
1 млрд сўмлик техник хатолик учун ҲЭТга чора кўрилди
«Ҳудудий электр тармоқлари» Тошкентдаги бир корхонага электр энергияси учун 1 млрд сўмдан ортиқ асоссиз даромад ҳисоблаган. Рақобат қўмитаси ҲЭТга асоссиз ҳисобланган даромадни истеъмолчига қайта ҳисоб-китоб қилиш тўғрисида кўрсатма берди.

Тошкент шаҳрида алоқа соҳасида фаолият олиб бораётган хўжалик юритувчи субъект «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва унинг «Энергиясавдо» филиали ҳаракатларидан норози бўлиб қўмитага мурожаат қилган. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Тошкент шаҳридаги алоқа соҳасида фаолият юритувчи корхона мурожаати асосида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва унинг «Энергиясавдо» филиали фаолиятини текширган.
Ўрганишлар давомида маълум бўлишича, ҳисобга олиш ускунаси тўғри ўрнатилганига қарамасдан, унинг иккиламчи занжирлари хатолик билан алмаштирилган. Бу техник нуқсон сабабли истеъмолчига охирги уч йил давомида 1 млрд сўмдан ортиқ қўшимча тўлов ҳисобланган. Шу билан бирга, мазкур хатолик янги қоидаларда назарда тутилган бўлса-да, эски таҳрирдаги «электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари»да қайд этилмагани аниқланган.
Қўмита маълумотига кўра, бу ҳолат «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддасида белгиланган устун мавқени суиистеъмол қилиш ҳолатига киради. Яъни нархни асоссиз ошириш ёки ортиқча ҳақ ундириш рақобатни чеклаш деб баҳоланади ва қонун билан тақиқланади.
Шу асосда ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «Энергиясавдо» филиалига нисбатан иш қўзғатилди. Иш якунлари бўйича истеъмолчига 1 млрд 97 млн сўм асоссиз ҳисобланган даромадни қайта ҳисоблаш, қонун бузилишини бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик ҳақида кўрсатма берилди.
Қўмита маълум қилишича, қарор ва кўрсатмалардан норози бўлган томонлар Апелляция кенгашига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хатолик сабаб 2 дона қалампирнинг нархи 2 млрд сўмга айланганлиги ҳақида хабар берган эдик.





