
Энди ОТМлар талабаларга моддий ёрдам бериши мумкин
Олийгоҳлар ўз талабаларига 1 йилда бир марта меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 6 баробаригача моддий ёрдам кўрсатиши мумкин бўлади.

Адлия вазирлиги «Таълим ташкилотларида тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисида»ги низомга ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказди.
Унга кўра, олий таълим ташкилотларида контракт асосида ўқиш учун тўлов қуйидаги муддатларда амалга оширилади:
тўлов миқдорининг камида 25 фоизи – абитуриентлар учун 15 сентябргача ҳамда юқори босқич талабалари учун 1 октябргача ёки олий таълим ташкилоти ректори томонидан узайтириладиган муддатгача;
тўлов миқдорининг камида 50 фоизи 1 январгача, 75 фоизи 1 мартгача ва 100 фоизи 1 майгача ёки олий таълим ташкилоти ректори томонидан узайтириладиган муддатгача амалга оширилади.
Бунда, Давлат комиссияси юқоридаги тўлов муддатларини узайтириши мумкин.
Ушбу ҳужжатга кўра, контрактдан тушган маблағлар хорижий олий таълим ташкилотларида истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг малакасини ошириш ва уларнинг стажировка ўташларига сарфланиши мумкин.
Шунингдек, олий таълим ташкилотлари ўз талабаларини ижтимоий муҳофаза қилиш доирасида 1 йилда бир талабага меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 6 баробаригача моддий ёрдам кўрсатиши мумкин бўлади.
Аввалроқ ОТМ битирувчиларини ишга олган тадбиркорларга 5 млрд сўмгача имтиёзли кредит берилиши ҳақида хабар бергандик.





