Банкни ўмармоқчи бўлган йигит, Беларусдаги маошдан норози андижонликлар ва тақиқланган тунги реклама қўнғироқлари — 15 июл дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Телефон рақамга СМС орқали рухсатсиз реклама юбориш тақиқланди
2026 йил 1 ноябрдан Ўзбекистонда мобил телефон рақамларига товар ва хизматлар ҳақидаги SMS-рекламаларни фақат абонентнинг ёзма ёки электрон розилиги билан юборишга рухсат берилади. Шунингдек, соат 18:00 дан 09:00 гача реклама қўнғироқлари ва хабарларини тарқатиш тақиқланади. Абонентлар мобил операторлар орқали реклама хабарларини тўлиқ ёки қисман блоклаш имкониятига эга бўлади.
Президент қарорига мувофиқ, 1 октябрдан my.gov.uz порталида ҳам янги электрон хизматлар ишга туширилади. Улар орқали фуқаролар кўчмас мулк ва транспорт воситаларига тақиқ қўйиш ёки бекор қилиш учун онлайн мурожаат юбориши, ўз номидаги SIM-карталар ва банк карталарини кўриши, телефон рақамини вақтинча ўчириши, пулли хизматларни текшириши ҳамда банк картасини масофадан блоклаш учун ариза бериши мумкин бўлади.
Марказий банкда Исломий молия кенгаши ташкил этилди
Марказий банк ҳузурида исломий молия фаолиятини мувофиқлаштирувчи Исломий молия кенгаши ташкил этилди. У исломий банк хизматлари кўрсатувчи банклар, микромолия ташкилотлари, Омонатларни кафолатлаш агентлиги ҳамда Марказий банк назоратидаги бошқа ташкилотлар фаолияти бўйича тавсия ва хулосалар беради. Шунингдек, кенгаш исломий молия стандартларини ишлаб чиқиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этиш ва соҳадаги баҳсли масалалар юзасидан тушунтиришлар бериш билан шуғулланади.
Кенгаш таркибига ислом ҳуқуқи бўйича тўрт нафар мутахассис ва бир нафар техник эксперт киритилди. Унга Саиджамол Масайитов раис, Муҳаммадаюбхон Ҳомидов раис ўринбосари этиб тасдиқланди. Шунингдек, Ҳикматилла Тоштемиров, Абдулатиф Турсунов ва техник эксперт сифатида Ахроржон Садуллаев кенгаш аъзоси бўлди. Кенгаш ҳар йили Марказий банкка ўз фаолияти юзасидан ҳисобот тақдим этади.
Ўзбекистонга ярим йил давомида 6,5 миллиондан ортиқ сайёҳ келди
2026 йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистонга туристик мақсадларда 6 млн 565 минг нафардан ортиқ хорижий фуқаро ташриф буюрди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 миллион нафарга ёки 24,9 фоизга кўп.
Сайёҳларнинг асосий қисми қўшни давлатлар ҳиссасига тўғри келган бўлиб, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистондан келган меҳмонлар сони жами 4,9 миллион нафардан ошган.
Статистикага кўра, Ўзбекистонга энг кўп сайёҳ Қирғизистон (1,87 млн), Қозоғистон (1,55 млн) ва Тожикистондан (1,47 млн) келган. Кейинги ўринларда Россия (585,6 минг), Афғонистон (238,9 минг), Хитой (223,5 минг), Туркманистон (164,2 минг), Туркия (95,5 минг), Ҳиндистон (26,4 минг) ва Германия (22,3 минг) жойлашган.
Самарқандда банкни ўмармоқчи бўлган йигит қўлга олинди
Самарқанд шаҳрида банкка босқинчилик қилишга уринган йигит қўлга олинди. ИИВ Қўриқлаш департаменти маълумотига кўра, у банкка қишки кийим ва ниқобда кириб, ўзида портловчи модда борлигини айтиб ходимларни қўрқитган. Шундан сўнг банк эшигининг ойнасини синдириб, кассадаги пулларни талаб қилган.
Воқеа жойига етиб келган қўриқлаш хизмати ходимлари гумонланувчи билан музокара олиб борган ва у ихтиёрий равишда таслим бўлган. Ҳодиса натижасида ҳеч ким жабрланмаган. Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Беларусдаги ўзбекистонликлар маошдан норози бўлди, агентлик изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда Беларусга ишлаш учун юборилган андижонлик ишчиларнинг маош камлигидан норози экани акс этган видео тарқалди. Уларнинг айтишича, иш берувчи ваъда қилинганидан кам — 500 доллар маош таклиф қилган, ётоқхона ва бошқа яшаш харажатларини эса ўзлари қоплаши керак. Айрим ишчилар бундай шартларда ишлашдан кўра Ўзбекистонда кўпроқ даромад топиш мумкинлигини билдирган.
Миграция агентлигига кўра, мазкур лойиҳани пилот тарзда Андижон вилояти ҳокимлиги ташкил этган. Агар иш берувчи шартномада кўрсатилган маошни тўламаса ёки шартларга риоя қилмаса, ишчилар бошқа ишга ўтказилади ёки Ўзбекистонга қайтишига ёрдам берилади. Агентликнинг таъкидлашича, расмий шартномаларда ойлик 900–1000 доллар, айрим ҳолларда эса 1200 долларгача иш ҳақи белгиланган бўлиб, юзага келган муаммони тезкор ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда.





