Таълим кредити: кимларга берилади ва қандай олиш мумкин?
Ўтган ҳафта 2026/27-ўқув йили учун қабул натижалари эълон қилинди. Энди келаётган ўқув йили ортидан айрим оилалар олдида янги савол турибди: контрактда ўқиш, хусусий университетни танлаш ёки «супер-контракт»да ўқиш? Бундай ҳолатда қарор қабул қилишда таълим кредити ёрдам бериши мумкин. Vaqt.uz бу мавзу атрофидаги саволларга жавоб беради.

Мандат натижалари эълон қилингач, ўқишга контракт асосида тавсия этилган талабалар тўлов ҳақида ўйлашни бошлади. Кимдадир контрактни бирданига тўлаш имконияти бор, бошқалар таълим кредитига умид қилмоқда.
Энг муҳим фарқни бошида айтиб қўйиш керак: имтиёзли таълим кредити оддий тўлов-контракт учун ажратилади. «Супер-контракт», яъни табақалаштирилган тўлов-контрактни бу кредит ҳисобидан тўлаб бўлмайди.
Университет давлат ёки хусусийлиги муҳим эмас
Таълим кредити Ўзбекистон фуқароси бўлган, кундузги таълим шаклида ўқиётган талабага ажратилади.
Талаба ўқишга кирган университет:
давлат;
нодавлат;
Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий университет ёки унинг филиали;
қўшма таълим дастури бўлиши мумкин.
Яъни университетнинг мулк шакли ҳал қилувчи эмас. Муҳими, таълим ташкилоти Ўзбекистонда фаолият юритиши ва талаба кундузги таълимда ўқиши керак. Бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 527-сон қарори билан белгиланган.
Кредит суммаси талаба ва таълим ташкилоти ўртасида тузилган шартнома асосида аниқланади. Пул талабанинг картасига эмас, тўғридан-тўғри университет ҳисобига ўтказилади.
Фоиз ставкаси ҳозир 14 фоиз
Талаба йигитларга таълим кредити Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида берилади. Марказий банкнинг амалдаги асосий ставкаси 14 фоизни ташкил этмоқда.
Агар асосий ставка пасайса, таълим кредити фоизи ҳам пасаяди. Асосий ставка ошган тақдирда эса аввал берилган кредитнинг фоизи ўзгаришсиз қолади.
Асосий қарзни қайтариш талабанинг расмий ўқиш муддати тугаганидан кейин еттинчи ойдан бошланади ва 7 йил давом этади.
Бироқ бу ерда муҳим жиҳат бор: имтиёзли давр фақат асосий қарзга тааллуқли. Талаба йигитлар учун фоизлар банк пулни университетга ўтказган кундан бошлаб ҳисобланади ва ўқиш давомида ҳам тўлаб борилади.
Демак, «ўқиш тугагунча кредит бўйича ҳеч нарса тўланмайди» деган тушунча тўлиқ тўғри эмас.
Хотин-қизлар амалда фақат асосий қарзни қайтаради
Хотин-қизларга ажратиладиган таълим кредити бўйича банк шартномасида фоиз ставкаси кўрсатилади. Аммо ушбу фоизларни талабанинг ўзи эмас, Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси қоплайди.
Амалда талаба хотин-қиз фақат асосий қарзни қайтаради. Уни қайтариш ҳам ўқиш тугаганидан кейинги еттинчи ойдан бошланади.
Бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 457-сон қарорида белгиланган.
Кредит контрактнинг қанча қисмини қоплайди?
Биринчи курс талабаларига оддий контракт суммасининг 100 фоизигача таълим кредити ажратилиши мумкин.
Иккинчи ва ундан юқори курсларда эса талабанинг ўзлаштириш кўрсаткичи ҳисобга олинади:
GPA 3 дан паст бўлса, кредит контрактнинг кўпи билан 80 фоизини қоплайди. Талаба дастлаб қолган 20 фоизни ўзи тўлаши керак;
GPA 3 ёки ундан юқори бўлса, контрактнинг 100 фоизигача кредит ажратилиши мумкин;
талабанинг оиласи Ижтимоий реестрга киритилган бўлса, контракт суммаси тўлиқ молиялаштирилиши мумкин.
Яна бир янги имтиёз бор. Ижтимоий реестрга киритилган оиланинг талабаси GPA кўрсаткичини 3,5 ёки ундан юқори даражада сақласа, кейинги ўқув йили учун унга фоизсиз таълим кредити ажратилади.
«Супер-контракт»га имтиёзли кредит берилмайди
Табақалаштирилган тўлов-контракт, яъни «супер-контракт» учун имтиёзли таълим кредити ажратиш тақиқланган.
Бундан ташқари, амалдаги қабул тартибига кўра, абитуриент талабаликка қабул қилиниши учун биринчи йилги «супер-контракт» суммасининг камида 50 фоизини белгиланган муддатда тўлаши керак.
«Супер-контракт» миқдорини университет ректори ёки директори белгилайди. Талаба биринчи курсни муваффақиятли тугатгач, кейинги курсларда умумий тартибда ўқишни давом эттиради. Шундай бўлса-да, биринчи йилги катта тўлов оиланинг зиммасида қолади.
Айрим банкларда «супер-контракт» учун тижорий таълим кредитлари бор. Масалан, Алоқабанк ўз маблағи ҳисобидан йиллик 25 фоиз ставкада, 5 йилгача ва 100 млн сўмгача таълим кредити таклиф қилмоқда. Бу кредит табақалаштирилган контрактга ҳам берилиши мумкин.
Лекин уни 14 фоизлик имтиёзли кредит билан адаштирмаслик керак. Тижорий кредитнинг фоизи юқорироқ, муддати эса қисқароқ бўлиши мумкин. Шунинг учун фақат ойлик тўловга эмас, банкка жами қанча пул қайтарилишига қараш зарур.
Кредит олиш учун нима қилиш керак?
Аввало университет билан тўлов-контракт шартномаси расмийлаштирилиши керак. Шундан кейин аризани:
“Таълим кредити” ахборот тизими орқали;
my.gov.uz орқали;
бевосита тижорат банкига топшириш мумкин.
Одатда шахсни тасдиқловчи ҳужжат, университет билан тузилган шартнома ва кредит қайтарилишини таъминловчи ҳужжатлар талаб қилинади. Доимий даромадга эга оила аъзоси ёки бошқа шахс биргаликда қарз олувчи бўлиши мумкин.
Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг фарзандларидан гаров ва кафиллик талаб қилинмайди.
Банк аризани беш иш куни ичида кўриб чиқиши керак. Кредит бериш рад этилса, бунинг сабаби ёзма равишда кўрсатилиши лозим.
Шу билан бирга, ариза топшириш кредит автоматик равишда берилишини англатмайди. Банк қарз олувчининг кредит тарихи, даромади ва кредитни қайтариш имкониятини ўз ички сиёсати асосида баҳолайди.
Қайси банкларда таълим кредити бор?
2026 йил 20 август ҳолатида расмий сайтларида имтиёзли таълим кредити маҳсулотини кўрсатган банклар орасида қуйидагилар бор:
SQB;
Банкнинг сайтида маҳсулот мавжудлиги кредит ажратилиши кафолатланганини англатмайди. Банкдаги ресурс, таъминот талаби ва аризаларни қабул қилиш ҳолатини олдиндан аниқлаштириш керак.
Магистратурага кирган хотин-қизлар кредит олишга шошилмасин
Давлат олий таълим муассасаси магистратурасига оддий контракт асосида кирган хотин-қизларнинг контракт тўлови давлат бюджети ҳисобидан қопланади.
Бунинг учун талаба ҳар йили 15 сентябргача университет ректори номига ариза топшириши керак. Белгиланган муддатдан кейин берилган аризалар кўриб чиқилмайди.
Мазкур имтиёз «супер-контракт»га татбиқ этилмайди. Тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 447-сон қарорида кўрсатилган.
Хулоса
Оддий контракт асосида ўқишга тавсия этилган талаба учун имтиёзли таълим кредити нисбатан арзон ва узоқ муддатли молиялаштириш имконияти ҳисобланади.
«Супер-контракт»да эса вазият бошқача: имтиёзли кредит йўқ, биринчи йилги тўловнинг камида ярми олдиндан тўланиши керак, тижорий кредитларнинг фоизи эса анча юқори бўлиши мумкин.
Шунинг учун «супер қилсамми?» деган саволдан олдин яна иккита саволга жавоб топиш керак: дастлабки 50 фоиз қаердан тўланади ва қолган қарзнинг умумий қиймати қанча бўлади?
Ўқишга кириш — бир кунлик қарор. Уни молиялаштириш оқибатлари эса бир неча йил давом этиши мумкин.
Teglar






