add

АҚШ Давлат департаменти Грин-карта лотерея дастурига ариза топшириш тартибини ўзгартирди

Бугун 21:354171

АҚШ Давлат департаменти DV-2027 дастурини бекор қилмайди, фақат рўйхатдан ўтиш муддатлари ва жараёнларда техник ўзгаришлар бўлишини маълум қилди.

АҚШ Давлат департаменти Diversity Visa (DV-2027) лотереясида иштирок этиш учун ариза топшириш тартибига техник ўзгартиришлар киритилганини маълум қилди. Дастурнинг ўзи сақланиб қолади, ўзгаришлар фақат рўйхатдан ўтиш ва натижаларни эълон қилиш муддатларига тааллуқли. Аниқ саналар кейинроқ эълон қилинади. Бу ҳақда вазирликнинг расмий веб-сайтида хабар берилган.

Аниқланишича, DV-2027 ғолиблари иммиграция визалари учун ҳужжатларни илгари белгиланган муддатларда — 2026 йил 1 октабрдан 2027 йил 30 сентабргача топширишлари мумкин бўлади.

Шундай қилиб, ташкилий ўзгартиришлар дастур механизмининг ўзига таъсир кўрсатмайди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 16 сентабридан бошлаб лотереяда иштирок этиш учун 1 АҚШ доллари миқдорида рўйхатдан ўтиш тўлови жорий этилади. Бу консуллик тўловларини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги ҳужжатда кўзда тутилган.

Diversity Visa дастури ҳар йили АҚШга миграция даражаси паст бўлган мамлакатлар фуқароларига 50 мингга яқин виза беришни назарда тутади. Натижаларни текшириш Entry Status Check (ESC) тизими орқали амалга оширилади.

DV-2025 маълумотларига кўра, энг кўп ғолиблар Ўзбекистонда қайд этилган - 5,5 минг киши. Кейинги ўринларда Қирғизистон - 3 минг, Тожикистон - 2,9 минг ва Қозоғистон - 2 минг иштирокчи билан жой олган.

Теглар

Мавзуга оид

undefined | Vaqt.uz