Давлат мулки ва ер билан боғлиқ коррупция ҳолатлари фош этилди

Бугун 13:552 дақиқа

Андижон вилоятида давлат мулки, электр энергияси ва ер ажратиш билан боғлиқ бир нечта коррупцион ҳолатларга чек қўйилди.

Давлат мулки ва ер билан боғлиқ коррупция ҳолатлари фош этилди © DXX matbuot xizmati

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда бир нечта мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари фош этилди.

Маълум бўлишича, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг Андижон вилояти ҳудудий бошқармалари томонидан маҳаллий тадбиркор билан Избоскан туманидаги кўчмас мулк объектини асосий тўловларини тўлаш шарти билан сотиб олиш ҳақида тузилган уч томонлама шартнома шартларига тадбиркор риоя қилмагани рўкач қилиниб, шартномани бекор қилиш, устама ва жарима ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга апелляция шикояти киритилган.

Бундан хабардор бўлган Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали суд ажримини тадбиркор фойдасига ҳал этиш ва тузилган шартномани бекор қилмаслик эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилган. У пулни учинчи шахс орқали олган вақтида ушланган.

«Ҳудудий электр тармоқлари»даги ҳолат

Яна бир ҳолатда «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Андижон ҳудудий филиали муҳандиси тадбиркорнинг шоли қуритиш цехида электрдан ноқонуний фойдаланилгани учун 650 млн сўм зарар ҳисобланишини айтган. Муҳандис ушбу миқдорни 40 млн сўмга тушириб бериш эвазига 15 минг доллар талаб қилиб, 10 минг доллар олган вақтида қўлга олинган.

Кадастр бўлимидаги ҳолат

Шунингдек, туман кадастр бўлими бошлиғи фуқарога уй-жой қуриши учун 8 сотих ва деҳқон хўжалиги ташкил қилиши учун 17 сотих ер ажратиб бериш эвазига муқаддам 3 минг АҚШ доллари олган. У ер ажратилгани ҳақида сохта ҳужжат ҳам расмийлаштирган. Кейинчалик хатловда ер ноқонуний ажратилгани маълум бўлиб, фуқарога 82 млн сўм жарима қўлланилган.

Ҳозирда учала ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Давлат мулки ва ер билан боғлиқ коррупция ҳолатлари фош этилди | Vaqt.uz