add

«Украина ва Қозоғистонни бой бердик»: Путин Бушга ёпиқ эшиклар ортида нималар деган?

Bugun 19:1824493 daqiqa

АҚШ Миллий хавфсизлик архиви Владимир Путин ва кичик Жорж Буш ўртасидаги махфий музокаралар баённомасини эълон қилди.

«Украина ва Қозоғистонни бой бердик»: Путин Бушга ёпиқ эшиклар ортида нималар деган?

Россия президенти Владимир Путин 2001 йилда Америка раҳбари кичик Жорж Бушга Россия Кавказдаги ўз ерларини «бой бериб қўйганини», СССРнинг парчаланиши эса мамлакатни «заиф ва ҳимоясиз» қилиб қўйгани ҳақида гапирган.

Бу маълумотлар Жорж Вашингтон университети қошидаги «Миллий хавфсизлик архиви» (National Security Archive) тадқиқот ташкилоти томонидан эълон қилинган АҚШ ҳукуматининг махфийликдан чиқарилган ҳужжатларида акс этган.

«Аслида нима бўлди? Совет иродаси дунёни ўзгартирди. Руслар минглаб квадрат километр ҳудудлардан ўз ихтиёри билан воз кечди. Бу — мисли кўрилмаган ҳолат. Асрлар давомида Россиянинг бир қисми бўлиб келган Украина қўлдан бой берилди. Қозоғистон ҳам бериб юборилди. Кавказ ҳам худди шундай. Буни тасаввур қилиш қийин, буларнинг барчасини ўша пайтдаги партия раҳбарлари амалга оширди», — дея таъкидлаган Путин Буш билан суҳбатда.

2008 йилнинг февралида давлат раҳбарлари Москвада яна бир бор учрашиб, бошқа масалалар қаторида Украина атрофидаги вазиятни ҳам муҳокама қилган. Владимир Путин кичик Жорж Бушни НАТО кенгайишининг мумкин бўлган оқибатлардан огоҳлантирган.

«Энди мен Москвада Конди ва Гейтсга (ўша пайтдаги АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс ва мудофаа вазири Роберт Гейтс) НАТО кенгайиши борасида айтганларимни такрорламоқчиман. Бу сиз учун янгилик бўлмайди ва мен жавоб кутаётганим ҳам йўқ. Шунчаки, буни очиқ-ойдин айтиб қўймоқчиман. Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Украина каби давлатнинг НАТОга аъзо бўлиши сиз ва биз учун узоқ муддатли қарама-қаршилик ҳудудини, давомли конфронтацияни келтириб чиқаради», — дейилади Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши аппарати ходимлари томонидан тайёрланган ва махфийликдан чиқарилган суҳбат баённомасида.

Бунга жавобан Буш Путиннинг сўзлари нимага асосланганига қизиққан. Россия президенти Украинанинг алянсга аъзо бўлиши Россия чегаралари яқинида НАТО ҳарбий базалари ва турли қурол-яроғ тизимлари жойлаштирилиши хавфини туғдиришини тушунтирган. Бундан ташқари, у алянсга кириш бутун Украина жамоатчилиги томонидан қўллаб-қувватланмаслигини таъкидлаб, мамлакат аҳолисининг қарийб учдан бир қисмини ёки тахминан 17 миллион кишини руслар ташкил қилишини эслатиб ўтган.

Бундан ташқари, Путин Райс ва кичик Буш билан Эрон ядро дастури ва уни тартибга солишда Россиянинг ролини муҳокама қилган. Суҳбат давомида у эронликларни «телба, аммо ақлли» эканини очиқчасига тан олган. Россия етакчиси, шунингдек, Эронга ракета технологиялари етказиб беришни чеклаш ниятида эканини билдирган ва Теҳрон ядро ёқилғиси билан таъминланиши эвазига уранни бойитмаслиги кераклигини таъкидлаган.

«Мана ёқилғи, уни бойитишингизга ҳожат йўқ. Агар сиз бундай қилсангиз, бу сизга фуқаролик мақсадидаги ядро энергетикаси эмас, балки кўпроқ нарса кераклигини англатади», — деган Россия президенти.

Шу билан бирга, у эронликлар “содда одамлар эмаслигини” қўшимча қилиб, Эрон, шубҳасиз, ядро қуролига эга бўлишга интилаётганини таъкидлаган. Буш, ўз навбатида, Москванинг ушбу масаладаги таъсирини юқори баҳолаган.

«У (Путин) Эрон масаласида ташаббусни ўз қўлига олди ва мен унга эргашдим. Бу тўғри қарор эди», — деган Америка президенти.

Teglar

Mavzuga oid