100 йиллик картина рекорд нархга сотилди
Аукцион уйи нархни Францияда савдога қўйилган картиналар орасидаги энг юқори баҳо деб атаган. Натижада асарни аукционда телефон орқали иштирок этган осиёлик коллекционер сотиб олган.
© ReutersФранцуз рассоми Клод Моненинг «Ирислар» картинаси Франциядаги аукционда 50 миллион еврога сотилди ва мамлакат аукционларида шу пайтгача сотилган санъат асарлари орасида рекорд ўрнатди.
Мойбўёқда, тувалга чизилган 1,6 га 1,8 метрли ўлчамдаги асар Шлюмберже оиласига тегишли бўлган. У тахминан 1924–1925-йилларда, рассом ҳаётининг сўнгги йилларида яратилган.
Савдолардан олдин Sotheby’s картинани 22–30 миллион еврога баҳолаган эди. Шу билан бирга, аукцион уйи бу баҳони Францияда савдога қўйилган картиналар орасидаги энг юқори баҳо деб атаган. Натижада асарни аукционда телефон орқали иштирок этган осиёлик коллекционер сотиб олган.
Картина ўнлаб йиллар давомида шахсий коллекцияда сақланган. «Ирислар» Жан Шлюмберже томонидан сотиб олинганидан бери Шлюмберже оиласининг Париждаги саройида сақланган. Асар кенг жамоатчиликка асосан оқ-қора фотосурат орқали маълум бўлган.
Аввалроқ картина Париждаги Кати Гранофф галереясида сақланган. Галерея уни рассомнинг ўғли Мишел Монедан сотиб олган.
«Ирислар» сотилишидан олдин Франция аукционларидаги рекорд Амедео Модилянининг «Бош» ҳайкалига тегишли эди. 2010-йилда ушбу ҳайкал 43,2 миллион еврога сотилган.
Савдоларга бошқа асарлар ҳам қўйилди. Sotheby’s аукционига Шлюмберже оиласи коллекциясидан яна учта картина қўйилди. 9–12 миллион еврога баҳоланган «Йиғлоқи тол ёки Оловли дарахт», 2–3 миллион евролик «Атиргуллар орасидаги уй» ҳамда 1,2–1,8 миллион еврога баҳоланган «Вернондаги Сена, дарахтлар».
2026-йилда Клод Моненинг вафот этганига 100 йил тўлади. Париждаги Christie’s аукционида ҳам рассомнинг иккита асари сотилди. «Пурвилдаги қоя чети» 12,7 миллион еврога, «Лола солинган учта тувак» эса 3,1 миллион еврога сотилди.
Бундан ташқари, Christie’s Пер-Огюст Ренуарнинг «Денгиз соҳилидаги қизлар» картинасини 5,8 миллион еврога, Пабло Пикассонинг «Грюйер пишлоғи билан натюрморт» асарини эса 3 миллион еврога сотди.
Сезаннинг учта картинаси савдодан олиб ташланди. Sotheby’s, шунингдек, Пол Сезаннинг учта картинасини аукционга қўйишни режалаштирган эди. Бироқ савдолар бошланишидан бир неча соат олдин улар сотувдан олиб ташланди.
Бунга асарларнинг эгалари ва Экс-ан-Прованс шаҳри маъмурияти ўртасида картиналарни рассомнинг туғилган шаҳрига қайтариш имконияти бўйича келишувга эришилгани сабаб бўлди.
Франция Маданият вазирлиги кўмагида томонлар «миллий бойликлар» сифатида таснифланган ушбу асарларни сотиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Шу ҳафтада Sotheby’s Ню-Йоркда ҳам ким ошди савдоси ўтказди. Унда милодий I асрнинг биринчи ярмига оид, Юлий-Клавдийлар сулоласидан бўлган Рим императорининг мармар торс тасвири 34,3 миллион долларга сотилди. Бу сумма Қадимги Рим билан боғлиқ санъат асарлари учун рекорд бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ француз неоклассик рассоми Жак-Луи Давиднинг «Маратнинг ўлими» асари бир қарашда оддий, бироқ ҳақиқий қотилликни тасвирловчи картина экани ҳақида ёзган эдик. Бу машҳур асарга диққат билан қаралса, унда яширинган сиёсий сирларни кўриш мумкин.
Фарангиз Бобожонова