Logo

Венесуэлада кетма-кет иккита кучли зилзила содир бўлди

Bugun 09:412 daqiqa

24 июнь куни кечқурун мамлакат пойтахти Каракасдан ғарбда 7,2 ва 7,5 магнитудали иккита кучли зилзила кетма-кет содир бўлди. Ҳалок бўлганлар сони 10 мингдан 100 минггача етиши мумкинлиги айтилмоқда.

Венесуэлада кетма-кет иккита кучли зилзила содир бўлди © AP photo

24 июнь куни Венесуэла пойтахти Каракасдан қарийб 160 километр ғарбда иккита кучли зилзила содир бўлди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

АҚШ Геология хизмати маълумотига кўра, 7,2 магнитудали биринчи зилзиладан бир дақиқадан камроқ вақт ўтгач 7,5 магнитудали иккинчи зилзила содир бўлган. Шунингдек, идора зилзила оқибати кенг кўламли бўлишини, ҳалок бўлганлар сони 10 мингдан 100 минг нафаргача етишини маълум қилди.

Венесуэла президенти вазифасини бажарувчи Делси Родригес мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, Каракас халқаро аэропорти ёпилган, метро ва темир йўл қатнови тўхтатилган, аҳолига шикастланган биноларни зудлик билан тарк этиш ва эҳтимолий такрорий зилзилалардан эҳтиёт бўлиш тавсия этилган.


Делси Родригес қурбонлар сони бўйича аниқ рақамларни келтирмаган, аммо ҳалок бўлганлар яқинларига ҳамдардлик билдирган.

Каракасда бир нечта кўп қаватли бинолар қулаган, қутқарувчилар вайроналар остида қолганларни излашни давом эттирмоқда. Чакао тумани мери Густаво Дуке маълум қилишича, биргина қулаган бинодан 18 киши тирик қутқарилган. Ички ишлар вазири Диосдадо Кабело эса қутқарув ишларига барча мавжуд куч ва воситалар жалб этилганини билдирди.

Зилзила Трухилё, Яракуй, Карабобо, Арагуа, Миранда ва Ла Гвайра штатларида ҳам кучли сезилган. Айрим ҳудудларда электр ва транспорт инфратузилмасига зарар етгани ҳақида дастлабки хабарлар келиб тушмоқда.

Зилзила содир бўлган вақтда пойтахт аҳолисининг аксарияти уйида бўлган. Ер силкиниши бошланиши билан минглаб одамлар кўчаларга чиқиб кетган. Кўплаб каракасликлар 1967 йилги ҳалокатли зилзилани эслаган. Ўшанда Палос Гранде ва Алтамира туманларида кўплаб турар жой бинолари қулаб тушиб, 200 дан ортиқ киши ҳалок бўлган эди. Ҳозир ҳам расмийлар ушбу туманлар энг кўп зарар кўрган ҳудудлар қаторида эканини билдирмоқда.

Teglar

Mavzuga oid