сўмлик мол-мулкини сотиб олмоқда

«Perfectum» алоқа операторининг юридик эгаси ҳисобланган «Rubicon Wireless Communication» компанияси акциядорлари 16 октябрь куни ўтказилган йиғилишда операторнинг Тошкент шаҳридаги бош офиси ҳамда 2 мингдан зиёд асосий воситаларини Ойбек Турсуновга сотиш бўйича битимни маъқуллади. ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда умумий қиймати 98,3 миллиард сўмдан ошадиган мазкур келишув доирасида Миробод тумани Тарас Шевченко кўчасидаги 10,4 минг квадрат метрлик кўчмас мулк мажмуаси қарийб 66 миллиард сўмга ва 2 012 дона асосий восита 32,4 миллиард сўмга баҳоланмоқда.

Маълумот ўрнида, Ойбек Турсунов 2019–2021 йилларда биржадан ташқари йирик битимлар орқали «Kapitalbank»нинг назорат пакетига яқин улушини (умумий акцияларнинг 50 фоизи) сотиб олган ва кейинчалик 2022 йилда банкнинг аффилланган шахслари рўйхатидан чиқарилган эди.

«Iman Invest»da 20 млн долларлик камомад ва Раҳматов учун олинган машина: Маҳмуд Усмон ҳужжатларни эълон қилди

Ислом молиясини мувофиқлаштириш кенгаши (IFCB) «Iman Invest» компанияси билан барча ҳамкорликни тўхтатганини эълон қилгач, можаро томонларнинг ўзаро айбловлари билан давом этмоқда. Компания асосчиси Рустам Раҳматов бу қарорни Маҳмуд Усмоннинг улуш талаб қилгани билан изоҳлаган бўлса, Маҳмуд Усмон буни қатъиян рад этиб, молиявий тафтиш комиссиясининг Рустам Раҳматов томонидан имзоланган қарор ва ҳужжатларини оммага эълон қилди.

Ушбу ҳужжатларга кўра, компаниянинг 70 миллион долларлик портфелида қарийб 20 миллион долларлик камомад аниқланган бўлиб, шунингдек, 2,97 миллион долларлик қарз ва 9,5 миллион долларлик муаммоли кредитлар борлиги қайд этилган. Бундан ташқари, инвесторлар маблағлари ҳисобидан 128 минг долларга компания таъсисчиси Рустам Раҳматовнинг шахсий фойдаланиши учун Mercedes-Benz S500 автомобили харид қилингани ва BYD автомобили бўйича тўловлар кечиктирилгани кўрсатилган. Маҳмуд Усмон шубҳали транзакциялар бўйича барча ҳужжатлар прокуратура ҳамда тегишли идораларга топширилганини, шунингдек, юзлаб соатлик аудио-видео ёзувларни ҳам эълон қилишда давом этишини маълум қилди.

Тошкентда иситиш мавсуми қачон бошланиши айтилди

Тошкент шаҳрида марказлашган иситиш мавсумининг бошланиши ўртача суткалик ҳаво ҳароратининг кетма-кет беш кун давомида +8 даражадан паст бўлишига қараб белгиланади. Шаҳар ҳокимлигининг маълум қилишича, иссиқлик беришни бошлашнинг аниқ санаси кўрсатилмаган бўлса-да, об-ҳаво кескин совиб кетган тақдирда бу қарор кечиктирилмайди ва жараён зудлик билан бошланади.

Ҳозирги кунда шаҳар хизматлари ва «Veolia Energy Tashkent» компанияси мутахассислари томонидан иссиқлик тизимларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари назорат остида олиб борилмоқда. Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда пойтахтда иситиш мавсуми 3 ноябрдан ижтимоий соҳа объектларида, 5 ноябрдан эса аҳоли турар жой биноларида бошланган эди.

Teglar

Mavzuga oid