Logo

«Apple Pay» «Uzcard» ва «Humo» билан ишлашни бошлади

Ўзбекистонда «Apple Pay» хизмати орқали энди Халқ банкининг «Uzcard» ва «Octobank»нинг «Humo» миллий карталари билан контактсиз тўловларни амалга ошириш мумкин.

«Apple Pay» «Uzcard» ва «Humo» билан ишлашни бошлади © SI asosida yaratilgan

Бугун, 17 ноябрдан бошлаб Ўзбекистонда «Apple Pay» халқаро тўлов хизматидан фойдаланиш имкониятлари янада кенгайтирилиб, миллий тўлов тизимлари — «UZCARD» ва «HUMO» банк карталари хизматга интеграция қилинди.

Дастлабки босқичда Халқ банки томонидан муомалага чиқарилган «UZCARD» ҳамда «Octobank» томонидан тақдим этилган «HUMO» банк карталари мазкур тизимга уланди. Эндиликда ушбу банклар мижозлари ўз карталарини «Apple Wallet» иловасига қўшиб, «iPhone», «Apple Watch» ва бошқа мос «Apple» қурилмалари орқали хавфсиз контактсиз тўловларни амалга оширишлари мумкин.

Мазкур янгилик билан Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб ўз миллий тўлов тизимларини «Apple Pay» халқаро экотизимига улаган мамлакатга айланди. Шунингдек, айни пайтда Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) ҳудудида миллий карталари мазкур рақамли тўлов тизимида қўллаб-қувватланаётган ягона давлат мақомини олди.

Бу Ўзбекистон миллий тўлов инфратузилмасининг халқаро экотизимга интеграциялашувида муҳим босқич ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда «Apple Pay» хизмати расман 2026 йил 27 октябрда ишга туширилган бўлиб, дастлаб фақатгина айрим тижорат банкларининг «Visa» ва «Mastercard» халқаро карталари учун хизмат кўрсата бошлаган эди.

Тизим доирасида «Apple Pay» орқали тўловларни амалга оширишда мижозларнинг карта маълумотлари махфийлиги ва транзакциялар хавфсизлиги махсус технологик ечимлар ёрдамида тўлиқ таъминланади.

Марказий банкка кўра, келгусида бошқа тижорат банклари томонидан чиқарилган «UZCARD» ва «HUMO» карталарини ҳам мазкур хизматга улаш жараёнлари банклар ва тўлов тизимларининг техник тайёргарлигига қараб босқичма-босқич амалга ошириб борилади.

Теглар

Мавзуга оид

«Apple Pay» «Uzcard» ва «Humo» билан ишлашни бошлади | Vaqt.uz