add

«Электрон рецепт» тизими босқичма-босқич жорий этилади — ССВ

Бугун 10:072812 дақиқа

Шунингдек, «Электрон рецепт» асосида бериладиган дори воситаларининг рўйхати босқичма-босқич шакллантирилиб, тизимли таъсирга эга антибиотиклар, синтетик антибактериал препаратлар ҳамда гормонал дори воситалари учун электрон рецепт мажбурий бўлишини назарда тутувчи биринчи босқич белгиланади.

«Электрон рецепт» тизими босқичма-босқич жорий этилади — ССВ

«Электрон рецепт» тизимини жорий этишнинг кейинги босқичма-босқич тартибини белгилаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, тизим аввало Тошкент шаҳри ва 15 та тажриба-синов туман ҳамда шаҳарларда жорий этилади. Бу ҳудудларда шифокорлар дори воситаларини халқаро патентланмаган номланиши асосида электрон тарзда расмийлаштириши шарт бўлади.

Қарорга кўра, зарур техник имкониятлар мавжуд бўлган тақдирда, давлат ва хусусий тиббиёт ҳамда фармацевтика ташкилотлари DMED ахборот тизимига бепул уланади. Уларнинг ички ахборот тизимлари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рақамли платформаси билан интеграция қилинади. Бу маълумотлар алмашинувини тезлаштириш ва назоратни кучайтиришга қаратилган.

Электрон рецепт асосида бериладиган дори воситаларининг рўйхати ҳам босқичма-босқич шакллантирилади. Ҳар бир босқичда рўйхатлар ижтимоий хавф даражаси ва соҳадаги эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда Экспертлар кенгаши томонидан тайёрланиб, тасдиқланади. Биринчи босқичда эса тизимли таъсирга эга антибиотиклар, синтетик антибактериал препаратлар ва гормонал дори воситалари учун электрон рецепт мажбурий этиб белгиланди.

Буйруқ билан шифокорларнинг электрон рецепт ёзиш бўйича ваколатлари ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Хусусан, тиббиёт муассасасида мавжуд бўлмаган дори воситасини тайинлаш ҳамда ушбу маълумотларни кейинчалик дорихона фармацевти томонидан электрон тизимга киритиш тартиби аниқлаштирилди.

Шунингдек, дорихоналарда рецептли дори воситаларини электрон рецепт асосида, жумладан беморнинг ЖШШИРи орқали бериш механизми белгиланди. Тизим тўлиқ жорий этилгунга қадар ва фавқулодда ҳолатларда қоғоз рецептлардан истисно тариқасида фойдаланиш имконияти сақлаб қолинади.

Қарор билан аҳоли учун доимий тушунтириш ва қайта алоқа тизими йўлга қўйилиб, 1003 қисқа рақамли колл-марказ орқали беморларга маслаҳат бериш, масофадан электрон рецепт олиш ва патронаж хизматларини ташкил этиш назарда тутилди. Сурункали касалликка чалинган беморлар учун эса 60 ва 90 кунгача бўлган даволаш курсларига мўлжалланган электрон рецептларни узоқ муддатга расмийлаштириш тартиби жорий этилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ электрон рецептсиз бериладиган дорилар рўйхати ҳақида маълумот берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

«Электрон рецепт» тизими босқичма-босқич жорий этилади — ССВ | Vaqt.uz