add

Россия меҳнат бозорида Марказий осиёликлар ўрнини ҳиндлар эгалламоқда. Путин Ҳиндистонни танлашга мажбур бўлди

Bugun 19:006 daqiqa

Санкт-Петербург ва Москвада қор кураётган ҳиндистонлик ишчиларни кўриш оддий ҳолга айланмоқда. Марказий осиёлик ишчилар бўшатган ўрин учун Кремл Ҳиндистонга юзланди.

Россия меҳнат бозорида Марказий осиёликлар ўрнини ҳиндлар эгалламоқда. Путин Ҳиндистонни танлашга мажбур бўлди© Фото: Adnan Abidi/REUTERS

Россия президентининг барқарор ривожланиш соҳасида халқаро ташкилотлар билан алоқалар бўйича махсус вакили Борис Титов ўтган йили Россиянинг «РИА Новости» давлат ахборот агентлигига берган интервюсида 2026 йилда Россияга камида 40 минг нафар Ҳиндистон фуқароси ишга келиши кераклигини таъкидлаган эди. Шу билан бирга, Ҳиндистоннинг Москвадаги элчиси Винай Кумарнинг агентликка берган изоҳига кўра, 2025 йил якунига келиб Россияда аллақачон 70 мингдан 80 минггача Ҳиндистон фуқаролари меҳнат қилмоқда.

Ҳиндистондан Россияга миграция оқимига 2025 йил декабрида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ва Россия президенти Владимир Путин томонидан имзоланган ишчи кучи мобиллиги тўғрисидаги келишув асосий туртки бўлди. Мазкур ҳужжатда 2026 йил учун қарийб 71 800 нафар Ҳиндистон фуқаросига квота ажратиш кўзда тутилган.

DW нашрининг ёзишича, статистикалар Ҳиндистон фуқароларининг Россияга кириб келиши кўпаяётганини кўрсатмоқда. 2025 йилнинг биринчи чорагида Россия чегарасини қарийб 32 минг киши кесиб ўтган бўлса, иккинчи чоракда — 36 минг, учинчи чоракда эса бу кўрсаткич 63 мингга етган.

Ҳиндистонлик мутахассисларнинг айтишича, ҳинд ишчиларини ёллаш расмий ва норасмий агентликлар орқали амалга оширилади. Россияда малакасиз ҳинд ишчилари учун маошлар ойига 550 дан 1100 АҚШ долларигача етади — бу уларнинг ватанида топиши мумкин бўлган маблағдан сезиларли даражада кўп.

Декабр ойида Санкт-Петербург кўчаларида ҳиндистонлик меҳнат мигрантларидан иборат бутун бошли бригадалар кўрина бошлади. Улар «Фонтанка» нашрига ойига тахминан 100 минг рубл маош олишлари, турар жой ва озиқ-овқат бепул экани, шунингдек, рус тили курслари ташкил этилгани ҳақида маълум қилган. Шаҳар маъмурияти маълумотларига кўра, Санкт-Петербургга иш қидириб 3 мингга яқин Ҳиндистон фуқароси келган.

Исми сир қолишини истаган ҳиндистонлик дипломат DW билан суҳбатда ушбу шартнома Ҳиндистон учун ҳам манфаатли эканини тушунтириб, «Россияга ишчилар керак, Ҳиндистонга эса ишсизликни экспорт қилиш зарур», — деган.

Ишга эмас — фронтга

Ҳиндистонлик дипломатнинг сўзларига кўра, расмий келишув бир муддат аввал «норасмий ва тартибсиз» равишда бошланган миграцияни қонунийлаштириш учун зарур бўлган. Дипломатнинг таъкидлашича, ўтмишдаги миграциянинг бундай тартибсиз характери ҳиндистонликларни фирибгарлик схемалари олдида ҳимоясиз қолдирган; ўшанда улар алдов йўли билан Россия армияси билан шартнома имзолашга мажбур қилинган ва Украинадаги фронтга юборилган.

Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошлангандан буён 126 нафар Ҳиндистон фуқароси Россия армияси билан шартнома имзолагани расман тасдиқланган. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Россия томонида туриб жанг қилган камида 12 нафар Ҳиндистон фуқароси ҳалок бўлган, 96 нафарини эса ватанга қайтаришга муваффақ бўлинган.

2024 йилда Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Владимир Путин билан Москвадаги учрашуви чоғида Россия армияси билан аллақачон шартнома имзолаган ҳиндистонликларни демобилизация қилиш (ҳарбий хизматдан бўшатиш) ва янги ёллаш ҳолатларига йўл қўймаслик масаласини кўтарган. Экспертларнинг фикрича, бу келишув амалиётда қандай татбиқ этилишини вақт кўрсатади.

Ҳиндистонликлар Россия иқтисодиётига мослаша оладими?

Иқтисодчи Игор Липсицнинг фикрича, Россиядаги аксарият Ҳиндистон фуқаролари дуч келадиган асосий муаммолардан бири — бу тил тўсиғидир. Унинг таъкидлашича, ҳинд ишчиларининг кўпчилиги рус тилини билмайди, Россия аҳолисининг катта қисми эса, айниқса чекка ҳудудларда, инглиз тилини тушунмайди. «Сиз ўзингиз нормал мулоқот қила олмайдиган одамни олиб келяпсиз. Демак, ундан фақат энг оддий ишларда — нимадир олиб келиш, олиб бориш, тозалаш ёки қор кураш каби юмушларда фойдаланиш мумкин», — дейди у.

Бундан ташқари, маданий фарқлар интеграция имкониятларини чеклайди. «Менимча, айнан Ҳиндистонга урғу берилаётгани, жумладан, мусулмонлар оқимини минималлаштириш истаги билан ҳам боғлиқ. Асосан ҳиндуизм динига эътиқод қилувчилар олиб келиниши тахмин қилинмоқда. Аммо бу шунчаки «осон ечим иллюзияси»дир: бошқа маданият вакиллари барибир ўзларига хос хавф-хатарлар ва зиддиятларни келтириб чиқаради», — дейди иқтисодчи Андрей Яковлев.

Санкт-Петербург шаҳрида ҳиндистонлик кўча тозаловчиларнинг пайдо бўлишини Яковлев муаммонинг ечими эмас, балки ниятларни намойиш қилиш деб атайди. «Асосий етишмовчилик — бу кўча тозаловчилар ёки оддий ишчилар эмас, балки маълум малакага эга мутахассислардир», — дея таъкидлайди у. Липсицнинг айтишича, «ҳозирда бу, аслида, синов тариқасидаги ёллаш жараёнидир. Бу одамлар Россия иқтисодиётига мослаша оладими-йўқми, шуни тушунишга уринишдир».

Нима учун Россия асосий эътиборни Ҳиндистонга қаратмоқда?

«Крокус Сити Холл»даги ҳужумдан сўнг, Россия расмийлари мигрантларга қарши риторикасини кескин кучайтирди ва амалда Марказий Осиё давлатларидан ишчи кучи оқимини чеклади. Бундан ташқари, Липсиц таъкидлаганидек, ушбу минтақа давлатларининг ўзида ҳам меҳнат ресурслари танқислиги сезила бошлади. «Марказий осиёликлар эндиликда бошқа меҳнат бозорларига — биринчи навбатда, Буюк Британия ва Жанубий Европадага фаол ёлланмоқда. Натижада мигрантлар юқори маош талаб қилишмоқда, бу эса россиялик иш берувчилар учун иқтисодий жиҳатдан фойдасиз бўлиб қоляпти», — дея тушунтиради у.

DW’нинг таъкидлашича, муқобил сифатида Ҳиндистоннинг танланиши тасодиф эмас. Деҳлидаги Жаваҳарлал Неру университети қошидаги Россия бўйича эксперт Ражан Кумарнинг тахминича, Россия ҳиндистонлик ишчиларнинг ойлик маошини нефт сотишдан тушган ва Ҳиндистон банкларида тўпланиб қолган рупийлар ҳисобидан тўлаши эҳтимоли жуда юқори. Ҳиндистон ва Россия ўртасидаги умумий товар айирбошлаш ҳажми қарийб 70 миллиард долларни ташкил этади, бироқ Россия Ҳиндистондан атиги 5 миллиард долларлик маҳсулот сотиб олади. Яъни, Россиянинг қўлида Ҳиндистон пуллари (рупийлар) ҳаддан ташқари кўпайиб кетган. Экспертнинг тушунтиришича, бу рупийларни Россияга олиб чиқиб кетиш ёки бошқа валютага айлантириш жуда қийин. Бироқ, Россияга ҳинд ишчиларини олиб келиш бу пулларни ишлатиш учун ажойиб имконият.

Кадрлар етишмовчилигидан оммавий ишдан бўшатишгача

Росстат ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йилда Россияда ишчи кучи танқислиги 2,2 миллион кишини ташкил этган бўлса, Россия Фанлар академияси экспертлари 2023 йилда бу рақамни 4,8 миллионгача деб аташган эди. Кадрлар етишмовчилиги саноат, қурилиш, логистика, тиббиёт, савдо ва IT соҳаларида яққол сезилмоқда. Шу билан бирга, экспертлар бу баҳолашлар тахминий эканини таъкидлайди. Яковлевнинг фикрича, кадрлар танқислиги нафақат уруш, мобилизация ва иммиграция туфайли юзага келган. «Менинг тушунишимча, бу (ҳиндларни жалб қилиш — таҳр.) Кремлнинг чуқур демографик тенденцияларига нисбатан реакциясидир. Аммо уруш, иммиграция ва мобилизация ҳақиқатан ҳам ўз ролини ўйнади — бу омиллар анча узоқ муддатли муаммони, яъни аҳолининг барқарор қисқаришини янада кучайтирди», — деб ҳисоблайди у.

«2 миллиондан 5 миллионгача бўлган барча танқислик ҳисоб-китоблари «қизиб кетган» иқтисодиёт ҳолати учун қилинган эди. Ҳозир вазият ўзгармоқда: пасайиш бошланмоқда, корхоналар тўлиқ бўлмаган иш ҳафтасига ўтмоқда, жорий йилда эса оммавий ишдан бўшатишлар бўлиши эҳтимоли жуда юқори», — дейди Липсиц.

Ҳиндистонлик экспертлар ҳам ушбу ташаббусга эҳтиёткорлик билан қарамоқда. Ню-Деҳлидаги Миллий жамоат молияси ва сиёсати институти профессори Леха Чакраборти Россиянинг ишчи кучига бўлган талаби уруш туфайли ўзгаргани ва беқарор эканидан огоҳлантирди. «Конфликтдан кейинги нормаллашув ёки эскалация иш ҳақини тез фурсатда қисқартириши, ишдан бўшатишларга олиб келиши ва ватанга

қайтиш муаммолари ҳамда чекланган кафолатлар туфайли мигрантларни қийин аҳволда қолдириши мумкин», — дейди у.

Teglar

Mavzuga oid