«Ўзбекистон темир йўллари» ярим йилда 1 трлн сўм соф фойда олди
Компаниянинг соф фойдаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 53 фоизга ошган.
© O‘zbekiston temir yo‘llari«Ўзбекистон темир йўллари» 2026-йилнинг биринчи ярмида 1 трлн сўм соф фойда олди. Бу 2025-йилнинг биринчи ярмидаги 659 млрд сўмга нисбатан 350 млрд сўмга ёки 53 фоизга кўп.
Компаниянинг молиявий ҳисоботига кўра, январ-июн ойларида соф тушум 9 трлн 618 млрд сўмни ташкил этган. Бу 2025-йилнинг мос давридаги 7 трлн 425 млрд сўмга нисбатан қарийб 30 фоизга кўп.
Тушум ўсиши йўловчи ташиш хизматлари нархининг оширилиши билан ҳам боғлиқ. Маълумот учун, 1-февралдан «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» поездлари, шунингдек, «Афросиёб» электропоездлари чипталари нархи 15 фоизга оширилган.
Фойда тез ўсди
Шу билан бирга, маҳсулот ва хизматлар таннархи 6 трлн 701 млрд сўмга етди. Бу ўтган йилга нисбатан 17 фоизга ёки 974 млрд сўмга кўп.
Бироқ тушум таннархга нисбатан тезроқ ўсгани ялпи фойдани кескин оширди. Ялпи фойда 2 трлн 917 млрд сўмни ташкил этиб, бир йилда 72 фоизга ўсди.
Компания давр харажатларини ҳам қисқартирди. Улар 1 трлн 66 млрд сўмни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18 фоизга кам. Натижада асосий фаолиятдан олинган фойда 2 трлн 399 млрд сўмга етиб, икки баравардан кўпроқ ошди. Ушбу омил эса фойда ўсишига энг кўп сабабчи бўлди.
Молиявий зарар босими
Асосий фаолиятдаги юқори натижага қарамай, молиявий оператсиялар компания фойдасининг катта қисмини камайтирди.
Ярим йилда молиявий фаолиятдан 659,6 млрд сўм даромад олинган бўлса, харажатлар 1 трлн 749 млрд сўмни ташкил этди. Натижада 1 трлн 90 млрд сўм молиявий зарар қайд этилди.
Зарарнинг асосий қисми валюта курслари фарқи ва фоиз тўловлари ҳиссасига тўғри келди. Компания валюта курслари фарқидан 525 млрд сўм даромад олган бўлса-да, шу йўналишдаги зарари 1 трлн 161 млрд сўмга етди. Фоиз харажатлари эса 588 млрд сўмни ташкил қилди.
Шундай қилиб, асосий фаолиятдан олинган 2 трлн 399 млрд сўмлик фойданинг қарийб ярми молиявий харажатлар ҳисобига камайди.
Ҳисобот компанияда оператсион самарадорлик ошганини кўрсатмоқда. Бироқ валюта курслари ўзгариши ва қарзлар бўйича фоиз харажатлари якуний молиявий натижага босим ўтказишда давом этмоқда.





