Logo

Энди ёнғин сабабчиси қурбонларнинг оиласига 1 млрд 320 млн сўмгача товон пули тўлайди

Президент имзолаган қонунга кўра, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиб, одамлар ўлими ёки ногиронлигига сабаб бўлган айбдорларга БҲМнинг 3000 бараваригача товон пули тўлаш мажбурияти юклатилади.

Энди ёнғин сабабчиси қурбонларнинг оиласига 1 млрд 320 млн сўмгача товон пули тўлайди

Ўзбекистонда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиб, инсонлар ўлими ёки жароҳатланишига сабаб бўлган шахсларга нисбатан етказилган зарарни қоплашдан ташқари, йирик миқдорда товон пули тўлаш мажбурияти жорий этилди. Бу ҳақда 2 ноябрь куни президент томонидан имзоланган қонунда белгиланди.

«Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунга киритилган янги 51-бобга (351 ва 352-моддалар) мувофиқ, ёнғин оқибатида фуқаролар ва юридик шахсларга етказилган зарар айбдор томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши шарт. Бунда одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарнинг ўрни давлат фойдасига ундириладиган молиявий санкциялар ва бошқа жарималардан олдин (биринчи навбатда) ундирилиши қатъий белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, суд томонидан ёнғин айбдорининг зиммасига моддий зарарни қоплашдан ташқари қўшимча равишда қуйидаги миқдорларда товон пули тўлаш мажбурияти юклатилиши мумкин:

• жабрланувчи вафот этган тақдирда — базавий ҳисоблаш миқдорининг 3000 бараваригача (амалдаги БҲМ бўйича 1 миллиард 320 миллион сўмгача);

• жабрланувчи I гуруҳ ногирони бўлиб қолган тақдирда — БҲМнинг 1500 бараваригача (660 миллион сўмгача);

• жабрланувчининг соғлиғига бошқача тарзда шикаст етказилганда — БҲМнинг 600 бараваригача (264 миллион сўмгача).

Мазкур қатъий чоралар ёнғин хавфсизлигига беэътиборликнинг олдини олиш ва жабрланган фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида жорий этилмоқда. Янги тартиб ва товон тўлаш мажбуриятлари ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач қонуний кучга киради.

Теглар

Мавзуга оид