Жон бошига даромад: Ўзбекистон нега ортда қолди?

Сўнгги 30 йилда Ўзбекистон жон бошига даромад ўсиши бўйича собиқ иттифоқ давлатлари орасида энг секин ўсган.

Жон бошига даромад: Ўзбекистон нега ортда қолди?

Ўзбекистон сўнгги 30 йил ичида собиқ иттифоқ мамлакатлари орасида жон бошига даромад ўсиши бўйича энг паст натижалардан бирини қайд этган. Иқтисодчи Миркомил Холбоев таҳлилига кўра, мамлакатда ушбу даврда жон бошига (номинал) даромад атиги 6,8 баробарга ошган.

1

Таққослаш учун, бу даврда энг тез ўсиш Грузияда кузатилган бўлиб, жон бошига даромад қарийб 25 баробарга ошиб, 10,3 минг долларга етган. Шунингдек, Арманистон ва Озарбайжонда ҳам даромадлар 20 баробардан ортиқ ўсган.

Қўшни мамлакатлардан Қозоғистонда ўсиш 14,1 баробарни, Тожикистонда 16,9 баробарни ташкил этган. Туркманистон ва Қирғизистонда эса бу кўрсаткич мос равишда 8,6 ва 8,5 баробар бўлган.

Ўзбекистонда номинал даромаднинг йиллик ўсиш суръати ўртача 6,6 фоизни ташкил этган. Бу эса бошқа давлатларга нисбатан паст кўрсаткич ҳисобланади: Қирғизистонда 7,4 фоиз, Қозоғистонда 9,2 фоиз, Тожикистонда 9,9 фоиз ва Грузияда 11,3 фоиз қайд этилган.

Яна бир муҳим тенденция — 2025 йил прогнозлари билан боғлиқ.

Кўплаб ташкилотлар, хусусан Халқаро валюта жамғармаси, Қозоғистон жон бошига даромад бўйича Россияни ортда қолдиришини кутган эди. Бироқ рублнинг сезиларли мустаҳкамланиши Россияда даромадларнинг тезроқ ўсишига олиб келди.

Натижада, Россия ва Қозоғистон ўртасидаги жон бошига даромад тафовути қисқариш ўрнига кенгайди ва Қозоғистоннинг Россияни қувиб ўтиши амалга ошмади.

2018 йилдан кейин Ўзбекистон иқтисодиётида бурилиш юз берди

2

2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон иқтисодиётида кутилмаган бурилиш юз берди. Агар олдинги йилларда мамлакат собиқ иттифоқ ҳудудида энг секин ўсayotgan иқтисодиётлардан бири бўлган бўлса, кейинги даврда вазият кескин ўзгарган.

2018–2025 йиллар оралиғида Ўзбекистонда жон бошига даромад 2,1 баробарга ошди. Энг эътиборлиси, йиллик ўртача ўсиш 11,5 фоизни ташкил этди — бу эса мамлакатни собиқ иттифоқ давлатлари орасида энг тез ўсayotgan учинчи иқтисодиётга айлантирди. Фақат Арманистон ва Грузия бу борада юқорироқ натижа кўрсатган.

Таққослаш учун, шу даврда Қирғизистонда ўсиш 11,3 фоизни, Тожикистонда 10,4 фоизни ташкил этди, Қозоғистон эса 6,3 фоиз билан ортда қолди.

Бу тезлашув ички ислоҳотлар, ташқи иқтисодий шароитларнинг нисбатан қулайлиги, олтин нархининг кескин ошиши, фаол фискал сиёсат ва валюта курсининг барқарорлиги билан изоҳланади.

Жон бошига даромад бўйича Қирғизистон ва Тожикистон ўзиб кетди

3

Бироқ 2021 йилдан кейин вазият яна ўзгарди. Эндиликда Қирғизистон ва Тожикистон жон бошига даромад ўсиши бўйича Ўзбекистондан олдинлаб кетди.

Сўнгги тўрт йилда Ўзбекистонда ўртача ўсиш 14,5 фоизни ташкил этган бўлса, Қирғизистонда бу кўрсаткич 19,1 фоиз, Тожикистонда 16,4 фоизга етди. Қозоғистон эса 9,7 фоиз билан пастроқ натижа қайд этди.

Бу ҳолат геосиёсий кескинликларнинг кутилмаган ижобий таъсири ушбу мамлакатларда кўпроқ шаклланганлиги билан изоҳланиши мумкин (шунингдек, Қирғизистонда айни даврда бошқарувда ўзгариш кузатилган). Умуман олганда, 2021 йилдан кейинги даврда Марказий Осиёда номинал даромадларнинг ўсиши сезиларли тезлашган.

Teglar

Mavzuga oid