6,9 млрд сўмга тушган панжараларнинг олиб ташланиши, янгича усулда ҳисобланадиган сув солиғи ва ҳайдовчилар учун жавобгарлик — 11 феврал дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Солиқ қўмитаси ўзбекистонликларнинг хорижий компаниялар фойдасига амалга оширилган транзаксиялари ҳақида банклардан маълумот сўради
Ўзбекистон Солиқ қўмитаси мамлакатдаги банклардан 2023–2025 йиллар давомида фуқаролар томонидан 83 та йирик хорижий интернет-компания (Google, Apple, Meta ва бошқалар) фойдасига амалга оширилган барча тўловлар ҳақида батафсил маълумот сўради. Қўмитанинг таъкидлашича, ушбу чора жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаётига аралашиш эмас, балки хорижий гигантларнинг Ўзбекистондаги реал даромадларини ва улардан тўланадиган ҚҚС миқдорини тўғри ҳисоблашни текширишга қаратилган. Маълумот учун: 2025 йилда Apple, Meta ва Google учлиги Ўзбекистонда қарийб 1,2 трлн сўм даромад кўриб, 142,9 млрд сўм солиқ тўлаган.
Ушбу ташаббус жамоатчилик ва молиявий экспертлар ўртасида банк сири ҳамда шахсий маълумотлар дахлсизлиги борасида саволларни юзага келтирди. Солиқ органлари маълумотлар «эгасизлантирилган» ҳолда йиғилишини ва мақсад фақат хорижий юридик шахслар айланмасини назорат қилиш эканини айтаётган бўлса-да, ҳар бир транзакциянинг аниқ санаси ва суммаси талаб қилиниши банк сири тўғрисидаги қонунчилик билан баҳсли вазиятни юзага келтириши мумкин.
Меҳнат ва дам олиш қоидаларини бузган ҳайдовчилар учун жавобгарлик белгиланди
2024 йилда ҳайдовчиларнинг рулда ухлаб қолиши оқибатида 351 та ЙТҲ юз бериб, 189 нафар инсон ҳаётдан кўз юмгани ушбу ислоҳотнинг нақадар зарурлигини кўрсатди. 2026 йил 5 февралда имзоланган янги қонунга кўра, халқаро ва шаҳарлараро йўналишларда меҳнат ва дам олиш режимини бузган ҳайдовчиларга БҲМнинг 7 баравари (2 млн 884 минг сўм) миқдорида жарима белгиланди. Эндиликда «тахограф бор-ку» деб хотиржам бўлиш кифоя қилмайди; қурилмадаги маълумотлар асосида ҳайдовчининг вақтида дам олмагани аниқланса, жавобгарлик муқаррар бўлади.
Янги тартибга кўра, иш вақти 9 соатдан ортиқ бўлган ёки 400 кмдан ортиқ масофага қатнайдиган транспорт воситалари Транспорт назорати инспекцияси томонидан қатъий кузатиб борилади. Шунингдек, ташиш хавфсизлиги талабларини бузган мансабдор шахслар учун жарима БҲМнинг 10 баравари (4 млн 120 минг сўм) этиб белгиланди. Мазкур ўзгаришлар, жумладан метрополитендаги хавфсизлик бўйича янги санкциялар ҳам 2026 йил 10 майдан бошлаб амалга киритилади.
2027 йилдан сув солиғи ҳудудга қараб ҳисобланади
Президентнинг янги қарорига (ПҚ–47) кўра, 2027 йилдан бошлаб сув солиғи ставкалари ва субсидиялар ҳудуднинг сув билан таъминланганлик даражасига қараб белгиланади. Бунда «қамчи ва ширинлик» тамойили ишлайди: агар фермер сув танқис ҳудудда сув тежовчи технология жорий қилса, унга бериладиган субсидия 1,25 баравар ошириб берилади. Аксинча, суви мўл жойда яшаб, уни тежамаганлар учун солиқ ставкаси икки баробар оширилган миқдорда қўлланилади.
Янги тартибга кўра, 2027 йилгача шоли етиштирувчилар ва балиқчилик хўжаликлари ўз маблағлари ҳисобидан «ақлли» сув ўлчаш воситаларини ўрнатишлари шарт. Сув кириш ва чиқиш нуқталарида назорат ўрнатилмаса, солиқ яна ўша — икки баробар оширилган тартибда ҳисобланади. Сув хўжалиги вазирлиги ҳар йили 1 апрелгача ҳудудларнинг сув билан таъминланганлик рейтингини тузиб, Халқ депутатлари кенгашларига тасдиқлаш учун киритади.
Пойтахт кўчаларида бир ҳафта олдин ўрнатилган темир панжаралар яна олиб ташланмоқда
Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек кўчасида бир ҳафта олдин ўрнатилган йўналишларни ажратувчи темир панжаралар техник талабларга (баландлиги пастлиги) жавоб бермагани сабабли яна олиб ташланди. Энг қизиғи, айнан шу турдаги тўсиқлар 2017-2018 йилларда «ҳайдовчилар кўринишини чеклайди ва хавфли» деб топилиб, шаҳар кўчаларидан оммавий равишда олиб ташланган эди. 2025 йилда эса шаҳар ҳокимлиги пиёдалар хавфсизлигини рўкач қилиб, уларни қайта ўрнатиш учун 6,9 млрд сўм маблағ ажратган.
Тендерда ғолиб чиққан «Qarshi Stroy Sentr» компанияси 6 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига 90 кун ичида панжараларни ўрнатиши керак эди. Бироқ, тайёр тўсиқларнинг қайта суғуриб олиниши бюджет маблағларининг нақадар самарали ишлатилаётгани борасида саволларни кўпайтирди.





