
Россиядаги мактабда содир бўлган қотиллик ижтимоий тармоқларда катта резонанс уйғотди
16 декабр куни Россияда тожикистонлик боланинг ўлдирилиши Ўзбекистон жамоатчилигида ҳам кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар ушбу фожиани нафақат якка жиноят, балки мигрантларга нисбатан кучайиб бораётган нафрат ва ксенофобиянинг хавфли белгиси сифатида баҳоламоқда.

16 декабр куни Москва областининг Одинцово округидаги мактабда 15 ёшли ўсмир томонидан содир этилган пичоқли ҳужум оқибатида 10 ёшли тожикистонлик ўқувчи Қобилжон Алиев ҳалок бўлганлиги ҳақида хабар берган эдик. Бу воқеа ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилиниб, ўзбек жамоатчилик фаолларининг ҳам эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Энг аламлиси, россияликларда бўлиб ўтган воқеада гўдакка заррача ачиниш йўқ. Ижтимоий тармоқдаги қотилни оқлашга уриниш кучли, қурбон бўлган болакайни таҳқирлаб изоҳлар қолдиришмоқда.
Нацистик каналлардан бирида саҳнаси видеоси остида воқеа юзасидан шундай изоҳ қолдирилган:
«Мен кичкинтой ****жонкага жуда ачиняпман. Энди бу кичик тожик ҳеч қачон катта бўлмайди ва шунинг учун ҳеч қачон ҳеч кимни зўрламайди, ҳеч кимни пичоқлаб ўлдирмайди. «Крокус»дагидек теракт қилмайди ёки қандайдир генерални йўқ қилиш учун «хохоллар» раҳбарлигида диверсияда қатнашмайди. Доставкада ишлаб, «шайтон-мопед» ёки «шайтон-самокат» ҳайдаб, тротуарда одамларни уриб кетмайди. Савдо марказлари ва болалар майдончаларида намоз ўқимайди. Қурбон ҳайитида минглаб «биродарлар» билан Мир проспекти бўйлаб юрмайди. Ва охир-оқибат, ўзи ҳам ота-она бўлмайди — камида 6 нафар тожик дунёга келмайди ва русларнинг бўйнига «паразит» сифатида осилмайди. Унинг онаси ва отаси, эҳтимол, қолган «жундор» болаларини йиғиб, уларнинг икки-учтасини она капитали учун қавмдошларидан 10 минг рубл йиғиб, этик сотиб олган ҳолда, «рус фашизми»дан қўрқиб, қуёш нури кўп бўлган ва мазали мандаринлар ўсадиган шинам ва илиқ Тожикистонга қочиб кетишади».
Юқоридаги фикрларга «Муштум» журнали Телеграм каналида шундай пост ёзилди:
«Агар бир одам шовинист бўлса, уни тушуниш мумкин, агар катта бир давлатнинг ичида юзлаб шовинист бўлса, бунга ҳам баҳона топиш мумкиндир. Лекин минглаб, миллионлаб одамлар шовинист бўлса, демак, ўша халқ жар ёқасига бориб бўлган. Ўзидан бошқани одам ҳисобламайдиган манқуртга айланган. Кечаги фожеадан озгина виждони бор одам изтироб чекаётган бир паллада, манави постга эътибор қилинг — фожеа мазах қилинаяпти. Жаллодга хайрихоҳлик билдирилаяпти. Постни қўллаб босилган лайкларни кўриб, баттар ҳайрон қоласан: наҳотки, Россияда шовинизм шу даражада кучайган бўлса?! Энг даҳшатлиси — пост эгасига чора кўрадиганларнинг томошабин бўлиб туриши, демак, шундай ишларга «фатво» берилган деган хулосага олиб келади».
Қотиллик содир этган рус миллатчиси ўзи олган видеотасвирларда болалардан уларнинг миллатини сўрагани, сўнгра қўриқчига кўздан ёш оқизувчи газ сепиб, бошқа ўқувчиларга ташланиб, тўртинчи синф ўқувчисининг бўйин ва кўкрак қисмига кўп марталаб пичоқ ургани акс этган. Маълумотларга кўра, ўқитувчи ўз ўқувчиларни хавфсизлик учун синфхонага киритмоқчи бўлган, аммо Қобилжон қўрқиб зина томон қочган.
Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида кўплаб инсонлар Қобилжон учун афсусда эканлигини билдириб, оиласига ҳамдардлик билдирилган фикрлар ва видеолавҳалар жойлашмоқда.
Таниқли журналист Илёс Сафаров ўз Facebook саҳифасида шундай ёзади:
«Бир нарса аниқ, бу ҳодиса амбициялари учраб турадиган «навбатдаги жиноят» эмас. Бу — рус амбициялари тобора кучайиб, миллатчилик ва ксенофобиянинг болалар ҳаётига ҳам кўчиб улгурган акси. Россия жамиятида йиллар давомида рус бўлмаганларга нисбатан кучайиб бораётган зўравонлик ва шу зўравонликни оқлаш кайфияти ана шундай фожиалар учун муҳит яратмоқда. Энг аянчлиси шундаки, бундай фожиаларда бегуноҳ болалар ўзларига алоқаси бўлмаган инсонларнинг шахсий амбициялари, миллатчилик ва ксенофобия билан заҳарлаган муҳитнинг қурбонига айланмоқда. Болалар бу нафратни яратмади, уни танламади, лекин айнан амбициялари энг оғир оқибатларни қабул қилмоқда. Хабарни ўқиб, ичимга оғир ғашлик, тушкунлик кирганди. Аммо бегуноҳ болажоннинг пичоқланиши тармоқларнинг рус сегментида кўплаб россияликларни хурсанд қилаётгани, кулдираётганини ҳам кўрдимки, энди даҳшатга тушяпман. Хўш, бир боланинг вафотидан хурсанд бўлиш учун жамият қанчалик ботқоққа ботган бўлиши керак?!».
Филолог ва журналист Шаҳноза Соатова эса воқеа юзасидан фикрларини қуйидагича ифодалаган:
«Украинада «фашизмга қарши» курашаётган мамлакатнинг ўсмирлари Москва биқинида миллий мансубликка кўра одамларни сўймоқда — бу ҳолатни таърифлашга сўз тополмадим. Маълум бўлишича, қотилликда гумонланаётган ўсмир бундан бир неча кун аввал 11 варақлик (!) «Менинг ғазабим» деган манифест ёзиб танишларига тарқатган. Унда ғайридинларга, бошқа миллат вакилларига, айниқса, мигрантларга қарши кучли нафрат акс этган. Афсуски, бунга ҳеч ким эътибор бермаган, чунки ўсмирнинг ёзганлари Россиянинг айрим сиёсатчилари томонидан айтилаётган чақириқлардан мазмунан унча фарқ қилмас эди. Қолаверса, тармоқда ва ОАВда тарқалган чўккалатиб юргизилаётган мигрантлар тасвири ўсмирлар онгида қандай хулосалар пайдо қилишини тахмин қилиш қийин эмас».
Маълумотларга кўра, босқинчининг синфдошларига юборган «Менинг ғазабим» номли манифестида яҳудийлар, мусулмонлар, аксилфашистлар ва либералларга қарши нафратини изҳор қилгани айтилади. Унинг қўлга олинаётгани акс этган видеотасвирларда «ҳеч кимнинг ҳаёти аҳамияли эмас » деган мазмундаги гап ёзилган футболка кийганини кўриш мумкин.
Миллатчи ҳарбий бўлинма «ДШРГ Русич» ўз телеграм каналида ўсмирнинг рус миллатчиларига алоқаси йўқлигини ёзган ва бу палов фестивалларини бошқарувчи мигрантларнинг провокацияси эканини иддао қилган.
Шунингдек, Шаҳноза Соатова Россиядаги мигрантларга нисбатан содир этилаётган адолатсизликларга ҳам муносат билдирган.
«Охирги пайтларда бундай хатти-ҳаракатларга нисбатан давлатимиз томонидан муносабатлар ва норозиликлар билдириб бориляпти – жуда яхши иш бўляпти. Бундан кейин шундай муносабатларни ҳар бир ҳолат бўйича битта қўймай билдириб бориши керак. Бундан ташқари норозилик ноталаримиздаги талаблар ва сўровларимизнинг амалга оширилишига эришишимиз ҳам лозим. Эсингиздами, ўзбек таксичисини «сен русларнинг қулисан» деб ҳақорат қилган одам? У жазоландими? Агар шундайларнинг жазоланишига эришилганида ва буни ОАВ кенг ёритганида, балки Тимофей К.нинг бугун Қобилжонга пичоқ ўқталган қўли бу қадар аниқ ҳаракат қилмас, нимадандир қўрқар эди, балки бола тирик қоларди. Жазосизлик жиноятларни қутуртиради – аксиома. Ўзбекистон ўз фуқароларини миллий айирмачилик ва мигрантларга қарши нафрат балоси қаршисида ёлғиз қолдирмаслиги керак. Қолдирмайди ҳам! Жойинг жаннатда бўлсин, Қобилжон. Онангга ва яқинларингга сабр берсин»,— деб ёзган Соатова.
Жамоатчилик фаоли Азиза Умарова шундай ёзади:
«Янгиликларни ўқиб, даҳшат ҳисси мени тарк этмаяпти. ОАВ хабарларида бола Тожикистонданми ёки Ўзбекистонданми аниқ кўрсатилмайди. Фақат шу маълумки, бир йил олдин боланинг отаси вафот этган (нима сабабдан экани номаълум), онаси эса шу мактабда фаррош бўлиб ишлаган. Жамият йиллар давомида нафрат билан «тўйдириб» келинса, у изсиз кетмайди. У барибир бир куни ёриб чиқади —шафқатсизликка, зўравонликка, миллий асосдаги қотилликларга айланади. Ёзишларича, бола ўлим олдидан «дада» деб бақирган. Ёрдамга отасини чақирган. Ҳаётда йўқ бўлган отасини...»
Санъатшунос Иқбол Қўшшаева эса шундай ёзади:
«Икки йил олдин Никита «Бесогон» Михалковни танқид қилганимда, юртдошларимиздан айримлари: «Нега ўзга давлат ишларига аралашасан?» — деб койишганди. Бугун эса ўша «ўзга давлат»нинг қонли пропагандаси қанча халқларнинг бошига бало бўляпти.
Аввало — ўзининг! Бадбахт тимофейлар ҳодисаси ўз-ўзидан пайдо бўлмади. Уларни яратишди, боқишди, семиртиришди. Худо номи билан, рус православ черкови номи билан либерал-демократларга «сатана» тамғасини босишди. Кимки шу «сатаналар»ни — иблису шайтонларни йўқ қилса, жаннат эшиклари очиқ, деб фатво бердилар. Патриотизм ниқоби остида мигрантларга, марказий осиёликларга нисбатан нафрат уруғи сепилди — йиллар давомида суғорилди. Ташқи «нацистлар» — «миллатчилар» қонини тўка-тўка, ўз бағрида ҳақиқий нацистлару миллатчиларни вояга етказишди. Гўё оила муқаддаслиги учун курашаётгандек. Аммо тул қолган бевалар бир нечта йигитнинг умрини қимматбаҳо машиналару имтиёзларга алмаштириб юрибди. Жаҳон адабиётида урушга қарши ёзилган энг машҳур роман муаллифининг авлоди бугун — уруш тарғиботчиси! Ёзувчи нафратланган Москва мэри Ростопчин билан бугун Думада ўтирган Пётр Толстой орасида қандай фарқ бор? Тимофей — Путин Россиясининг меваси. Қобилжон — Путин Россиясига мўлтираб турган миллатларнинг маъсум қурбонлиги. Мазлум болам, ночор болам, ҳаммамизни кечир. Қўрқувларинг жаннатда сенга қанот бўлсин»,— дея ёзган у.
Сиёсатчи Камолиддин Раббимовнинг фикрича, постсовет ҳудудида энг россияпараст жамиятлар — бу аввало Тожикистон, сўнгра Ўзбекистон.
«Қўшни Қозоғистонда рус тилини билиш даражаси жуда юқори, лекин қозоқ, халқи россияпараст эмас. Россияга энг ишонмайдиган жамиятлар — Болтиқбўйи республикалари, Украина. Энг қизиғи — рус миллатчилари аввало ўзига энг мойил тожик ва ўзбекларни нишон билади. Лекин, латишларга, эстонларга ёки украинларга тегинишдан қўрқади», — деб ёзади у.
Яна бир Facebook фойдаланувчиси Фарҳод Назаров ўз саҳифасида шундай ёзади:
«Бу ерда айбдор фақат пичоқ тутган қўл эмас. Айбдор ўша қўлга нафратни тутқазган мафкурадир. Айбдор мактаб дарсликларига, Телеграм каналларга, давлат тилига зўравонликни сингдирган тизимдир. Айбдор шовинизмга йўл очиб берган рус раҳбарияти ва ўз фуқаросини ҳимоя қилишни эплай олмаган бошқарувдир. Муҳожир болалар энг ҳимоясиз қурбонларга айланди. Уларга ҳеч ким керак эмас: на ўз давлатига, на уларни қабул қилган давлатга. Шу боис уларнинг қони билан ёзилган бу «тарбия» кимгадир оддий хабар, кимгадир эса статистика бўлиб қоляпти. Бугун ўлдирилган 10 ёшли бола фақат бир оиланинг фожиаси эмас. Бу икки давлат сиёсати яратган қора ҳосиладир. Бу сиёсат тўхтатилмас экан, бунга ўхшаш ҳолатлар эртага яна такрорланаверади», — деган у.
Ушбу воқеа ҳар қандай ҳар қандай жамиятни бефарқ қолдирмаслиги ва жиддий қораланиши керак бўлган жиноят ҳисобланади. Бегуноҳ боланинг миллати ёки келиб чиқиши сабабли зўравонлик қурбонига айланиши инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилиши, миллатлараро ҳурмат тамойилларининг поймол этилиши ва ксенофобиянинг хавфли даражага чиққанидан далолат беради. Болаларни нафрат, мафкуравий қарашлар ёки сиёсий манфаатлар қурбонига айлантиришни ҳеч қандай баҳона билан оқлаб бўлмайди.
Бундай фожиалар алоҳида шахснинг хатти-ҳаракати сифатида эмас, балки жамиятда йиллар давомида шакллантирилган нафрат, бағрикенгликнинг етишмаслиги ва айрим гуруҳларга нисбатан нафратли қарашларнинг оғир оқибати сифатида баҳоланиши лозим.
Агар жамиятда муайян миллат ёки ижтимоий қатламга нисбатан зўравонлик одатий ҳолга айланса, унинг энг биринчи қурбонлари айнан ўзини ҳимоя қила олмайдиган болалар бўлади.
Инсон ҳуқуқлари умуминсоний қадрият бўлиб, улар миллат, дин ёки фуқароликка қараб ажратилмайди. Уларга нисбатан ҳар қандай тажовуз нафақат муайян бир гуруҳга, балки бутун жамиятнинг маънавий асосларига зарба беради. Шу боис бундай ҳолатлар фақат қораланибгина қолмасдан, уларга олиб келаётган сабаблар ҳам очиқ ва холис муҳокама қилиниши, нафрат ва ксенофобияни оқловчи ҳар қандай қарашларга қатъий қарши турилиши шарт.
Teglar






