Logo

Бозорлар ва савдо-кўнгилочар марказлари учун ёнғиндан мажбурий суғурта жорий қилинмоқда

Бугун 09:001 дақиқа

Талабни бажармаганларга катта жарима бор.

Бозорлар ва савдо-кўнгилочар марказлари учун ёнғиндан мажбурий суғурта жорий қилинмоқда

Ўзбекистонда бозорлар, савдо комплекслари ва савдо-кўнгилочар марказлари эгалари ўз объектларини ёнғиндан мажбурий суғурта қилиши шарт этиб белгиланди. Бу ҳақда 2 ноябрь куни президент томонидан имзоланган ёнғин хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга оид янги қонунда белгиланган.

«Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги ва «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги қонунларга киритилган қўшимчаларга кўра, эндиликда мазкур йирик савдо объектлари мулкдорлари учинчи шахслар (харидорлар, ташриф буюрувчилар ва ижарачилар) ҳаёти ёки соғлиғига ёнғин оқибатида етказилган зарар учун ўз фуқаролик жавобгарлигини, шунингдек, бино ва иншоотларнинг ўзини мажбурий суғурта қилиши керак. Бундан ташқари, бошқа турдаги объектлар ҳам ўз мулкдорларининг ихтиёрига кўра суғурта қилиниши мумкин.

Мазкур мажбурий талабни бажармаганлар учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги 211-1-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, ёнғиндан мажбурий суғурта қилиш мажбуриятини бажармаган мансабдор шахсларга:

• базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 75 бараваригача миқдорда жарима солинади;

• худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, жарима миқдори БҲМнинг 75 бараваридан 100 бараваригача оширилади.

Мажбурий суғурта қилишнинг аниқ шартлари ва тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан уч ой ичида ишлаб чиқилади. Қонундаги мазкур талаблар ва жарималар ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач қонуний кучга киради.

Теглар

Мавзуга оид