Logo

Банк иловаларида P2P ўтказмалар ва биометрик идентификация тартиби ўзгарди

Бугун 12:253 дақиқа

Энди банклар OTP-кодсиз амалга ошириладиган пул ўтказмалари учун энг юқори суммани ўзлари белгилайди. Агар бундай ўтказмада фирибгарлик юз берса, банк ёки тўлов ташкилоти жавобгар бўлади.

Банк иловаларида P2P ўтказмалар ва биометрик идентификация тартиби ўзгарди © Sun'iy intelekt

2026-йил 16-ноябрдан Марказий банкнинг масофавий молиявий хизматлар хавфсизлигига оид низомига киритилган ўзгартиришлар кучга кирди. 

Янги тартибга кўра, банклар ва тўлов ташкилотлари OTP-код ёки бошқа тасдиқлаш усули талаб қилинмайдиган ўтказмалар учун энг юқори суммани мустақил белгилайди. Белгиланган миқдордан ошган пул ўтказмалари эса албатта OTP-код ёки бошқа усул билан тасдиқланиши керак.

Масалан, банк OTP-кодсиз пул юбориш чегарасини 100 минг сўм қилиб белгиласа, ундан юқори суммадаги ўтказмa учун қўшимча тасдиқлаш талаб этилади. Қарорда барча банклар учун ягона миқдор белгиланмаган.

Агар тасдиқлаш талаб қилинмайдиган ўтказмада фирибгарлик содир бўлса, бунинг учун банк ёки тўлов ташкилоти жавоб беради. Шунингдек, P2P ўтказмаларни веб-сайтлар орқали амалга ошириш мумкин эмас.

Маълумот ўрнида, ОТП-код (One-Time Password) - бу банк иловасига кириш ёки пул ўтказмаси каби амалиётларни тасдиқлаш учун телефон рақамига СМС орқали юбориладиган бир марталик махсус код. У одатда 4 ёки 6 та рақамдан иборат бўлади ва фақат бир марта ишлатилади. 

Телефон рақами яқин қариндош номида бўлса…

Аввал банк иловасида рўйхатдан ўтиш учун телефон рақами фойдаланувчининг ўз номида бўлиши керак эди. Энди эса телефон рақами яқин қариндоши номида расмийлаштирилган фуқаро ҳам иловадан фойдаланиши мумкин.

Бунинг учун қариндошлик муносабатини тасдиқлаш талаб этилади. Низомда яқин қариндошлар қаторига ота-она, ака-ука, опа-сингил, фарзандлар, эр-хотин ҳамда эр ёки хотиннинг ота-онаси, ака-укаси, опа-сингиллари ва фарзандлари киритилган.

Биометрик идентификация қачон талаб қилинади?

Янги тартибга кўра, банк иловасида рўйхатдан ўтиш, паролни тиклаш ва аккаунтга бошқа қурилмадан киришда биометрик идентификациядан ўтиш шарт.

Бироқ банк картасини иловага бириктиришда биометрик текширув талаб қилинмайди. Бунинг учун SMS орқали юборилган OTP-кодни киритиш кифоя.

Агар фойдаланувчи аккаунтига бошқа телефондан кирса ёки паролини тикласа, иловага бириктирилган барча банк карталари вақтинча нофаол ҳолатга ўтади. Карталарни OTP-код ёрдамида қайта фаоллаштириш мумкин.

Телефонда зарарли дастур аниқланса, банк хабар беради

Агар банк ёки тўлов ташкилоти фойдаланувчининг телефонида зарарли дастур борлигини ёки қурилма масофадан бошқарилаётганини аниқласа, мижозга SMS ва PUSH-хабар юбориши шарт. Хабарда вазиятни аниқлаштириш учун банк билан боғланиш кераклиги кўрсатилади.

Бундан ташқари, фойдаланувчи банк иловасида пул ўтказмаси ёки бошқа молиявий операцияни тасдиқлашидан олдин огоҳлантириш олади. Бу огоҳлантириш мижозга операцияни ўзи бажараётганини ва фирибгарлар таъсирида эмаслигини текширишга ёрдам бериши керак.

Шунингдек, банк иловаларида карта эгаси ва пул ўтказмасини қабул қилувчининг исм-фамилияси тўлиқ кўрсатилмайди. Маълумотларнинг бир қисми яширилган ҳолда акс эттирилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк масофавий молиявий хизматлардан фойдаланиш тартибини соддалаштириш бўйича низомга ўзгартиришлар киритишни таклиф қилганди. Лойиҳа банк карталарини иловага улаш, биометрик идентификация ва P2P ўтказмалар билан боғлиқ талабларни қайта кўриб чиқишни назарда тутган.

Теглар

Мавзуга оид