Logo

Дунё тинчликдан умидвор: АҚШ ва Эрон ўртасидаги «тарихий битим»га халқаро муносабат қандай бўлди?

Бугун 08:007 дақиқа

Покистон воситачилигида имзоланган ушбу келишув нафақат 60 кунлик оташкесимни, балки Ҳўрмуз бўғозини очиш ва ядровий дастур бўйича техник музокараларни бошлашни ҳам кўзда тутади.

Дунё тинчликдан умидвор: АҚШ ва Эрон ўртасидаги «тарихий битим»га халқаро муносабат қандай бўлди? © aurora-israel.co.il

АҚШ президенти Доналд Трамп ва Эрон президенти Масъуд Пизишкиён икки давлат ўртасидаги урушда оташкесимни узайтиришга қаратилган ўзаро англашув меморандумини электрон шаклда имзолади. Тинчлик жараёнида воситачилик қилган Покистон ҳукуматининг маълум қилишича, «Исломобод меморандуми» 17 июн кунидан бошлаб расман кучга кирган.

Америкалик расмийларнинг сўзларига кўра, мазкур келишув Эроннинг ядровий қурол яратмаслик мажбуриятини яна бир бор тасдиқлашини, барча фронтларда ўт очишни тўхтатиш ва Ҳўрмуз бўғозини қайта очиш шартларини ўз ичига олади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур можаро жорий йилнинг 28 феврал куни АҚШ ва Исроил томонидан Эронга берилган зарбалардан сўнг бошланган эди. Бироқ 8 апрелда тузилган вақтинчалик оташкесим келишуви энг шиддатли жангларни тўхтатиб туришга хизмат қилган. Янги битимга асосан, оташкесим муддати яна 60 кунга узайтирилади. Бу эса Эроннинг ядровий дастури, Вашингтоннинг Теҳронга нисбатан жорий қилган санкциялари ҳамда музлатилган активларни қайтариш бўйича кейинги музокаралар учун йўл очади.

Жаҳон ҳамжамиятининг келишувга муносабати:

Эрон

Эроннинг Олий раҳбари Оятуллоҳ Мўжтабо Хоманаи 18 июн куни келишув тафсилотларига тўхталиб ўтирмасдан, гарчи бу битим бўйича «бошқача фикрда» бўлса-да, уни маъқуллаганини билдирди.

«Аслида, мен бу меморандум бўйича бошқача фикрда эдим. Бироқ муҳтарам президентимиз Олий миллий хавфсизлик кенгаши раиси сифатида ўз номидан ва кенгашнинг бошқа аъзолари номидан Эрон халқи ҳамда «Қаршилик кўрсатиш фронти» ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ваъда бергани сабабли бунга рухсат бердим», — деди Хоманаи давлат телевидениеси орқали қилган чиқишида.

Бундан олдинроқ, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Бағоий ҳужжат имзоланганидан сўнг маҳаллий ОАВга баёнот берган эди. Унинг таъкидлашича, Эрон томони АҚШ ўз мажбуриятларини қандай бажараётганини «ҳеч қандай ён босишларсиз» кузатиб боради. Агар Вашингтон келишув шартларидан бўйин товласа, Теҳрон ҳам ўз мажбуриятларини бажаришни тўхтатади. 

Шунингдек, Бағоий 60 кунлик муддат ичида Эроннинг ядровий дастури ва АҚШ санкцияларини бекор қилиш масалалари муҳокама этилишини, аммо Теҳроннинг ракета дастури асло музокаралар мавзуси бўлмаслигини қатъий таъкидлади.

Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг қўшимча қилишича, Теҳрон юқори даражада бойитилган уран захираларини хорижга кўчирмайди. Бундан ташқари, Исроилни Эрон олдидаги мажбуриятларини ҳурмат қилишга мажбурлаш масъулияти тўлиқ АҚШ зиммасига юклатилади. Яна бир муҳим жиҳат: Эрон Ўмон билан ҳамкорликда Ҳўрмуз бўғозини бошқаришнинг янги тартибини ишлаб чиқади ва бундан буён у ерда транзит кемаларига «кўрсатилган хизматлар учун ҳақ ундирилади».

Америка Қўшма Штатлари

17 июн куни Версал саройида АҚШ президенти Доналд Трампнинг оралиқ битимни имзолаш жараёни тасвирланган видеолавҳа тарқалди. Унда Трамп қоғозга имзо чекишдан олдин бироз ўйланиб турганини кўриш мумкин. «Бу осон бўлмади», — деди у йиғилганларга қараб.

18 июн куни эса у АҚШ «барча фронтларда», жумладан, Ливан, «Ҳизбуллоҳ» ва Исроил ўртасида ҳам «тўлиқ оташкесим» бўлишидан умидвор эканини таъкидлади. Трамп ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида шундай ёзди: «Биз Яқин Шарқ минтақасидаги барчани музокараларимиз ижобий якун топиши учун ўз мажбуриятларига содиқ қолишга чақирамиз».

Бироқ ушбу оралиқ битим Трампнинг сафдошлари ҳисобланган республикачиларнинг кескин эътирозига сабаб бўлди. Уларнинг фикрича, бу келишув солиқ тўловчиларнинг миллиардлаб доллар пулини ҳавога совуради ва Теҳроннинг ядровий дастурини чеклашда деярли ҳеч қандай наф бермайди.

Шундай бўлса-да, баъзи республикачилар бу келишувни қўллаб-қувватлади. Хусусан, сенатор Рожер Маршалл Эрон ва АҚШ ўртасидаги ўзаро англашув меморандумини юқори баҳолади. Маршалл «Х» тармоғидаги саҳифасида буни «ютуқли келишув» деб атади ва у собиқ президент Барак Обама даврида тузилган (2018 йилда Трамп АҚШни бу келишувдан бир томонлама чиқариб олган эди) битимдан кўра анча яхшироқ эканини таъкидлади.

Исроил

Бош вазир Бинямин Нетаняху келишувга бевосита бўлмаса-да, ўз муносабатини билдирди. У Исроилнинг АҚШ билан яқин алоқаларини сақлаб қолиши ўта муҳим эканини таъкидлаб, Эрон билан уруш вақтида Вашингтон Исроил билан «елкама-елка» турганини алоҳида қайд этди.

«Кураш ҳали якунланмади, олдинда бизни янги синовлар кутмоқда. Бу синовлар биздан совуққонлик билан мулоҳаза юритишни, Исроилнинг хавфсизлик манфаатларини қатъият билан ҳимоя қилишни ва айни вақтда ушбу курашда биз билан елкама-елка турган америкалик дўстларимиз билан ҳаётий муҳим муносабатларимизни сақлаб қолишни талаб этади. Биз бу ҳамкорликни юксак қадрлаймиз», — деди Нетаняху.

Покистон

Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф 18 июн куни тарихий «Исломобод меморандуми» АҚШ ва Эрон томонидан электрон шаклда имзоланганини эълон қилишдан шараф туйишини таъкидлади.

«Меморандум ҳар икки мамлакатнинг муҳтарам президентлари томонидан имзоланди ва воситачи сифатида мен томонимдан ҳам тасдиқланди. Ушбу келишувнинг давлат раҳбарлари даражасида имзоланиши ҳар икки томоннинг низони дипломатик йўл билан ҳал этишга бўлган интилишини намойиш этади», — деди у ўзининг «Х» тармоғидаги саҳифасида.

Қатар

Қатар Ташқи ишлар вазирлиги мазкур меморандумни «икки томоннинг ўз келишмовчиликларини музокаралар ва тинч йўл билан ҳал қилишга» ҳамда «минтақавий ва халқаро даражада барқарор тинчлик ва иқтисодий ўсиш» истиқболларини кенгайтиришга қаратилган қатъий қарорининг яна бир тасдиғи деб билишини маълум қилди.

Шунингдек, вазирлик Покистон ва бошқа томонларнинг кескинликни юмшатиш борасидаги «ҳамкорлиги ва саъй-ҳаракатларини юксак қадрлашини» таъкидлаб, бу меморандум музокараларнинг кейинги босқичи учун «мустаҳкам пойдевор» бўлиб хизмат қилишини қайд этди.

Швейцария

Швейцария Ташқи ишлар вазирлиги «Ал-Жазира» телеканалига берган баёнотида ушбу ҳужжатнинг имзоланишини «минтақада кескинликни юмшатиш сари ташланган муҳим қадам» деб баҳолади.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, жума куни Бюргенштокда АҚШ ва Эрон, шунингдек, воситачилар – Покистон ва Қатар ҳамда жараёнга жалб этилган бошқа мамлакатлар вакиллари келишувни амалга ошириш бўйича дастлабки музокараларни ўтказиш учун йиғилади.

Халқаро атом энергияси агентлиги (АЭХА)

АЭХА бош директори Рафаэл Гросси оралиқ битимни олқишлаб, БМТнинг ядровий назорат органи Эроннинг ядровий дастури бўйича аниқ режа ишлаб чиқишини маълум қилди.

«Меморандум имзолангани яхшибўлди. Энди техник ишлар бошланади. АЭХА учун АҚШ ва Эрон расмийлари билан музокаралар столига ўтириб, Теҳроннинг ядровий дастурини тартибга солиш бўйича аниқ қадамларни ишлаб чиқишни бошлаш вақти келди», — деди Гросси.

Франция

Франция президенти Эммануэл Макрон Париж яқинидаги Версал саройида Трампнинг мазкур меморандумни имзолаётгани тасвирланган видеони эълон қилди.

«Президент Трамп бугун тунда Версалда Эрон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги келишувни имзолади. Бу битим барқарор тинчликка йўл очади ва Ҳўрмуз бўғозини қайта очиш имконини беради. Бу ватандошларимиз учун тўғри йўналишда ташланган муҳим қадам бўлиб, тез орада энергия ресурслари нархининг пасайишига олиб келади», — деб ёзди у «Х» тармоғидаги саҳифасида.

«Ҳизбуллоҳ»

«Ҳизбуллоҳ» раҳбари Наим Қосим мазкур келишувни «улкан ғалаба» деб атади. Шунингдек, у Ливаннинг Исроил билан музокаралари фақат «ўзаро хавфсизлик» масаласига қаратилиши кераклигини, қуролсизланиш каби «ички масалалар» асло муҳокама қилинмаслиги лозимлигини таъкидлади.

«Биз Эрон халқини, раҳбариятини ва озодликни қўллаб-қувватлайдиган барчани ушбу улкан ғалаба билан табриклаймиз. Ливан фронтини — кўп қурбонлар берган қаршилик ҳаракатини бу жараёнга боғлагани ва Исроилни ўз тажовузини тўхтатишга мажбур қилгани учун Ислом Республикасига миннатдорлик билдирамиз.

Душман Исроил билан музокараларнинг энг юқори чегараси ўзаро хавфсизликдир... Қуролсизланиш шиори остидаги ҳар қандай таклиф ўтмайди, чунки бу Исроилнинг ҳамма нарсани тортиб олиш ва мамлакатни вайрон қилишга қаратилган режасидир», — деди Қосим телеэфир орқали қилган чиқишида.

Хитой

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Пекин АҚШ ва Эрон ўртасида оралиқ битим имзоланганини олқишлашини ҳамда ҳар икки мамлакат бўлажак музокараларга «оқилона ва прагматик» ёндашишига умид қилишини маълум қилди.

Матбуот анжуманида сўзга чиққан вазирликнинг расмий вакили Лин Сзян Пекин томонларнинг мазкур келишув доирасидаги ўз мажбуриятларини тўлиқ бажаришига умид билдиришини таъкидлади.

Россия

Россия президенти Владимир Путин Покистон воситачилигида тузилган АҚШ-Эрон келишувини олқишлади.

Путиннинг сўзларига кўра, Москва ушбу битимни можарога узил-кесил барҳам бериш сари ташланган муҳим қадам сифатида кўради ва у келажакдаги тинчлик шартномалари учун ўзига хос намуна бўлиши мумкин. Россиянинг Қозон шаҳрида бўлиб ўтган «Россия – АСЕАН» саммитида сўзга чиққан Путин Яқин Шарқдаги барқарорлашув жаҳон энергия бозорлари учун ҳам фойдали бўлишини алоҳида таъкидлади.

Шу билан бирга, Россия Ташқи ишлар вазирлиги барча томонлар эришилган келишувларга, хусусан, Ливандаги вазиятга оид шартларга «қатъий риоя қилиши шарт» эканини баён қилди. Вазирликнинг «Телеграм» тармоғида эълон қилинган расмий баёнотида таъкидланишича: «Москва Яқин Шарқда барқарор ва узоқ муддатли тинчликни ўрнатишга хизмат қиладиган дипломатик саъй-ҳаракатларга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр».

Япония

Япония бош вазири Санаэ Такаичи «барча томонлар меморандумни изчил ижро этиши» орқали Ҳўрмуз бўғозида «эркин ва хавфсиз кема қатнови»ни тезроқ тиклаш ўта муҳим эканини таъкидлади.

Ҳукумат раҳбарининг қўшимча қилишича: «Япония Вашингтон ва Теҳрон кейинги музокаралар орқали Эроннинг ядровий дастури ва бошқа ҳал этилмаган масалалар бўйича тез орада якуний келишувга эришишига умид қилмоқда».

Ўзбекистон

Тошкент Вашингтон ва Теҳрон ўртасида имзоланган англашувни минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва кескинликни юмшатиш йўлидаги муҳим дипломатик қадам деб баҳолади.

«Ўзбекистон АҚШ ва Эрон ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланганини ҳозирги мураккаб халқаро шароитда кескинликни юмшатиш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни тиклаш йўлидаги муҳим дипломатик ютуқ сифатида олқишлайди», — дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Шунингдек, вазирлик музокараларга замин яратишда иштирок этган Покистон ва Қатарнинг ҳиссасини юқори баҳолаб, Туркия, Саудия Арабистони, Миср ҳамда бошқа минтақавий ҳамкорларнинг саъй-ҳаракатларини ҳам эътироф этган.

Теглар

Мавзуга оид