Канадага виза, Украина урушига кетган ўзбек, абитуриентлар учун хушхабар — 7 июл дайжести

07.07.2025 | 22:008 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар, ҳодисалар ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Канадага виза, Украина урушига кетган ўзбек, абитуриентлар учун хушхабар — 7 июл дайжести
Абитуриентларга рухсатномаларни бериш бошланди Ўзбекистонда 2025 йилги тест синовларида иштирок этадиган абитуриентлар учун рухсатномаларни бериш жараёни бошланди. «Абитуриент рухсатномаси»ни my.uzbmb.uz сайтидаги шахсий кабинетидан юклаб олиши мумкин. Шунингдек, шахсий кабинетга кирмасдан ҳам my.uzbmb.uz манзили орқали паспорт серияси ва рақами ҳамда ЖШШИР рақамини киритиш орқали рухсатномани олиш мумкин.   Саида Мирзиёева Марказий Осиёда биринчи — у Zayed мукофоти ҳакамларидан бири бўлди Zayed инсоният биродарлиги мукофоти ташкилотчилари 2026 йилги совриндорни аниқлайдиган халқаро ҳакамлар ҳайъатининг янги аъзоларини расман эълон қилди. Жорий ҳайъат таркибида Марказий Осиёдан илк бор Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳам аъзо сифатида қатнашмоқда. «Ушбу нуфузли ҳакамлар ҳайъатига Марказий Осиёдан илк аъзо сифатида қўшилаётганимдан беҳад мамнунман. Ҳайъатдаги ҳамкасбларим билан биргаликда бутун дунёда жамиятларни юксалтирётган ва долзарб муаммоларни ҳал этаётган эътироф этилмаган гуманитар қаҳрамонларни тан олишни мақсад қилганмиз», деб муносабат билдирди Саида Мирзиёева.   Ўзбекистонликларнинг Канада, Аргентина ва Австралия визаларини олиш тартиби енгиллашиши мумкин Ўзбекистон фуқаролари Канада, Аргентина ва Австралия каби давлат визаларини олишда яқин вақтларда енгиллаштирилган тартибдан фойдаланиши мумкин. Ташқи ишлар вазирлигида «VFS Global» халқаро компаниясининг МДҲ ва Шарқий Европа мамлакатлари бўйича минтақавий директори Шубҳам Мишра ҳамда Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Темур Тўйчиев билан ўтказилган учрашувда бу масала муҳокама қилинди. Учрашувда Ўзбекистон ҳудудларида «VFS Global» офислари тармоғини кенгайтириш, шунингдек, жамоавий гуруҳлар аризалари бўйича сайёр қабулларни ташкил этиш механизмлари юзасидан келишувга эришилди. Бу хизмат тўловли бўлиб, чекка ҳудудларда яшовчи фуқароларга Тошкент ёки Самарқандга бормасдан виза олиш имконини яратади. Шунингдек, Ўзбекистонда консулликлари мавжуд бўлмаган давлатлар визаларини расмийлаштириш тартибини соддалаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Чунки бундай ҳолларда виза олиш ортиқча вақт ва харажат талаб этади. Шу боис Ўзбекистон томони виза расмийлаштириш жараёнларининг бир қисмини мамлакат ичига кўчиришни таклиф этди. Жумладан, «VFS Global» маҳаллий офислари орқали биометрик маълумотлар топшириш ва онлайн суҳбатлар ўтказиш имкониятларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Бу орқали визаларни олиш жараёни соддалашиши ва фуқаролар учун қулайлик яратилиши кутилмоқда.   Боксда янги саҳифа: Навбаҳор Ҳамидова ўзбек аёллари учун тарих ёзди Остона шаҳрида ўтказилган бокс бўйича Жаҳон кубогида ўзбекистонлик спортчи Навбаҳор Ҳамидова тарихий натижа қайд этди. У мазкур мусобақада олтин медални қўлга киритган биринчи ўзбек аёл боксчисига айланди. Миллий Олимпия қўмитаси маълумотларига кўра, Ҳамидова финал босқичида Олимпиада ва уч карра жаҳон чемпиони бўлган туркиялик Бусеназ Сурменелини тўлиқ устунлик билан — 5:0 ҳисобида мағлуб этди. Ушбу ғалаба билан Ҳамидова аввалги 2 мағлубият учун реванш олган.   Россия армияси билан шартнома тузган ўзбекистонлик эркак қамалди Россия армияси билан шартнома тузган ўзбекистонлик эркак беш йилга озодликдан маҳрум этилди. У 2018 йилда Россияга ишлаш учун кетган, Россия фуқаролигини олган ва бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон фуқаролигини сақлаб қолган. Эркак 2024 йил июлида Россия армияси билан шартнома тузиб, 18 июл куни Луҳанск шаҳрига юборилган. У 27 июль куни ракета зарбасида яраланиб, ҳарбий госпиталда даволанган ва сентябрь ойида вақтинча яроқсиз деб топилган. 7 декабрда у Самара – Тошкент авиарейси орқали Ўзбекистонга қайтган. Ўзбекистонга келганида унинг шахсий телефонида жанговар ҳаракатларда иштирок этганини ва Россия армиясидан 3 миллион рубл пул мукофоти олганини тасдиқловчи фотосурат ва ҳужжатлар топилган. Ўзбекистон Олий суди уни Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми («Ёлланиш») бўйича айбдор деб топиб, беш йилга озодликдан маҳрум қилди. Қонунга кўра, Ўзбекистон фуқаролари хорижий армияларда ёлланма асосида хизмат қилиши тақиқланади.

Teglar

Mavzuga oid